16:31 24 Январ 2018
Эфир
Федерация футбола Узбекистана

Ўзбекистонда мураббийлар тайёрлаш тизими издан чиққан – ЎФФ ходими

http://the-uff.com
Спорт
Ҳавола олиш
39510

У маълум терма жамоани қабул қилиб олгач, терма жамоа натижасидан кўра ўз манфаатини устун қўйиб, мўмай пул ишлаб олишни мақсад қилган мураббийлар ҳам борлигини айтган

ТОШКЕНТ, 11 янв – Sputnik. Ўзбекистонда футбол мураббийларининг савияси, уларнинг даражаси билан шу пайтга қадар ҳеч ким қизиқмаган. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерациясида янги ташкил этилаётган Мураббийлар тайёрлаш бошқармаси бошлиғи Шовкат Имамов айтди.

"Ўзбекистонда мураббийларни тайёрлаш тизими издан чиққан десак бўлади. Кўп йиллардан бери бу тизим етарли даражада ишламаяпти. Охирги 11 йил ичида Ўзбекистон ҳудуди ўтказилган мураббийлар тайёрлаш бўйича ОФК ва ЎФФ курслари Мураббийлар ва Ҳакамлар тайёрлаш республика мактаби орқали ўтказилган. Мураббийлар ўқув курсларини битиргач, уларнинг кейинги фаолияти федерация томонидан назоратга олинмаган", деди у ЎФФ сайтига берган интервьюсида.

Унинг айтишича, бугунги кунгача Мураббийлар ва Ҳакамлар тайёрлаш республика мактабининг асосий мақсади сифатга эмас, сонга эътибор қаратиш бўлган. Чунки қанча кўп мураббий курсларда ўқиса, ушбу мактабга шунча кўп пул тушган.

Мураббийларнинг савияси доимий равишда ошириб бориш йўлга қўйилмаган.

"Эндиликда мураббийлар лицензияни Ўзбекистон футбол федерациясидан олишлари йўлга қўйилади. Федерациядаги мутахассислар бу борада шаффофлик ва ҳаққонийлик таъминланишига, фақат ўз касбининг усталари бўлган фидоий инсонлар мураббийлик билан шуғулланишларига масъул бўладилар", деган у.

Имомовнинг фикрига кўра, маҳаллий мураббийлар ўз устиларида ишламай қўйишган. Мунтазам равишда билимларини ошириб боришмайди, янгиликка, мураббий сифатида ўсишга интилишмайди. Оқибатда, халқаро ўйинларда натижа бўлмайди.

Мураббийларнинг савияси шу пайтга қадар федерация томонидан назорат қилиб борилмаган. Ҳеч ким уларни аттестациядан ўтказмаган, ўз касбига қанчалик лойиқ экани текширилмаган.

У маълум терма жамоани қабул қилиб олгач, терма жамоа натижасидан кўра ўз манфаатини устун қўйиб, мўмай пул ишлаб олишни мақсад қилган мураббийлар ҳам борлигини айтган. Имомовнинг билдиришича, бундай мураббийларнинг асосий мақсади терма жамоа ғалабаси эмас, балки терма жамоада тўп сураётган футболчиларни чет эл клубларига сотиб, пул ишлаб олиш бўлиб қолган.

"Бундан ташқари, баъзи мураббийлар хориждан легионер олиб келиб, уларга катта ойлик белгилашган. Кейин ўша ойликнинг маълум қисмини "откат" сифатида ўзлари олиб юришган. Хориждан таклиф этилган савиясиз легионерлар бундай қинғирликларга "жон" деб рози бўлишган. Шунингдек, маҳаллий футболчиларнинг ойлик маошидан ҳам "откат" олувчи мураббийлар ҳам бўлган", деган у интервьюсида.

Имомовнинг айтишича, миллий чемпионатда иштирок этувчи аксарият клублар бошлиқлари мураббийдан ҳар қандай йўл билан бўлса-да, натижа кўрсатишни, уч очкони қўлга киритишни талаб қилишган. Бундай вазиятда мураббий ўз устида ишлаб, ҳаққоний ўйинда ғалаба қозониш ўрнига, натижага эришишнинг қинғир йўлларини излашга тушишган. Баъзи ўйинларда ҳакамлар сотиб олинган бўлса, баъзан эса рақиб жамоа мураббийлари билан келишув эвазига ўйин натижалари аввалдан ҳал қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси 2018 йилда Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига чиқа олмаган бўлса, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Хитойда бўлиб ўтаётган Осиё чемпионатининг дастлабки ўйинида Қатар терма жамоасига қарши майдонга тушиб, 1:0 ҳисобида мағлубиятга учради.

Асосий мавзулар