20:32 20 Ноябр 2017
Эфир
ШШкольники на уроке информатики с планшетным компьютером в руках

Янги қонун "18+": барча ахборот маҳсулотлари болалар ёшига оид таснифланади

© Sputnik/ Игорь Зарембо
Жамият
Ҳавола олиш
51910

Ўзбекистонда ОАВ, кино, театр ва адабиётлар учун у билан танишиш мумкин бўлган болалар ёши тоифаларига қараб, "0+", "7+", "12+", "16+"ва "18+" белгилари билан белгиланади.

ТОШКЕНТ, 10 сен — Sputnik.  Кеча 9 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида" қонунни имзолади.

Ушбу қонунга кўра, Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари, кино ва театр, адабиётлар, интернет ва умуман барча ахборот манбааларида берилаётган маълумотлар экспертизадан ўтказилиб, у билан танишиши мумкин бўлган болалар ёши нуқтаи назаридан таснифланиши керак бўлади.

Фақат илмий, илмий-техникавий, статистик ахборотни ўз ичига олган ёки жамият учун тарихий, бадиий ёхуд ўзгача маданий кимматга эга бўлган ахборот ушбу қонуннинг таъсири остига тушмайди.

Янги қонуннинг асосий мақсади — болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш ва ушбу соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифлаш:

Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини амалга оширишда унинг мавзуси, жанри, мазмуни ва бадиий безаги, муайян ёш тоифасидаги болалар томонидан ундаги ахборотнинг идрок этилиш хусусиятлари ҳамда ундаги ахборотнинг болалар соғлиғига зарар етказиш эҳтимоли баҳоланади.

Ахборот қуйидаги тоифаларга мувофиқ таснифланиши мумкин:  "0+", "7+", "12+", "16+"ва "18+".

Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини белгилаш ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ва (ёки) тарқатувчилар томонидан, шу жумладан экспертларни жалб этган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш бошлангунига қадар амалга оширилади.

Болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни таснифлаш

Болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот жумласига болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборот маҳсулоти, шунингдек муайян ёш тоифаларидаги болалар ўртасида тарқатилиши чекланган ахборот маҳсулоти киради.

Болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборот маҳсулоти жумласига (18+):

болаларни уларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига хавф соладиган хатти- ҳаракатларни содир этишга, шу жумладан ўз соғлиғига зарар етказишга, ўз жонига қасд қилишга ва шундай ҳаракатларни тарғиб қилишга ундайдиган;

болаларда алкоголли ва тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилиш, қимор ўйинларида, оммавий тартибсизликларда иштирок этиш, фоҳишалик, дарбадарлик, тиланчилик ёки ғайриижтимоий хатти-ҳаракатнинг бошқа шакллари билан шуғулланиш истагини пайдо қиладиган;

одамларга ёки ҳайвонларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизлик қилиш мумкинлигини асослайдиган ёки оқлайдиган ёхуд зўравонлик хатти- ҳаракатларини амалга оширишга ундайдиган;

оилавий қадриятларни инкор этадиган, ахлоқсизликни тарғиб киладиган, шунингдек ота-онасига ва оиланинг бошқа аъзоларига нисбатан ҳурматсиз муносабатни шакллантирадиган;

ғайриқонуний хулқ-атворни оқлайдиган ва ҳуқуқбузарлик содир этишга олиб келадиган;

жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этишга чақирадиган;

уятли сўзларни ўз ичига олган;

порнография хусусиятига эга бўлган ахборотни ўз ичига олган;

Муайян ёшдаги болалар ўртасида тарқатилиши чекланган ахборотлар:

шафқатсизлик, жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонлик, жиноят ёки жамиятга қарши бошқа хатти-ҳаракатлар тасвири ёки баёни тарзида тақдим этиладиган;

болаларда қўрқув, ваҳима ёки саросима уйғотадиган, шу жумладан куч ишлатилмаган ўлимни, касалликни, ўз жонига қасд қилишни, бахтсиз ҳодисани, аварияни ёки фалокатни ва (ёки) уларнинг оқибатларини инсон қадр-қимматини камситадиган шаклда тасвирлаш ёки баён этиш тарзида такдим этиладиган;

эркак ва аёл ўртасидаги жинсий муносабатларни тасвирлаш ёки баён этиш тарзида такдим этиладиган;

уятли сўзлар жумласига кирмайдиган ҳақоратли сўзларни ўз ичига олган ахборот маҳсулоти киради.

Алоҳида тоифада

Ғайриқонуний ҳаракатлар натижасида жабрланган болалар тўғрисидаги, шу жумладан бундай боланинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг ота- онаси ва бошқа қонуний вакилларининг фото- ва видеотасвирлари, бундай боланинг туғилган санаси, унинг овози ёзилган аудиотасма, яшаш жойи ёки вақтинча турган жойи, ўқиш ёки иш жойи тўғрисидаги, бундай боланинг шахсини бевосита ёхуд билвосита аниқлашга имкон берадиган бошқа ахборотни ўз ичига олган ахборот маҳсулоти киради.

Қонун ижросини ким таъминлайди?

Қонуннинг ижросини таъминловчи бош орган  — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси.

Болаларни ҳимоя қилишни амалга оширувчи органлар:

Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар идоралараро комиссиялари;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;

таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари;

давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари.

Янги қонун 6 ойдан сўнг кучга киради.

Асосий мавзулар