ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ташкил этилган. МИБ ходимлари газ ва электр энергиясидан қарзи борларни назорат қилади. Ҳа, фақат қарздорларни. Қарзини тўлашга имкони йўқларнинг мол-мулки қарздорлик ҳисобидан мусодара этилади.
Ўзбекистон президентнинг 30 майдаги қарорига асосан, Бюро ходимлари хизмат кийими ва фарқловчи белгилари билан таъминланган. Шунингдек, ҳар соҳада бўлганидек, МИБ ходимлари ҳам хизмат гувоҳномаларига эга бўлишлари керак, дейилган "Ўзбекистон 24" нашрида чоп этилган мақолада.
Нашр яқинда рўй берган воқеани ёритган.
"Тошкент вилоятида жойлашган Тошкент денгизини кўпчилик билади. У ерни Президентимиз курорт масканга айлантиришни ҳам таклиф этган. Ана шу денгиз атрофидаги қишлоқда қизиқ бир воқеа содир бўлди.
Елкасига сумка илган, қўлига қанақадир папка ушлаган бир одам кўча бошидаги уй эшиги олдида тўхтаб, аввалига тақиллатди, кейин бақириб чақирди. Ичкаридан "ҳозир" деган овоз, кейин эса ўрта ёшлардаги эркак чиқиб келди. Меҳмон Мажбурий ижро бюроси ходими эканини, газ ва ток бўйича қарздорликни текшириб юрганини айтди. Мезбоннинг юзи тиришди.
— Кеча келган одам ким эди унда?— деди у норози қиёфада.
Тайинли жавоб олмагач, ходимдан ҳужжатини кўрсатишни сўради. Афсуски, меҳмон ишга янги келгани, ҳали гувоҳнома олмаганини важ қилди. Мезбон уйига кириб, бироздан сўнг қоғоз парчалари билан қайтиб чиқди. Квитанцияларни ходимга кўрсатиб, ҳеч нимадан қарзи йўқлигини таъкидлади. МИБ ходими эса уларни яхшилаб кўздан кечирди, папкасидан катта дафтарни олиб, унга бир нималарни ёзди.
Ходим мийиғида кулиб, квитанцияларни эгасига қайтарди ва хайрлашди. Кейинги хонадон эшигини бориб тақиллатди. Бояги эркак билиб айтганмиди ёки йўқ, лекин бу уйнинг эгаси анча жиддий одам чиқди. Ёши олтмишдан ошган, сочига оқ оралаган бир чол эшик олдида турган МИБ ходимига узоқ тикилди, кейин "нима гапинг бор?" дегандек бошини қимирлатди.
— Ассаломалеким, амаки, яхшимисиз? Газ билан токни текширгани келдим, қарздорлик бўйича, — деди ходим ўзини дадил тутишга уриниб.
— Валеким. Сен ўзи кимсан?
— Мажбурий ижро бюросиданман.
— Қани ҳужжатинг? Қани форманг?
— Амаки, ҳали янгиман, ҳужжат билан форма ҳозирча бизга етмади…
— Унда буйруғинг қани?— чўрт кесди чол.
Ходим каловланди. Нима қилсам экан, деб ўйлади. Унинг хаёлларини уй эгасининг овози бўлди.
— Қани, ичкарига кир-чи. Бир танишиб олайлик.
Чол ичкарига юрди, ортидан ходим ҳам эргашди. Дарвозахонадан ўтгач, четдаги супага ўтирган мезбон ходимга тушунтира кетди:
— Сен шу ҳафтани ўзида текширгани келган учинчи одамсан. Қайси бирингга ишонайлик? Сенгаям айтаман, уйимизда ток ва газ йўқ, 4 йил олдин расман уздириб қўйганман. Шундоқ экан, ҳеч қанақа қарздорлик ҳам йўқ. Бўлдими?
— Қанақасига?— ҳайрон бўлди МИБ ходими. — Чироқсиз, газсиз қандай яшаяпсизлар?
— Ие, осмондан тушганмисан, болам? Қишлоқдагилар қандай яшаётган бўлса, шундай. Бор, компьютерингдан кўр, узиб қўйилган. Бўлмаса, ана, томга чиқ.
— Йўқ, амаки, мен дафтаримга ёзиб қўйишим керак. Актларни кўрсатинг, кетаман.
— Нега сенга кўрсатишим керак? На ҳужжатинг бор, на форманг, на буйруғинг. Балки бирор ғараз ниятли кимсадирсан, кечаси чол-кампир ўзимиз ётамиз, уйимизни шип-шийдон қилиш учун "разведка"га киргандирсан.
— Нималар деяпсиз, амаки?..
— Ҳужжатинг бўлмагандан кейин ҳар хил хаёлга бораман, тўғрими? Майли, сенга актларни кўрсатаман, лекин ҳамма "данний"ларингни ёзволаман. Ўзимам органда ишлаганман, ҳозир ҳужжатимни обчиқаман.
— Шошма, қаёққа кетасан? Энди мен сени текшираман.
Мезбон МИБ ходимининг исм-фамилияси, лавозими, манзили ҳақидаги барча маълумотларни ён дафтарчасига ёзди. Кейин унга хотиржам қараб:
— Сенга пул тўламай қочиб юрганлар керакми? Ана, Тошкент денгизига бор, ҳаммаси тапчан қурвоган, кими тўлайди, ким йўқ. Шунақа одамларни ушламоқчимисан, марҳамат, нечталаб дачалар бор, текшир шуларни. Токсиз, газсиз ўтирган оддий халққа келиб, қарзингизни тўланг, демасдан. Лекин мен сен билан алоҳида шуғулланаман, бошлиғингни танийман, агар ўзинг ҳам билсанг.
МИБ ходими чолдан аранг қутулиб қолди. Кейин қаерга борди, кимникига кирди ёки уйига қайтиб кетдими, буниси бизга қоронғу. Қиссамиздан ҳисса шуки, Президентимиз айтганидек, прокурорлар ҳалол ишлаши керак, шунингдек, ҳукумат номидан келган оддий ходимлар ҳам.
Қолаверса, эшигимизни тақиллатиб келган ҳар бир ходимнинг ҳужжатини сўрашни унутмайлик. Ҳужжатсиз ва махсус кийимсиз бирор ходимга ҳисоб бермаслигингиз ёки уни уйга киритмаслигингиз мумкин. Бу сизнинг, бизнинг ҳуқуқимиз".