18:09 25 Сентябр 2017
Эфир
Мавзолей Ислама Каримова в Самарканде

Ислом Каримов мақбараси ҳақида Лола Каримованинг батафсил ҳикояси

© Страница Лолы Каримовой-Тилляевой в Facebook
Жамият
Ҳавола олиш
454 0 0

Лола Каримова-Тиллаева Facebookда Ислом Каримов мақбараси қурилиши ҳақида батафсил сўзлаб берди.

ТОШКЕНТ, 4 сен – Sputnik. Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов ўз васиятига биноан Самарқандда, қадимий Ҳазрат Ҳизр масжиди ёнига дафн этилган. Ислом Каримов мақбараси қурилишида бевосита иштирок этган Лола Каримова-Тиллаева мақбара қурилиши ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди.

“Отам қабрлари устига бунёд этилган мақбаранинг барпо этилиши ҳақида сўзлаб бермоқчиман.Қадимий Ҳазрат Хизр масжиди ЮНЕСКО ҳимоясида бўлганлиги учун, менинг олдимда, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили сифатида, мақбара барча меъёрларга жавоб берган ҳолда қурилиши зарурлиги вазифаси турар эди.

Мавзолей Ислама Каримова в Самарканде
Ислом Каримов мақбараси ташшқи кўриниши
ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қараргоҳига тақдим этиш учун мақбаранинг лойиҳаси устида бир-неча ой давомида Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бош бошқармаси билан биргаликда иш олиб бордик. Лойиҳа тасдиқлангандан сўнг, Самарқандда хотира обидасининг қурилиши ишлари бошлаб юборилди.

Мақбарани лойиҳалаш ва қуриш жараёнида янги обида меъморий ечими Ҳазрати Хизр масжидига уйғун бўлишига, шу билан бирга, ЮНЕСКО бутунжаҳон мерос объекти тарихий кўринишини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мавзолей Ислама Каримова в Самарканде
Ислом Каримов мақбараси ташшқи кўриниши
Шарқ меъморчилик анъаналари асосида лойиҳаланиб бунёд этилган мақбарада ҳам ўрта асрлар, ҳам замонавий архитектура усуллари мужассам. Обида тузилишига кўра XIV-XVIII асрларнинг бир бўлмали дахмаларини ёдга солади. Бундай мақбараларни Ўрта Осиёнинг кўплаб шаҳарларида учратиш мумкин.

Баландлиги 7,55 метр бўлган иншоотнинг гумбази Ҳазрати Хизр масжиди каби қиррадор сирли кошинлар билан қопланган. Мақбара пештоқини безашда эса ранго-ранг бўртма кошиндан фойдаланилган. Иншоотнинг қуйи қисми тўқ яшил мармар, юқориси эса ўйма сополдан ишланган ироқи услубидаги белбоғ билан зийнатланган.

Мақбарага жануби-шарқий томондан кирилади. Обида эшиги устига Қуръони карим ояти араб тилида, сулс хатида нафис нақшу нигор уйғунлигида битилган. Оятнинг таржимаси бундай: “(Уларга) раҳмли Парвардигорлари томонидан салом (айтилур) (“Ёсин” cураси, 58-оят).

Мавзолей Ислама Каримова в Самарканде
Ислом Каримов мақбараси ички кўриниши
Пештоққа эса “Нисо” сурасининг 113-114 оятлари кўрк бағишлаб турибди: “Агар сизга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида эди, уларнинг бир тоифаси Сизни адаштиришга азму қарор қилган эдилар. Улар ўзларинигина адаштирадилар. Сизга эса бирор зарар етказмайдилар. Аллоҳ Сизга Китоб ва Ҳикматни нозил қилди ва билмаганингизни билдирди. Аллоҳнинг Сизга (нисбатан) фазли буюкдир.» «Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрилган бўлсалар, бу – яхшидир. Кимда ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз”.

Мақбаранинг орқа девори аркасига “Шуаро” сурасининг 109-ояти битилган.

Икки табақали эшикка Самарқанд ёғоч ўймакор усталари усулида Қусам ибн Аббос мақбарасидаги каби уч сатҳли нақш солинган. Пештоқлар марказидаги аркаларни ҳандасавий нақшли мармар панжаралар безаб турибди. Ички томондан эса уч қаватли шаффоф ойна ўрнатилган. Бу эса мақбара ичига ёруғликнинг бир маромда тушишини таъминлайди.

Мавзолей Ислама Каримова в Самарканде
Ислом Каримов мақбараси ички кўриниши

Мақбаранинг ички қисми анъанавий усулда безатилган. Иншоотнинг тўртала томонидаги ярим метрли ўйиқ меъморий шакллар унга айрича кўркамлик бахш этган. Пештоқ аркалари орасидаги мўъжаз қуббаларга кундал услубидаги нақшу нигор ва зар билан жило берилган. Гумбаз ости айланасига кўрк бағишлаган ироқи услубидаги белбоғ XIV-XVIII аср Самарқанд ва Бухоро меъморчилигида кенг қўлланганини айтиш жоиз.

Иншоот ички қисмини безашда Ҳиндистон, Хитой ва бошқа мамлакатлардан келтирилган турфа рангдаги тошлар қадалган оқ мармар истифода этилган. Ёруғлик туйнуклари теграси “гулдаста” деб аталган устунчалар билан ўралган. Деворнинг пастки қисмига оч яшил рангли ақиқ ва гириҳ услубидаги мураккаб қирқма ҳандасавий нақшлар зийнат бериб турибди.

Марказий аркага сулс ва куфий хатида Қуръони каримнинг “Нажм”, “Анъом”, “Шўро”, “Фотир” сураларидан оятлар битилган бўлиб, улар зар билан қопланган. Арка туйнукларини безашда эса ислимий услубидаги қирқма нақшлар ва турфа рангдаги қимматли табиий тошлардан фойдаланилган.

Гумбазнинг ички қисми кундал услубидаги нақшу нигор ва зар билан зийнатланган. Обиданинг ички ва ташқи безагига оид ҳар бир бадиий элемент Ўрта Осиё ва Самарқанд анъанавий мактаб ва услубларига таянилган ҳолда махсус ишланган.

мавзолей Ислама Каримова
Ҳазрат Ҳизр масжиди айвони

Мақбара ўртасидаги қабр тоши ақиқдан бўлиб, унинг теграсида Қуръон оятлари ва Амир Темур ҳамда Темурийлар даврига оид ёзувлар битилган.

Меъморий мажмуани бунёд этишда кўрсатилган ёрдам учун Биринчи Президент беваси – ойим Татьяна Акбаровна Каримовага, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бош бошқармасига, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси марказига ҳамда Ёдгорликлар ва тарихий масканларни муҳофаза қилиш бўйича халқаро кенгашга (ИКОМОС) ўз миннатдорлигимни изҳор этаман.

Отамнинг мақбараларини барпо этишда иштирок этган барча инсонларга, меъмор ва қурувчиларга самимий ташаккуримни билдираман”, — дейилган Лола  Каримова-Тиллаева хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанддаги Ислом Каримов хотира мажмуаси 2017 йилнинг 2 сентябрь куни очилган эди. Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистонга 25 йилдан ортиқ раҳбарлик  қилган.

Жители Самарканда рядом с Мечетью Хазрати Хизр где похоронен первый президент Узбекистана Ислам Каримов
Sputnik
Ҳазрат Ҳизр масжиди ҳовлисидан қадимий Самарқанд кўриниши

Асосий мавзулар

  • Қонун ва одил судлов рамзлари

    Бугунги кунда судьяни тайинлашда у фаолият олиб борган ҳудудда яшаётган аҳолининг, хусусан, судга иши тушган одамлар, кенг жамоатчиликнинг фикри ҳисобга олинмоқда

    360
  • Пахта теримчиси

    Ҳужжатга мувофиқ, биринчи босқичда қўлда терилган хом-пахтанинг бир килограмми учун меҳнат ҳақи 450 сўм, иккинчи босқичда, яъни 2017 йилнинг 1 октябридан бошлаб бу сумма 500 сўм этиб белгиланди

    638
  • Президент Украины П. Порошенко посетил Ровенскую АЭС

    Ҳиндистонга уран мамлакатдаги атом электр станциялари тўхтовсиз ишлаши учун керак. Бугунги кунда Ҳиндистонда 22та АЭС бор.

    364