05:47 18 Ноябр 2017
Эфир
Сборная Узбекистана по футболу

Гуус Хиддинкнинг cобиқ ёрдамчиси Ўзбекистон терма жамоасида иш бошлади

© Федерация футбола Узбекистана
Спорт
Ҳавола олиш
59340

Унинг асосий вазифаси миллий терма жамоа футболчиларининг жисмоний формасини қисқа вақт ичида юқори чўққига олиб чиқиб, бош мураббийга оптимал таркиб билан ўйнаш имкониятини яратиб беришдан иборат

TOШКЕНТ, 15 июл — Sputnik. Нигерия терма жамоасининг собиқ футболчиси ва ҳозирги кунда мураббийлик фаолияти билан шуғулланаётган Чима Мишель Онеке Самвел Бабаяннинг таклифига кўра Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мураббийлар штабида иш бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Миллий терма жамоада жароҳатлар эпидемияси тарқалганлиги сабабли, қолаверса, кейинги икки ўйинга юқори жисмоний тайёргарлик кўриш мақсадида Самвел Бабаян Россиянинг "Анжи" клубида Гуус Хиддинкнинг штабида ишлаган Онекени ўз ёрдамчилари сафига қўшиб олди. У миллий терма жамоанинг жисмоний тайёргарликлар бўйича масъул мураббийи бўлиб тайинланди.

Унинг асосий вазифаси миллий терма жамоа футболчиларининг жисмоний формасини қисқа вақт ичида юқори чўққига олиб чиқиб, бош мураббийга оптимал таркиб билан ўйнаш имкониятини яратиб беришдан иборат бўлади.

42 ёшли Онеке асли нигериялик бўлиб, Голландия паспортига эга ва мураббийлик фаолиятининг асосий қисми Голландия билан боғлиқ. Футболчи сифатида Нигерия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган. Голландияда 8 дан ортиқ жамоада ўйнаб, фаолияти давомида 65 га яқин гол урган. Ўзбекистон терма жамоасида иш бошлагунига қадар у Германиянинг "Штутгарт" клубида жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида ишлаб келаётган эди.

2011 йилнинг июлида у голландиялик Гуус Хиддинк ва бразилиялик Роберто Карлос билан бирга Махачқалъанинг "Анжи" футбол клубида ишлади. Ўша пайтларда "Анжи" Россиянинг энг кучли учлигига кириб, мамлакат Кубогининг финалигача етиб борганди.

Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионати саралаш босқичида 31 август куни Ухань шаҳрида Хитой, 5 сентябр куни эса Тошкентда Жанубий Корея билан ўйнайди. Айни пайтда Ўзбекистон 8 ўйиндан кейин 12 очко тўплаб, тўғридан-тўғри қўлга киритилиши мумкин бўлган ягона йўлланма учун курашда 2-ўриндаги Кореядан 1 очкога ортда қолмоқда.

Асосий мавзулар