19:46 22 Ноябр 2017
Эфир
Флаги стран-участниц конференции по обеспечению безопасности и устойчивого развития в Центральной Азии

Марказий Осиёнинг келажаги аҳиллик ва ўзаро ҳамкорликка боғлиқ

Sputnik / Рамиз Бахтияров
Жамият
Ҳавола олиш
Самарқанддаги Марказий Осиё минтақасига бағишланган халқаро анжуман (19)
27620

Минтақадаги мамлакатлар савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда хавфсизлик ва барқарорлик масалаларида ўз салоҳиятини фақатгина ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатдорликка асосланган ҳамкорлик орқалигина ҳаётга самарали татбиқ эта оладилар,деб таъкидлади Мирзиёев

ТОШКЕНТ, 10 ноя – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзуидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқида минтақа келажаги хусусида тўхталиб ўтди, деб хабар берди Sputnik мухбири.

Президент БМТга ва шахсан ташкилот бош котиби Антониу Гутеррешга мазкур форумни ўтказишга ёрдам бергани ва Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун алоҳида миннатдорлик изҳор этди.

Мирзиёв ушбу залда Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирларини кўриб турганидан мамнунлигини билдирди ва бу каби воқеа ҳамиша ҳам бўлавермаслигини қайд этди.

Ўзбекистон президенти Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Европа мамлакатлари, Япония, Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистондан ташриф буюрган олий даражадаги меҳмонларни ҳамда МДҲ мамлакатлари, ШҲТ, ЕХҲТ вакиллари ҳамда бошқа ҳамкорлик ташкилотлари вакилларини самимий қутлади.

Шавкат Мирзиёев ушбу конференциянинг аҳамияти ва долзарблиги унинг номида ўз аксини топганлигини таъкидлади.

"Минтақамиз халқлари минг йилликлардан буён мавжуд қардошлик ва аҳил қўшничилик ришталари билан боғланган. Бизни ягона дин, тарих, маданият ва анъаналар бирлаштириб туради.

Евроосиё юрагида жойлашган бу минтақа Европа ва Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёнини бирлаштириб тургувчи кўприк вазифасини ўтайди. Россия ва Хитой сингари йирик давлатлар билан чегарадош.

Минтақа табиий ресурсларга бой. Бу ерда кўплаб давлатлар ва бутун бошли минтақалар ривожланишига ўз таъсирини кўрсатган ўта ноёб маданий-цивилизацияга оид салоҳият тўпланган", деди Ўзбекистон президенти.

Мирзиёев шу билан бирга Марказий Осиёда дунёдаги буюк давлатлар манфаатлари кесишишини ҳам таъкидлади.

"Минтақа нобарқарор ва можаролар ўчоқларига туташ. Яқин ва олис давлатларда рўй бераётган можаролар салбий таъсирини ўзида ҳис этади.

Шундай экан, минтақада вазият қай тарзда ривожланади, деган ҳақли савол туғилади.

Можаролар ва қарама-қаршиликлар сценарийси бўйичами? Ёхуд ҳамкорлик ва ривожланиш йўлидан борадими?", дея фикр билдирди Ўзбекистон раҳбари.

Шавкат Мирзиёев умумий сони 70 миллион нафардан ортиқ ушбу минтақа келажаги Марказий Осиёдаги ҳар бир давлат томонидан шакллантирилишини қайд этди.

"Бизнинг қатъий ишончимизга кўра, минтақа ривожланиши ва тараққиёти ҳамкорлик қилишга бўлган астойдил хоҳиш ва ҳаракатга, шунингдек, Марказий Осиёдаги барча мамлакатларнинг умумий тарихга нисбатан бўлган масъулият ҳиссига боғлиқ.

Ўзбекистон мавжуд келишмовчиликлар ниҳоятда қисқа вақтда ҳал этилиши тарафдоридир. Ўзбекистон ўзаро ишончга асосланган муносабатлар янада мустаҳкамланишини хоҳлайди.

Минтақадаги мамлакатлар савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда хавфсизлик ва барқарорлик масалаларида ўз салоҳиятини фақатгина ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатдорликка асосланган ҳамкорлик орқалигина ҳаётга самарали татбиқ эта оладилар.

Ишончим комилки, бундан ҳамма — Марказий Осиё давлатлари қаторида бошқа давлатлар ҳам фақат ютади", деб таъкидлади Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ўтказилаётган мазкур форум Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш масалаларига қаратилган.

Анжуманда минтақа давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, БМТ, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ, ЕТТБ каби нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, таниқли экспертлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, жами 500 дан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда.

Икки кун давом этадиган форумда Марказий Осиё давлатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, экология ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик суръатини оширишнинг аниқ йўналишлари, шунингдек, замонавий хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинади.

Мавзу:
Самарқанддаги Марказий Осиё минтақасига бағишланган халқаро анжуман (19)

Асосий мавзулар