00:27 22 Ноябр 2017
Эфир
Азамат Абдураимов

Азамат Абдураимов: ўзбек футболи тирик, лекин бир жойда депсиниб турибди

Стрингер
Спорт
Ҳавола олиш
69940

Ўзбек футбол жамоатчилиги натижаларни кўриб чиқадиган, йўл қўйилган хатоларни таҳлил қиладиган ва янги ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқадиган пайт келди, деб ҳисоблайди "Пахтакор" ва Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ футболчиси Азамат Абдураимов

ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Ўзбек футболи нима учун инқирозга учради ва бу вазиятдан қандай қилиб чиқиш мумкин — биз мана шундай саволлар билан "Пахтакор" ва Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ футболчиси Азамат Абдураимовга мурожаат қилдик.

— Аксарият мамлакатларда миллий терма жамоаларнинг натижалари футбол ривожининг кўрсаткичи ҳисобланади. Бугунги кунда футбол бир чемпионатдан иккинчи чемпионатгача даврий равишда ривожланмоқда. 5 сентябрдан кейин юзага келган вазиятни таҳлил қилар эканмиз, буни қулаш деб аташ мумкин. Биз Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқишга умид қилгандик, терма жамоа эса гуруҳда ҳаттоки учинчи ўринни ҳам олмади.

Савол туғилади — нега шундай бўлди? Кейинги бир неча йил давомида Ўзбекистон футбол федерацияси (ЎФФ) турли объектив сабабларга кўра ўз талабларига жавоб бера олмади. Федерация президенти, футбол ривожи учун кўп ишларни амалга оширганини эътироф этиш лозим, кейинги вақтда иккита ишда — Миллий олимпия қўмитаси ва Футбол федерацияси раҳбари сифатида фаолият олиб борди. Албатта, бу барча учун фойда келтирмасди.

Федерацияда ўзгаришлар даври келди. Оддий мисол — агар илгари, уч-тўрт йил олдин ўсмирлар терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиққан бўлса, ўтган йили ўсмирлар ва ёшларимиз Осиёнинг энг яхши жамоалари тўртлигига кира олмади ва табиийки, тўрт йилликнинг энг муҳим мусобақасига ҳам чиқа олишмади.

Ўтган йили Олимпия термаси ҳам муваффақиятсизликка учради. Менимча бу миллий ва олимпия термаларига бир кишининг бош мураббийликка қўйилиши сабабли юз берди. Биз Вадим Абрамов худди шундай ҳолатга тушганида бир марта панд еганмиз, лекин афсуски, бундан керакли сабоқ чиқармадик. Икки қуённинг кетидан қувдик ва биттасини ҳам тута олмадик.

- Бабаян ва унинг мураббийлик штабига ёғилаётган танқидлар қай даражада адолатли?

Главный тренер сборной Узбекистана Самвел Бабаян
Федерация футбола Узбекистана

— Айтиш мумкинки, термамизнинг жаҳон чемпионатига чиқа олмагани барча учун сўнгги томчи бўлди. Бабаян мураббийлик штаби томон ўтган йилдан бери мутахассислар, ишқибозлар ва журналистлар томонидан салбий фикрлар янграмоқда. Бош мураббий терма жамоадан ўз мақсадлари йўлида фойдалангани, у илгари "Пахтакор" вице-президенти бўлгани учун мунтазам равишда терма жамоага мана шу клуб ўйинчиларини чақиргани ҳақида ҳаққоний фикрлар айтилди. Бу тушунарли — у кейинчалик бу футболчиларни хориж клубларига сотиш учун уларни чақирган.

Ўз манфаатларини ўйлаб қилинган бу сиёсат миллий терма зарарига ишлади. Бизнинг ишқибозларимиз жудаям яхши, тушунган, ўзбек футболи анъаналари асосида тарбияланишган, уларнинг барчаси кўришди, ҳаққоний саволни ўртага ташлашди — нима учун гол урмайдиган ёки хориж клубида амалиётга эга бўлмаган ҳужумчи термада ўйнайверади.

Бу шунчаки мулоҳаза эмас, норозиликка асос бор. Саралаш гуруҳидаги жадвалга назар ташлаймиз, терма жамоа ўтказган 10та ўйинда атиги олтита гол урган, бу кўрсаткич бўйича биз жадвалнинг охиридамиз. Бу бир учрашувда яримтадан сал кўпроқ гол урганимизни англатади.

Бундай кўрсаткич билан ҳеч қандай жаҳон чемпионатига чиқишни ўйламаса ҳам бўлади. Демак, нафақат бош мураббий ва унинг штаби, балки биринчи навбатда уларни тайинлаганларга саволлар пайдо бўлади.

- Ўзбек футболини инқироздан олиб чиқиш учун нима қилиш керак?

— Ўзбек футболи шартли қилиб айтганда, нафақат Алининг ўрнига Валини қўйишга, балки буткул тизимли ўзгаришга муҳтож. Футбол федерацияси тузилмасини ўзгартириш керак, масалан, илгари маҳоратли спорт усталаридан таркиб топган махсус мураббийлар кенгаши ишлаганди. Терма жамоаларнинг бош мураббийлари улар олдида ҳисобот топширишар, нима учун айнан бирор ўйинчини таркибга чақирганини тушунтириб беришарди. Энг яхшилар майдонга тушиши, терма жамоалар қандай тайёргарлик кўриши устидан назорат бор эди.

Бандлиги сабабли федерация раҳбари бошқарув тизгинини фаолияти назорат қилинмайдиган бош мураббий қўлига топширди. Шу сабабли ана шундай мураббийлар кенгаши керак. Федерация ўзгариши, замонавий талабларга жавоб бериши шарт. Ҳозирда ЎФФда маркетинг бўлими йўқ, спорт директори лавозими йўқ,фақат вице-президент бор.

Яна бир муҳим жиҳат — ЎФФда ишлайдиган кишилар ўз позицияларига эга бўлишлари керак. Ҳар доим келишиб кетавериш керакмас, вужудга келган муаммолар ҳақида гапириш керак. Доим айтганинг бўлишини истасанг, доим фақат сенинг оғзингга қараб туришларини хоҳлайдиган бўлсанг, унда фикрлар хилма-хиллиги ҳақида унутсак ҳам бўлаверади.

Биз федерацияга ўзига тегишли вазифа учун жавоб берадиган ҳақиқий профессионаллар келиши тарафдоримиз. Ҳозирда федерация қўл режимида бошқарилади, на бош котиб, на вице-президент кичкина муаммони ҳам ҳал қила олмайди, ҳамма нарса биринчи шахс ихтиёрида. Бундай бошқарув услуби эскирди, у бизни орқага тортмоқда.

Давлат амалдори ЎФФ президенти бўлишига қарши эмасман, бу ерда у атрофига жамлайдиган жамоа муҳим. Кучли профессионалларни йиғиш керак ва бизда ҳар бир йўналишда бундай кишилар бор, фақат уларга ишонч билдириш ва ўзларини кўрсатишлари учун имконият бериш лозим.

Мен ўзбек футболи ўлди, деган фикрга қўшилмайман. Мен ўзбек футболи тирик ва уни ҳеч ўлдиролмайди деб ҳисоблайман. 2008 йил мамлакатда футбол ривожи йили бўлган, бизда Ривалдо ўйнаган, Зико ва Сколари мураббийлик қилган. Месси ва Роналду келиши шов-шувга айланган, шундан сўнг кўплаб футболчилар ўзларини кўрсатишди.

Ҳозирда кўпчилик ишқибозлар биз жаҳон чемпионатига чиқа олмаганимиз яхши бўлди, чиққани билан ёмон натижа кўрсатарди дейишмоқда. Бу нотўғри. Агар жамоамиз ЖЧга чиққанида яна бир бор футбол ривожланиши даври бошланарди, болалар футбол мактабларига боришарди, 5-7 йилдан кейин ўзбек футболи савияси юқориларди. Афсуски, биз бу имкониятни қўлдан чиқардик.

Агар биз Ўзбекистон президенти раҳбарлигида бу муаммоларни ҳал қилишга киришсак, ҳаммасини ўнглаш мумкин деб ҳисоблайман. Ҳозирда спорт бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимини жорий этиш масаласи кўтарилди. У вазиятни таҳлил қилиши ва аслида нималар бўлаётганини президентга билдириб туриши мумкин бўларди. Ва у спортдаги муаммоларни ич-ичидан биладиган профессионал шахс бўлиши лозим, амалдор эмас.

Яқинда ЎФФ бош котиби халқаро пресс-клубдаги чиқиши чоғида омма муҳокамасига қўйиш учун футболни ривожлантириш дастури тайёрланганини айтганди. Аммо шу пайтгача ҳеч қандай дастур эълон қилинмади, уни ҳеч ким муҳокама қилмади, федерация сайтида ҳатто янги президент лавозимига номзодлар рўйхати эълон қилинмади.

Ҳозирда профессионаллар овозига қулоқ тутиш даркор, уларни федерация фаолиятига жалб этиш, чемпионатни ислоҳ қилиш керак. Усмоновнинг ҳиссаси шундаки, у замонавий моддий-техника базасини яратди, 12та стадион қурилди. Лекин баҳсларга ўртача 4 минг киши келмоқда, яқинда бўлиб ўтган "Обод" ва "Сўғдиёна" ўйинида эса ташриф буюриш бўйича антирекорд ўрнатилди — 150га яқин мухлис ўйинни кўргани келди. Шу боис стадионлар қуриш мумкин, лекин у ерга мухлис бормаса, қандай футбол ривожи ҳақида гапириш мумкин.

Мухлисга спектакл, тайёр маҳсулот керак, биз ҳозир бундай маҳсулот тақдим этмаяпмиз. Профессионал футбол лигасининг ҳомийлари йўқ, пул топишни билмаймиз, умуман олганда, бозор механизмлари ишламаяпти. Бозор механизмлари футболимизга кириб келсагина у давлатга шунча кам боқиманда бўлади.

Ҳозирда футбол таркибий қисмлари ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлар механизмини ишлаб чиқиш муҳим, у раҳбариятни сайлаш, дастурни белгилашни мутахассисларнинг ўзлари ҳал қилишларига имконият бериши лозим. Ҳозирда футболда коррупция ҳам, қонун бузилишлари ҳам ва салбий натижа ҳам мавжуд, мен республика раҳбарияти бундан норози, тартиб ўрнатиш истагида деб ўйлайман.

Биз резолюцияни кўпчилик имзолашини мақсад қилмадик, биз учун муаммони кўрсатиш ва уни биринчи шахсга етказиш муҳим эди. Бугунги кунда профессионаллар футболдаги умумий ҳолатдан қониқишмаяпти. Агарда мамлакатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлашлари остида федерация раҳбарияти билан биргаликда ишга киришсак, муаммоларни ҳал қилиш мумкин. Ўзбек футболи тирик, фақат жуда секин ривожланмоқда, биз ҳозирча бир жойда депсиниб турибмиз.

Эслатиб ўтамиз, 7 сентябр куни ЎФФ президентлигига сайловлар ўтказиш муддатини ортга суришни сўраб Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Биродар Абдураимов, "Пахтакор" фахрийлари Вячеслав Солохо, Николай Любарцев ва бошқа мураббий ҳамда фахрийлар Ўзбекистон президентига мурожаат қилишган эди.

Бугун бўлиб ўтган Ўзбекистон футбол федерациясининг Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси Раиси ўринбосари ва "Пахтакор" клуби вице-президенти лавозимида ишлаб келган Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон Футбол Федерациясининг янги президенти сифатида эълон қилинди.

Асосий мавзулар