06:24 13 Декабр 2017
Эфир
Калькулятор и очки, график планирования экономики

Ноябрда ниманинг нархи қанчага ошди – статистика қўмитаси маълумоти

© Flickr/ Ken Teegardin
Жамият
Ҳавола олиш
81802

Ноябр ойида товар ва хизматлар нархлари даражаси ўртача 2%га ошди, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 1,5, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 3,4 ва хизматлар 0,5%га кўтарилган

ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистон истеъмол секторида ноябр ойи учун инфляция даражаси ҳақидаги маълумотни эълон қилди.

Унга кўра, ноябр ойида товар ва хизматлар нархлари даражаси ўртача 2%га ошди, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 1,5%га, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 3,4%га ва хизматлар 0,5%га кўтарилган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари ой давомида ўртача 1,5%га ошиб, истеъмол нархлари индексининг умумий ўсиш даражасига 0,7 фоиз даражасида таъсир этди. 2016 йилнинг ноябр ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 0,8%га қимматлашган.

Маълумотда қайд этилишича, помидор ва бодринг маҳсулотлари нархлари бирмунча сезиларли даражада – 60,6% ва 54,0%га, узум – 19,8%га, олма – 14,1%га қимматлашди. Шу билан бирга, сабзи – 17,2%га, пиёз – 13,9%га, карам – 12,9%га ва картошка – 1,1%га арзонлашди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлар ой давомида ўртача 3,4%га қимматлашиши истеъмол нархлари индекси ўсиш даражасига 1,2 фоиз даражасида таъсир этди. 2016 йил ноябр ойида ноозиқ-овқат маҳсулотларнинг ўсиш суръати 1,8%ни ташкил этган.

Нархларнинг ўсиш даражасига асосан бензин маҳсулотига бўлган янги нархларнинг жорий қилиниши сабаб бўлди (нархларнинг ўртача ўсиш суръати 39,7%), бу эса истеъмол нархлари индекси ўсишига 0,5%га таъсир этди.

Дори-дармонлар 4,8%, кийим —  2,9%, оёқ кийим — 2,2%, шахсий гигиена маҳсулотлари —2,1%га қимматлашган.

Ноябр ойида аҳоли учун пуллик хизматлар соҳаси 0,5% га ўсди. Бу эса истеъмол нархлари индексининг умумий ўсишида 0,1% фоиз даражасида таъсир қилди. 2016 йилнинг ноябр ойида хизматлар соҳаси тарифи 0,4% га ошган.

Ушбу соҳада асосий инфляцион омил сифатида маиший хизмат тарифлари 2% га ва чет тили ўқув куслари учун тўловлар 2,2% га қимматлашди.

Асосий мавзулар