12:19 23 Сентябр 2017
Эфир
Шерзод Қудратхўжаев

"Тўйлар муборак", ёҳуд Деҳқонқулга айланмайлик! - Қудратхўжаевнинг тўйлар ҳақида ўйлари

Фото из Фейсбука
Жамият
Ҳавола олиш
4307161

Президент миллат лидери сифатида мамлакатнинг йирик муаммоларига диққатини қаратади, албатта. Бундай дабдабали, "тутуруқсиз" тўйлар маънавиятимиз, маданиятимизга салбий таъсирини кўрсатаётгани ҳақиқат. Бу дабдаба ортидаги маданий, ижтимоий, ҳамда иқтисодий муаммоларни кўра олди Президент. Биз-чи, биз нима қиляпмиз!?

ТОШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. Халқаро пресс клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев Фейсбук ижтимоий тармоғида ўзбек тўйлари ҳақида ўз фикрларини билдирди.

"Пресс-клубнинг сайёр анжуманлари орасида баъзи долзарб масалалардаги йиғилиб қолган фикрларимни Сизлар билан улашмоқчи эдим. Гап — тўйларимиз ҳақида! Интернетдаги бахсларни ўқиб, хотиран ХХ асрга фикран қайтдим…

Ёшлигимизда тўйлар маҳаллаларда бўлар эди. Катта кўча гилам билан тўсилар, бир пасда гўё эртакдагидек мўъжаз тўйхона пайдо бўларди. Маҳалла идорасидан қозонлар, самоварлар, темир оёқлар ва тахтали столлар араваларда етказилар эди. Қариндошлар ва маҳалладаги ёшлар бу ҳашарга бажонидил чиқар эди. Чунки оқибат бор эди, қўшничилик бор эди. Куёв жўралари барча хизматни бўлиб олар эдилар. Кимдир "закуска" қилар эди, яна кимдир пахтадан ҳарф ясар эди, қўшиқчилар-у қозон товоқ ҳам жўралардан ортмас эди. Бизнинг Оқлон ва Кўкча маҳаллаларининг ўзига хос "фишкаси" "Уазик"да келадиган сайёр кинотеатр эди. Тўйхонага яқин жойдан оқ девор топилиб "Бобби", "Самраат", "Тўйлар муборак", "Суюнчи" сингари ҳинд ва ўзбек классик кинолар қўйилар эди. Тўйга келган ҳофизлар фақат ўзбек тилида қўшиқ айтар, барча мазза қилиб рақсга тушар эди…

Бугунчи!? Тўйларимиз мусобақалашувга, ким ўзарга ва энг ёмони ўзимизнинг бой маданият қолиб бошқа давлатларнинг аралаш-у қуралаш "ассорти, винегрет, псевдо — яъни соҳта санъатга айланмоқда. Энди тасаввур қилинг, араблар тўй қилганда туркий тилдаги қўшиқларни куйлармиди, ёки форслар-чи, туркманларни-ку айтмаса ҳам бўлади. Улар тўйида бошқа тилдаги қўшиқни куйлаш бу ёқда турсин, фонограммадан фойдаланишмайди. Биз-чи?!

Келинг, яна бир нарсани ўйлаб кўрайлик, бир-икки кунлик ёлғонни антураж қилиб, санъат даражасига олиб чиқамиз-у, оддий кундаги дастурхонимиз билан таққослашни унутамиз. Ёки, қишда бетоб бўлиб қолган фарзанди яхши шифокорга олиб бориш муаммо бўлади-ю, тўйда совуқ кунда қулупнай, узум қўйиш муаммо бўлмайди. Шундай вақти "Отамдан қолган далалар"даги Деҳқонқул кўз олдимда гавдаланади. Эҳ Деҳконқул, Деҳқонқул битта хурмони деб умрида хурмо емаган, уни помидор дея кўзингга мўлтиллаб термулган фарзандингнинг оғиз-бурнини қонатган эдинг-а.
Шундайлигингча давом этяпсан, тўхтамаяпсан…

Менга фейсбукдан бир виртуал дўстим хат ёзган экан. Айтишича, Италияда анчадан буён яшар экан. У мен билан Римдаги бир зодагоннинг тўйида иштирок этганлиги ҳақида хатида ўртоқлашди. Тўй учун хонадонига жой қилинган экан. Базмда 60 киши қатнашибди. Дастурхон шведча экан, яъни, ким ўзига нима керак бўлса, алоҳида ликопчага олар экан. Тўй бошидан оҳиригача бир санъаткор хизмат қилибди. Бизда-чи, бизда қанақа бу ҳол!? Ваҳоланки итальянлар биз ўзбеклардан кўра қизиққон ва иқтисодий жиҳатидан ҳам ривожланган-ку, маданияти ҳам жойида.

Президент миллат лидери сифатида мамлакатнинг йирик муаммоларига диққатини қаратади, албатта. Бундай дабдабали, "тутуруқсиз" тўйлар маънавиятимиз, маданиятимизга салбий таъсирини кўрсатаётгани ҳақиқат. Бу дабдаба ортидаги маданий, ижтимоий, ҳамда иқтисодий муаммоларни кўра олди Президент. Биз-чи, биз нима қиляпмиз!?

Бугун биз тўйхонлик фанини ва индустриясини яратишимиз эмас, балки гўзал маданиятимизни, урф-одатларимизни, минг асрлик анъаналаримизни сақлаб қолишимиз лозим, аслида. Тўй соҳиби ўзи ҳеч кимсиз тўйнинг маданий қисми миллатнинг бой тарихи, маданияти, маънавиятини акс эттирган базмни шакллантириши керак эмасми?!"

Асосий мавзулар