15:10 22 Январ 2018
Эфир
Белоярская АЭС в Свердловской области

Лихачев: Россия Ўзбекистонда атом электр станциясини қуришни таклиф этди

© Sputnik/ Павел Лисицын
Жамият
Ҳавола олиш
110141

"Росатом" раҳбари Россия бундай объектлар қуришда улкан тажрибага эга эканлигини қайд этди

ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Россия Федерацияси Ўзбекистонга республикада иккита янги авлод энергия блокларига эга атом электр станцияси қуришни таклиф қилди, деди "Росатом" давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев.

29 декабрь куни "Росатом" делегациясининг Тошкентга ташрифи доирасида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича битим имзоланди. Ҳужжатни Ўзбекистон томонидан бош вазир ўринбосари Нодир Отажонов, Россия томонидан "Росатом" бош директори Алексей Лихачев имзолади.

"Биз Ўзбекистонда "3+" ВВЭР-1200 авлодига мансуб иккита замонавий блокдан иборат станцияни ўзбеки томони ўзига маъқул деб ҳисоблаган муддатда қуриш таклифини бердик", — деди Лихачев журналистлар билан учрашувда.

У шунингдек, Россия бундай объектлар қуришда улкан тажрибага эга эканлигини қайд этди. Ана шундай станциялардан бири Нововоронежда бир йилдан буён саноат режимида ишламоқда. Ленинград станцияси ишга туширилиш арафасида, Белоруссияда қурилиш ишлари якунланмоқда.

"Ҳа, Бангладеш, Венгрия, Миср, Финляндияда айнан шундай объектлар қурамиз. Бу Фукусимадан кейин пайдо бўлган шунчаки илғор технологиялар намунасигина эмас. Бу биз кўплаб миқдорда қуришни бошлаган саноат ечими манбасидир", — таъкидлади "Росатом" раҳбари.

Имзоланган ҳужжатни изоҳлар экан, Лихачев бу бир томондан ҳадли битим бўлса, иккинчи томондан ҳамкорликнинг аниқ йўналишини белгилаб беради, деди.

Унинг айтишича, Ўзбекистон Россия корпорациясининг бугунги кундаги атом соҳасидаги ҳамкорларидан ажралиб туради. Бу, биринчи навбатда, бу ерда ўтган асрнинг 40-50-йилларидаёқ ядро соҳасининг бир нечта йўналишларига асос солинганлигидир.

"Аввало, қатор ҳамкорлик йўналишларидаги ишларимизни тиклашни режалаштирмоқдамиз. Бу албатта, тадқиқот реактори ишлари, материалшунослик, изотоплар ишлаб чиқариш, улар асосида фармацевтика препаратларини яратиш ва уран конларини қидириш ва ўзлаштириш борасидаги ишлар бўлади", — деди Лихачев.

У томонлар нафақат ҳамкорликни тиклаш, балки уни янада юқори даражага чиқариш ниятида эканликларини таъкидлади.

"Мамлакатларимиз илғор лойиҳаларга эҳтиёж сезмоқда, нафақат товар алмашиш ёки ўзаро инвестициялар, балки янги соҳаларда замонавий қурилмаларни маҳаллийлаштириш борасида ҳам жиддий ўсиш лозим. Йирик энергетик атом объекти қуриш эса ана шундай лойиҳага жуда мос келади", — деди у.

Лихачевнинг фикрича, мамлакатда қайта тикланаётган мазкур соҳа бўйича кадрлар тайёрлаш бу йўналишдаги муҳим ишлардан ҳисобланади.

"Биз бугунданоқ ўзбек мутахассисларини ўз ҳисобимиздан тайёрлашни бошлашни режалаштирмоқдамиз ва келаси ўқув йилида Россия Федерациясида ўқиш учун 15 кишини жўнатишларини таклиф қилдик", — деди "Росатом" бош директори.

Унинг қайд этишича, шунингдек, мамлакатда қонунчилик базасини ва тегишли ядро инфраструктурасини ҳам тайёрлаш зарур.

Асосий мавзулар