06:31 13 Декабр 2017
Эфир
Заключенные в колонии

Президент фармонига биноан кимлар афв этилади

Sputnik / Максим Блинов
Жамият
Ҳавола олиш
294152

Ўзбекистон президенти томонидан мамлакат тарихида илк маротаба 2700 нафар маҳкумни афв этиш тўғрисида фармон қабул қилинди

ТОШКЕНТ, 7 дек – Sputnik. 6 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида"ги фармонни имзолади. Президент матбуот хизмати ушбу фармонга шарҳ берди.

Шарҳда айтилишича, қонунга риоя қилмаган, бироқ ўз қилмишининг қонунга хилофлигини англаб етган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга ўз оиласига ва жамиятга қайтиши, ижтимоий мослашиш имкониятининг берилиши ўзбек халқининг кечиримлилик, раҳмдиллик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларининг амалдаги ёрқин ифодасидир.

"Шу пайтгача ҳар йили амнистия тўғрисида ҳужжатлар қабул қилинган. Таъкидлаш жоизки, амнистия озодликка чиқариладиган шахсларнинг аниқ гуруҳини белгиламайди. Амнистия тўғрисидаги актда фақат жиноят турлари кўзда тутилиб, озодликка чиқариладиган шахслар амнистия тўғрисидаги ҳужжат ижросини таъминлаш жараёнида аниқланади.

Амнистия актидан фарқли равишда, афв этиш масаласини ҳал этишдан олдин ҳар бир маҳкумнинг шахси, улар томонидан содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, содир этилиш ҳолатлари ва оқибатлари, етказилган зарарнинг қопланганлиги, шунингдек, жабрланган томон ва жамоатчилик муносабати ҳар томонлама ва пухта ўрганиб чиқилади", дейилади шарҳда.

Шарҳда билдирилишича, Ўзбекистон президенти томонидан мамлакат тарихида илк маротаба 2 700 нафар маҳкумни, шу жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахсларни афв этиш тўғрисида фармон қабул қилинди.

"Ушбу фармон билан афв этиладиган маҳкумларга тез кунларда ўз оиласига ва жамиятга қайтиб, бундан буён мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиш имконияти яратилди", дейилади шарҳда.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 29 сентябрда президент томонидан "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармойиш қабул қилинди.

Ушбу фармойишга мувофиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда жойларга чиқиб, ҳар бир маҳкум билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиш орқали уларнинг шахсини ўрганиб чиқди.

Ўрганиш жараёнида маҳкум томонидан содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига, унинг ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигига, жиноят натижасида етказилган зарарнинг қопланганлигига, ёши, соғлигига, оилавий аҳволига ва енгиллаштирувчи бошқа ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, жабрланганлар ва жамоатчиликнинг, жумладан, маҳкум яшаган маҳалла вакилларининг фикрлари ҳам атрофлича ўрганилди.

Асосий мавзулар