16:32 24 Январ 2018
Эфир
Мигрантлар

Тошкентдаги қонуний "мардикор бозор"лар ва у ердаги шарт-шароитлар ҳақида

© Sputnik/ Илья Питалев
Жамият
Ҳавола олиш
84910

Мавсумий иш излаб Тошкентга келадиган ёки вақтинчалик иш изловчи фуқароларни иш билан таъминлайдиган меҳнат бюролари халқ орасида "мардикор бозор" сифатида машҳур. Бундай бюролар бугун пойтахтнинг саккизта туманида фаолият юритмоқда

ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Тошкент шаҳрининг 8та туманида вақтинчалик (бир марталик) иш билан таъминлаш бюролари ташкил этилган. Бюроларга мурожаат қилган фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида, миграция бошқармаси ходимлари томонидан турган жойида ҳисобга олиш ишларини бюронинг ўзида амалга ошириш имконияти яратилмоқда, деб хабар қилди пайшанба куни Тошкент шаҳар ИИББда бўлиб ўтган брифингда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи подполковник Сайфуллаев.

"Мардикор бозор"лар жойлашуви

Сайфуллаев мавсумий иш изловчи фуқароларга хизмат кўрсатиш бюролари Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Шайҳонтоҳур, Чилонзор, Сергели, Яшнобод, Олмазор ва Уч-тепа туманларида жойлашганини эслатиб ўтди.

Маълум бўлишича, ушбу бюроларга 2017 йилнинг 12 ойи давомида 55 603 нафар фуқаролар мурожаат қилган. Хусусан, декабр ойининг ўзида 1451 нафар фуқаро мурожаат этган.

Бюро вазифаси

Бюронинг асосий вазифаси Ўзбекистон Республикаси вилоятларидан Тошкент шаҳрига келган вақтинчалик, бир марталик ишларни бажарувчи фуқароларнинг меҳнат фаолиятини тартибга солиш, улар учун зарур маиший, ижтимоий шарт-шароитларни яратиш ва уларни бир марталик ишлар билан таъминлашга кўмаклашишдан иборат.

Бюро шунингдек, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси бошқа ҳудудларидан келган фуқароларни ҳисобга олиш, уларнинг меҳнат фаолиятини назорат қилиш каби вазифаларни бажаради.

Сайфуллаевнинг айтишича, ҳар битта бюрода икки нафардан ходим — давлат хизматчилари фаолият олиб боради. Бири меҳнат биржаси бўлимларидан бўлса, иккинчиси Ички ишлар идоралари ходимидир. Ўтган 2017 йилнинг декабр ойидан бошлаб, Бошқарма бошлиғининг кўрсатмасига асосан, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларидан бир нафар ходимлар ушбу бюроларга жалб қилинган.

Кимларга хизмат кўрсатади?

Бюро 16 ёшга тўлган ва бир марталик иш изловчи фуқароларга, шунингдек, шунингдек иш берувчи жисмоний ва юридик шахсларга Тошкент шаҳрида вақтинчалик бир марталик меҳнат фаолияти тўғрисидаги тарғибот ташвиқот, ҳамда тушунтириш ишларини амалга оширади.

Ички ишлар органларининг асосий вазифаси вақтинчалик ишга ёлланувчи фуқаролар ҳамда иш берувчи жисмоний ва юридик шахслар томонидан бир марталик ишларни бажаришда ўзини-ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда жамоат тартиби ва паспорт режими қоидаларига риоя қилишни назорат қилади.

Вақтинчалик, бир марталик ишларни бажариш учун Тошкент шаҳрига келган фуқароларнинг ҳисобини юритади, ҳисобга олинган бундай тоифадаги шахсларнинг ўз вақтида ва қисқа муддатда бюрода йўналтириш ва буларни юзасидан доимий назоратни ўрнатади.

Ишга ёлланган шахсларнинг иш манзиллари бўйича доимий ёки вақтинчалик рўйхатда туриши, уларда гувоҳномаларнинг мавжудлигини текшириб боради. Вақтинчалик, бир марталик ишларни бажарувчи фуқаролар томонидан қонун бузилишлари ва ҳуқуқбузарлик содир этилишини олдини олади.

Бюро гувоҳномасини олиш тартиби

Ушбу бюрога мурожаат қилган шахс биринчи навбатда ўзининг фуқаролик паспорти ва унинг нусхаси, вақтинчалик рўйхатда турганлиги тўғрисидаги қайд варақаси ва 3х4 ҳажмдаги фотосуратини тақдим этади. Фуқаро берган ҳужжатлар кўриб чиқилиб, бир куннинг ўзида гувоҳнома тақдим этилади.

Мазкур гувоҳнома ўша шахсни Тошкент шаҳрида вақтинчалик(бир марталик) иш билан таъминлаш марказидан ҳисобдан ўтганлигини ва Тошкент шаҳрида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ҳуқуқ беради.

Фуқаролар ноқонуний "мардикор бозор"ларни танламоқда  

Охирги вақтларда мана шу бюроларга мурожаат қилаётган фуқароларга нисбатан Ички ишлар органлари томонидан қонунга зид ҳатти-ҳаракатлар, таъмагирлик ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда, деди Сайфуллаев ва бундай гап-сўзлар амалда ўз исботини топмаётганини қўшимча қилди.

Подполковникнинг айтишича, Тошкент шаҳрида Республиканинг турли вилоятларидан келиб мавсумий иш билан шуғулланувчи фуқаролар аксарият ҳолатларда пойтахт ҳудудида фаолият кўрсатадиган бюроларда эмас, аксинча, ўзлари истаган жойларда, асосан йўл-қатнов қисмларида, оқибатида йўл-ҳаракат қоидалари ва жамоат тартиби қоидаларини бузиш ҳолатларига сабаб бўлаётган жойларда ўз фаолиятини амалга оширмоқда.

"Саккизта биржанинг аниқ манзили белгилаб берилган бўлишига қарамасдан, мавсумий иш изловчи фуқаролар Мирзо-Улуғбек туманида Аҳмад Югнакий кийим бозори ёнида, Яшнобод тумани Паркент бозори ёнида, Эски Жўвада, "Чорсу" деҳқон бозори ёнида кўришимиз мумкин. Шунингдек, "Рисовий" кўприк тагида ва Қўйлиқ бозори атрофида мардикор бозорларни ҳосил қилишган", — деди Сайфуллаев ҳамда Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш мақсадида Ички ишлар органлари нарядлари томонидан бундай фуқароларга нисбатан тегишли қонуний чоралар кўрилаётганини қўшимча қилди.

Ҳавотирга ўрин йўқ

Ушбу бюроларга мурожаат этган фуқароларнинг қонун ва эркинликларини таъминлаш, бюроларда хизмат олиб бораётган ходимларнинг хатти-ҳаракатини онлайн режимида назорат қилиб бориш мақсадида бевосита Бош бошқарма раҳбарияти топшириғига асосан, ҳар битта бюроларга бир ой ичида ҳокимият билан биргаликда видеокузатув мосламалари ўрнатилади.

Ҳар битта Ички ишлар бўлими навбатчилик қисмлари ўша бюроларнинг фаолиятини назорат қилишни таъминлаб беради.

Асосий мавзулар