07:56 12 Декабр 2017
Эфир
Депутаты Гдлян и Иванов

"Тангалар мингта эди, Абдужаббор!" ёхуд Гдлян ва Иванов ҳақида яна бир ҳикоя

© Sputnik/ Владимир Федоренко
Жамият
Ҳавола олиш
7766197

Коррупция ўзи жуда мураккаб ҳодиса. У дунёниг барча мамлакатларида бор. Фақат ҳуқуқни сақлаш органлари кучи билан коррупцияни йўқ қилиб бўлмайди.

ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Бугун Аҳмаджон Одилов вафот этибди деб эшитдим. У киши ҳақида яхши-ёмон нарсаларни кўп эшитганмиз. Қуйида узоқ 1983-84 йилларда Ўзбекистонда бўлиб ўтган, реал воқеаларга асосланган, ҳикояни эътиборингизга ҳавола этамиз. Абдужаббор Абдужалилов ҳикояси

Абдужаббор Абдужалилов — Тожикистон ССР Прокуратураси Алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси, Гдлян ва Ивановлар тергов гуруҳи аъзоси.

“Наполеон касалига” чалинган Гдлян ва “иштони йўқ” Иванов ҳақида 

Кеча бешинчи каналдан Думанинг собиқ депутати Николай Ивановни кўрсатишди. У ерда Иванов коррупция муаммолари ҳақида ўзининг узундан-узоқ ва ноаниқ мулоҳазалари билан бўлишди. Ўзига бино қўйган Иванов шунчалик оғиз кўпиртириб гапирдики, нафратим қўзиб кетганидан ўзимни ёмон ҳис қила бошладим…

Аслида, мен ўтмишни кавлаштириш тарафдори эмасман, лекин Гдлян ва Ивановлар менинг ўтмишимнинг бир қисми. Бир вақтлар улар билан бирга ишлашга мажбур бўлганман. Бир кун келиб одамлар “Ҳа, Абдужаббор сен ҳам ўшалар билан ҳамтовоқ эдинг”, демасликлари учун учун ушбу ҳикояни ёзишга қарор қилдим.

1983 йил, Тожикистон Республикаси прокуратурасида Алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчи вазифасида ишлар эдим. Туркманистон ва бошқа республикалар раҳбариятига оид бир неча жиноий ишларни текширишда тажрибам бўлгани туфайли, СССР Прокуратураси мени ҳам “Пахта иши” ёки “Ўзбеклар иши” деб номланган жиноий ишни текширувчи гуруҳга қўшиб юборди.

Тельман Хоренович Гдлянни ўша вақтларда ҳеч ким танимасди. Иттифоқ миқёсида Гдлян 1981 йилда фақат бир муҳим жиноий ишни очган эди. (У Эстониялик машҳур инженер олим Иоханес Хинтни коррупцияда айблаб қамаган. Хинт қамоқда ўлган. Бир неча йил ўтиб эса иш қайта кўриб чиқилиб у оқланган эди. Таҳр.)

Конфискация ценностей
© Sputnik/ Фред Гринберг
Иванов тинтув ўтказмоқда
“Ўзбеклар иши”ни Гдлян ўз юртдоши бўлган, СССР Бош прокуратураси Тергов бўлими бошлиғи Герман Каракозов раҳнамолиги туфайли олган. Каракозов маълум вақтга қадар Гдлянга ёрдам бериб юрган.

Николай Вениаминович Иванов эса 1983 йилга қадар ҳеч нимаси билан танилмаган. У фақат Гдлян билан олим Хинтнинг иши бўйича ишлаган холос.

Ўша вақтларда, кўп киши, раҳбарият аралашган жиноий ишларни текшириш учун фақат энг яхши терговчилар танлаб олинар эди. Улар барча республикалардан саралаб олинар эди. Прокуратураларда ишлаётган Алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчилар жиноятнинг аниқ тафсилотларини ёзиб чиқишар, лекин айбловчи ҳукмни Тергов гуруҳи раҳбари имзолар эди. Асосий ишни бажаргани учун уларни терговнинг “ишчи отлари” дейишарди.

1983 йилнинг декабр ойида мени Гдляннинг ёнига юборишди. Мен Тошкентга кечқурун етиб келдим, ва Гдлянни Ўзбекистон КГБ биноси ичидан топдим. Тергов гуруҳи ўша ерда жойлашиб олган эди. Ўша вақтда гуруҳ 12 кишидан иборат эди. Ўша кун кечқурун мен Гдлян ва унинг “жанговор ўринбосари” Иванов билан учрашдим.

Иванов сейфдан бир бутилка ароқ чиқарди. Уччаламиз уни ичиб тугатдик ва яхшилаб танишиб олдик. Тельман Хоренович Гдлян (лақаби “Хренович”)  менга вазифаларимни тушунтирди. Мен Николай Иванов (лақаби “Соқол”, “Супурги”, “Югургдак”) гуруҳда ҳеч қандай иш бажармаслигини тушундим.

Вещественные доказательства - деньги и ценности
© Sputnik/ В. Бондаренко
Гдлян бошчилигидаги терговчилар гуруҳи жиноятчилардан олган бойликларни намойиш қилмоқда
Кейинги кундан бошлаб ўзимга ажратилган сегментда ишлай бошладим. Менинг гуруҳимда беш нафар терговчи бор эди. Бошида ушбу иш тафсилотларини яхши тушунмаган эдим, лекин текширув давомида биз икки нафар айбдорни топдик.  

Мен “Ўзбеклар иши”нинг барча тафсилотларини санаб ўтмоқчи эмасман, лекин бир нарсани айтаман. Мен келишим билан Грузия прокуратураси Алоҳида муҳим ишлар бўйиича терговчиси Мошиашвили гуруҳдан чиқишга ариза берди. Биз у билан олдин Ленинградда малака оширишда бирга бўлган эдик. Аэропортда кузатаётиб иккимиз қолган вақтда, у менга секингина, “Абдужалилов, бу иш бизга тўғри келмайди. Хреновичдан кетишга ҳаракат қил. Бу иш яхшиликка олиб келмайди”, — деди.

Кейинроқ, ишнинг барча тафислотлари билан танишганимдан кейин, мен бунинг сабабини билдим: жиноий ишнинг асоси йўқ эди. Мустаҳкам ва ишончли асоси йўқ эди. Жиноий ишга алоқадор ҳар қандай киши билан суҳбат қилиш – ҳамтовоқлик, бирга овқатланиш – жиноят, деб ҳисобланарди. Гуноҳсизлик презумпцияси – мутлақ эсдан чиқарилган эди. Гдляннинг “Буларнинг ҳаммасининг “орқаси кир”, исталганини олиб қамасанг – адашмайсан”, деган гапи тез орада машҳур бўлиб кетди.

Ҳар қандай жиноий иш маълум қоидага мувофиқ текширилади. Бу ерда эса ҳеч қандай қоида йўқ эди. Ўзбекистон прокурори Бўриходжаев ҳали айбланувчининг исми кўрсатилмаган қарорга ҳам имзо чекаверарди. Гдляннинг юртдоши, гуруҳ аъзоси Альберт Карташян ҳибсга олинганлардан исталган кўрсатмаларни олиш маҳорати билан ном чиқарган эди. Жиноий ишда холис гувоҳлар сифатида КГБ томонидан ёлланган шахслар иштирок этарди. Мен гуруҳда ишлаган ярим йил давомида ҳибсга олинганлардан уч нафари ўз жонига қасд қилди, лекин буни ҳеч ким сезмади. Жиноий иш юзасидан мусодара қилинган пуллар, олтин тангалар, қимматбаҳо буюмлар ўз вақтида банкка топширилмас эди – бунинг ўзи ўта қўпол маъмурий қонунбузарлик эди. Бунинг ўрнига барча қимматбаҳо буюмлар терговчилар сейфларида сақланар эди.

Бир сафар Гдлян пул ва олтинларни Москвага олиб бориб СССР Прокуратураси фойесида “кўргазма” уюштирди. Ҳатто ўшанда ҳам, ҳеч ким нега бу пуллар банкка топширилиши ўрнига бу ерда, деган савол бермади. Ҳаммани “Ўзбеклар ишида” қандайдир енгил, осон муваффақият қозониш туйғуси чулғаб олган эди…

Деньги и ценности
© Sputnik/ В. Бондарев
Гдлян ва Иванов СССР прокуратурасида уюштирган кўргазма
Яна бир намунали мисол. Бир жиноий иш юзасидан текширув вақти подшоҳ давридан қолган 812та олтин танга топилади. Қидирув ва мусодара жраёнида фақат Гдлян ва Иванов иштирок этган. Ушбу иш юзасидан айбланаётган киши билан суҳбатлашганимда у менга, шундай деди:

“Абдужаббор, мен биламан, сен уларга ўхшамайсан. Тангалар сони МИНГТА эди. Ҳар бир банка ичида 500 тадан. Менга аллақанча танга яширишнинг нима кераги бор. Мен роппа-роса мингта танга яширганман! Улар камроқ ёзишди. Менга энди фарқи йўқ, лекин сен шуни билки — улар ўзлари учун ишлаяпти. Жуда очкўзлик билан ишлаяпти”.

Ценности, изъятые у преступников
© Sputnik/ Фред Гринберг
Гдлян "кўргазмада" интервью бермоқда
Шундан сўнг, мен СССР бош прокуратурасига ўзимни гуруҳдан чиқариш ҳақида сўровнома ёздим. Гдлян барча чоралар билан мени олиб қолишга уринди.

Бир неча марта ёзган рапортларим жавобсиз қолди. Бухорода мен юрак хуружи билан ётиб қолдим. Сўнг мени Душанбега кардиомарказга юборишди. Тузалганимдан кейин яна Тошкентга жўнатишди. Тошкентга келган кунимданоқ яна кардиомарказга тушиб қолдим. У ерда мени кўрган кекса ёшли профессор “Йигитча, сизнинг юрагингиз аъло даражада ишлаяпти. Сизнинг касалингиз бошингиздан бошланмоқда. Иш ҳар доим кўп, лекин ҳаёт битта”, — деди.

Мисли кўрилмаган ҳаракатлар билан мен Гдлян гуруҳидан чиқишга муваффақ бўлдим. Бир неча йил ўтиб Карташянни қамоққа олишганини ва Гдлян ва Ивановлар усидан жиноий иш қўзғатилганини эшитдим.

1989 йилда КГБ вакили мендан нима сабабдан Гдлян ва Ивановларнинг Тошкентда қилган ишларини била туриб улар ҳақида хабар бермаганимни сўради, лекин унинг саволи жавобсиз қолди.

Бўйи бор-йўғи 157 см бўлган Тельман Гдлян «Наполен касаллигига» чалинган эди. Бошқа терговчилардан фарқли равишда у “Ўзбеклар иши” уни ҳам машҳур ҳам бой қилишига ишонар эди. Шу сабадан у ҳатто Арманистон бош прокурори бўлиш таклифини ҳам қабул қилмаган! Аниқроғи рози бўлган, фақат “Ўзбеклар иши”ни давом эттириш шарти билан! Гдлян ушбу ишга канадек ёпишиб олган эди.

Кейинчалик Гдлян ва Ивановларнинг айби исботланиб уларни судга тортмоқчи бўлишганда, икковлон дарҳол Арманистон республикасидан депутатлик мандати олволишган. Ўша вақтлар депутатлар дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлгани туфайли улар суддан қутилиб қолган. Улар ўзлари орттирган бойлик ва ҳуқуқий имтиёзларидан узоқ вақт, балким ҳалигача фойдаланиб келишмоқда десам адашмайман.

Народные депутаты СССР
© Sputnik/ Владимир Родионов
Халқ депутатлари Гдлян, Иванов ва Борис Ельцин
Шунинг учун ҳам “югурдак” Ивановнинг коррупция ҳақидаги нутқини эшитганимда ҳалиги мингта танга воқеаси эсимга тушди. Айбланувчининг “Тангалар роппа-роса МИНГТА эди, Абдужаббор”, деган сўзлари қулоғим остида яна бир бор жаранглагандек бўлди.

Коррупция ўзи жуда мураккаб ҳодиса. У дунёниг барча мамлакатларида бор. Фақат ҳуқуқни сақлаш органлари кучи билан коррупцияни йўқ қилиб бўлмайди.

Шунинг учун ҳам “иштони йўқ” Иванов  телевизорга чиқиб олиб “тиззаси йиртиқ” коррупционерларни танқид қилмаса ҳам бўларди. Бундай иккиюзламачиликдан кўнглим озди…

Асосий мавзулар