12:42 13 Декабр 2017
Эфир
Заседание по делу об избиении Жасурбека Ибрагимова

Жасур Иброҳимовнинг курсдошлари судда гувоҳлик беришди

© Sputnik/
Жамият
Ҳавола олиш
Тошкентда коллеж талабасининг уриб ўлдирилиши (30)
518128

Курсдошларининг сўзларига кўра, марҳум Жасур Иброҳимов ва айни вақтда унинг ўлимида айбланаётган Исломбек Тўлаганов ўша машъум уруш якунида бир-бирига "беш ташлаш" билан уй-уйларига тарқалишган

ТОШКЕНТ, 2 окт — Sputnik. Миробод туман жиноий ишлар судида аёвсиз калтакланиб, олинган жароҳатлар туфайли оламдан ўтган Жасур Иброҳимов иши бўйича учинчи суд эшиттируви бўлиб ўтди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Деярли уч соатча давом этган суд жараёнида таклиф этилган уч гувоҳдан икки нафарининг кўрсатмалари эшитилди. Гувоҳлар судда муштлашув содир этилган кундаги воқеалар кетма-кетлигини тиклашга уринишди…

Судда гувоҳ сифатида иштирок этган марҳум Иброҳимовнинг курсдошлари — Тимур Б. ва Бегзод С. бир-бирига зид кўрсатма беришди: Жасурнинг коллеждаги дўсти ва курсдоши Тимур ўз кўрсатмалари давомида "разбор" учун кўчага чиқиш таклифи Ислом Тўлагановдан чиққанини айтган бўлса, Жасурнинг яна бир ўртоғи, партадоши — Бегзод Собиров — йигитларни ташқарига чақирган аслида Жасур эканлигини қатъий таъкидлади.

Ўсмирларнинг фикри битта жойда мос тушди — иккиси ҳам ҳамма (яъни Жасурнинг группадоши — Ўлмас, 3 курс талабалари — Ҳурмат ва Тимур, шунингдек курсдошлари Тимур ва Бегзодлар — таҳр.) бу можаро тинч йўл билан ҳал этилишини хоҳлашганини айтишди.

Тимурнинг айтишича, у Жасурни муштлашувдан қайтаришга ҳарчанд уринмасин, марҳум бу таклифни қабул қилмаган. "Жасур Ислом унинг бошидаги жароҳати ҳақида айтган сўзлари учун жавоб беришини хоҳларди", — деди у.

"Уруш рўй берган куни, 2 пара вақтида, ўқитувчимизнинг илтимосига кўра ахлат ташлаб келишга кўчага чиқдим. Бегзод ва Жасур эса ҳожатга рухсат олишди. Кетаётиб йўлда Ислом (Тўлаганов, таҳр.)ни учратдим. Иккимиз гаплашиб қолдик. Орқамдан чиққан Жасур Исломни кўриб: "Юр, гаплашиб олайлик" деб уни четга чақирди. Улар ахлатхона томон ўтишди. Суҳбат ўртасида Жасур Исломнинг юзига мушт туширди", — деб ҳикоя қилди судда Тимур.

Биринчи гувоҳ — Тимурнинг айтишича, шундан сўнг йигитлар "гаплашиб олиш учун" кўчага чиқишга қарор қилишган.

Ислом "бу ерда камералар бор, кўчага чиқайлик деди", ўз ҳикоясида давом этди у ва бу таклифга Жасур рози бўлганини қўшимча қилди.

Тимурнинг айтишича, Ислом шу вақт барсеткасини ташлаб келиш баҳонасида ичкарига йўл олган, Бегзод унга эргашган. "Мен эса Жасур билан бордим. Шу ерда 3-курс Тимур ва Ҳурматларни кўриб қолдим", — деди у.

Барсеткасини дарсхонасига ташлаб чиққан Исломнинг ёнида Бегзоддан ташқари 2 курсда таҳсил оладиган Ўлмас ҳам бўлган.

Тимурнинг айтишича, йигитлар айро-айро бўлиб коллеж биносидан чиққач, 145 мактаб қаршисига келишган. Гувоҳнинг айтишича, Ислом ва Жасурни қолган ўсмирларнинг ҳаммаси йўл-йўлакай можародан қайтаришга уринган, аммо бу уринишлар зое кетган.

Мактаб қаршисига етиб келган Жасур ва Ислом уст кийимларини ечиб, стойкага туришган. Кейин эса уришиб кетишган.

"Уруш бошида улар аввал бир-бирларининг юзига солишди, кейин эса курашишга киришдилар. Мана шу вақтда Жасур ва Ислом мувозанатни сақлай олмай йиқилди", — деди Тимур.

Жасур ва Ислом йиқилган маҳал, Исломнинг дўсти Ўлмас улар томон бормоқчи бўлган.

Тимурнинг айтишича, шу пайт у Ўлмасни қучоқлаб олиб, уларнинг ёнига боришга йўл қўймаган.

Бегзод эса қулочини кенг ёйиб Ўлмаснинг йўлини тўсиб турган.

Судьянинг "урушни ким бўлиб биринчи бошлади ва йигитлар қандай алфозда йиқилди" деган саволларига Тимур аниқлик кирита олмади.

Шуни таъкидлаш лозимки, суд жараёни давомида Тимур ўз кўрсатмаларида чалкашликларга йўл қўйди.

Аввалига "кўчага чиқиш таклифи Исломдан чиққан эди" деб айтган бўлса, суд давомида адвокатнинг саволларига жавоб бера туриб, ҳаммани кўчага чақирган Жасур эди деган гапни айтди.

Адвокатнинг "Нега сиз йигитлар кетидан эргашдингиз" деган саволига Тимур "дўстим Жасурни ёлғиз қолдиргим келмади" дея жавоб берди.

Тимурнинг сўзларига кўра, болалар Жасур ва Исломни ажратишган. Лекин Жасур яна Исломга ёпишиб кетган.

"Мен ортга ўгирилганимда Жасур девор остида ётарди. Ислом унинг устида қўлини мушт қилиб турарди. Мен Исломни итариб юбордим, Ҳурмат Жасурни турғазди. Унинг шимини қоқиб, тозаладик. Жасурнинг бурни қонаган эди. Ислом Жасурга рўмолчасини берди. Можаро якунида Жасур Ислом билан бошқа урушишни хоҳламаслигини айтди. Улар бир-бири билан "беш ташлашиб" хайрлашдилар", — деди гувоҳ ҳикояси давомида.

Тимурнинг айтишича Жасур можародан кейин ўзини яхши ҳис қилган.

Йигитлар тарқалишга қарор қилиб, ортга йўл олгач, йўл четида икки аёлни кўришган. Улар аёллардан ювиниб олсак бўладими, сувларинг борми деб сўрашган. Улар рухсат бергач, Бегзод стоматология подвалида Жасурни ювинтириб чиққач, Тимур эса дарсга, 3 парага йўл олган.

"Мен коллежга кириб келганимда Бегзод қўнғироқ қилиб, Жасурнинг рюкзагини олиб келишимни сўради. Мен рюкзакни олиб борганимда Жасурнинг яна бурни қонаётганини кўрдим. Бегзод салфетка олиб келиш учун дўконга кетди. Мен шу вақт Жасурдан у ўзини қандай ҳис қилаётганини сўрадим. Жасур фақат қорни оғриётганини, ҳожатга боришни хоҳлаётганини айтди. У уйимга бориб ухлаб олсам, ҳаммаси ўтиб кетади деди", — деб ҳикоя қилди Тимур.

Йигитнинг ҳикоясига кўра, Бегзод салфетка олиб келгач, йигитлар Жасурнинг бурнидаги қонни артиб, уни таксига ўтқазиб, уйига кузатишган.

"Мен Жасурни машинага ўтқазаётиб, уйингга боришинг билан қўнғироқ қил, деб тайинладим. Аммо орадан 15 дақиқа ўтиб ўзим қўнғироқ қилдим. Жасур "Ҳаммаси яхши", деди. Орадан ярим соат ўтиб яна ҳол сўрадим, у яна яхшилигини айтди. Бир соатдан кейин эса телефонимни кўтармади. Мен икки марта қўнғироқ қилдим. Кўтармагач, уйқуга кетган бўлса керак, деган хаёлда бошқа безовта қилмадим", — дея кўрсатма берди Баязитов.

Аммо марҳумнинг онаси ёллаган адвокат суд давомида Жасурнинг телефон сўзлашувлари чиқартирилганини айтиб, марҳумга можародан кейин ҳақиқатда қўнғироқлар бўлганини тасдиқлади, шу билан бирга Жасур бирорта қўнғироққа жавоб бермаганини маълум қилди.

Тимур адвокатнинг сўзларидан кейин ҳам Жасур унинг қўнғироғига шахсан жавоб қайтарган деган гапидан қайтмади.

"Мен Бегзод ёнимдалигида қўнғироқ қилганман. У ҳам эшитган", деди у.

Суд давомида Тимурдан орадан 1 кун ўтиб, у нега коллежга қўли гипсланган ҳолатда келганлиги ҳақида савол берилди.

Тимур бу саволга "йиқилиб тушдим, мени "экстренний" ТашМИга олиб боришди. У ерда тегишли маълумотнома беришган", деб жавоб берди. Тимур қўли синганлиги ҳақидаги маълумотнома ўзида йўқлигини, уни прокуратурага беришганини айтди.

Суд жараёнида яна бир гувоҳ — Бегзод Собировнинг кўрсатмалари эшитилди.

Иккинчи гувоҳ ўз кўрсатмалари давомида 3 май куни ҳақиқатда ўқитувчидан ҳожатга рухсат сўраб чиққанини айтиб, кўчада Исломга дуч келишганига, кейин Жасур ахлатхонанинг ёнида Исломнинг юзига мушт туширганини сўзлаб берди.

"Мен ҳеч нарсага тушунмасдим. Нима бўляпти, деб сўрасам, ҳеч ким жавоб бермасди",  деди у.

Бегзоднинг кўрсатмаларига кўра, ҳаммани ташқарига чиқарган аслида Жасурлиги аён бўлди.

"Жасур Исломни кўчага таклиф қилди. Ислом билан барсеткани ташлашга кетаётганимизда, "Жасур билан тўғри йўл билан гаплашиб ол", деб тайинладим. Кўчага чиқсак,  3-курс Тимур ва Ҳурмат, Жасур билан Тимур туришган экан", — ҳикоясини давом эттирди гувоҳ.

Бегзоднинг айтишича, Жасур билан Ислом урушиб-уришиб, шу ердаги девор атрофига ўтиб кетишган. Шу боис, йигитлар бир-бирларига қандай зарба беришганини у кўрмаган.

Можародан кейин Ҳурмат сув олиб келгач, Жасурнинг юз-қўлларини ювдик. Йўлда подвалга тушганимизда эса Жасурнинг қорнида қизил оёқ изини кўрдим. "Қорнинг оғримаяптими десам, йўқ, бурним оғрияпти деди", дея воқеалар кетма-кетлигини эслашда давом этди Бегзод.

Бегзоднинг сўзларига кўра, унинг травмотологияга олиб борайми, деган таклифига Жасур унамаган. "Қорним оғрияпти, ҳожатга боргим келяпти" деган гапидан сўнг Тимурга қўнғироқ қилиб, Жасурнинг сумкасини олиб келишини сўрадим", деди Бегзод.

Бегзоднинг сўзларига кўра, Боровский коллежи талабалари 4 май куни Жасур Иброҳимов реанимацияга тушганидан хабар топишган.

Шу куннинг ўзида Боровский коллежига опер келиб, йигитларни сўроқ қилган.

Шундан сўнг улар ИИББга олиб кетилган ва ўша ерда ҳаммасидан кўрсатма олишган.

Гувоҳ адвокат томонидан берилган "Сизлар билан можародан кейин Ислом Тўлагановнинг отаси алоҳида гаплашганми?" деган саволга рад жавобини берди.

"125 кг вазнингиз билан шу икки йигитни ажрата олмадингизми? Ўзингизни шу ҳодисада бир оз хатога йўл қўйдим" деб ҳисоблайсизми, деган саволларга Бегзод Собиров "биз ҳаммаси бунақа якун топади деб ўйламагандик" дея таъкидлади.

Судья суд жараёни якунида жараёнда иштирок этувчи гувоҳлар сони кўпайиб кетганини маълум қилди. Кейинги суд мажлиси пайшанба — 5 октябрга белгиланди.
Мавзу:
Тошкентда коллеж талабасининг уриб ўлдирилиши (30)

Асосий мавзулар