22:34 21 Ноябр 2017
Эфир
Люди на рынке в Бухаре

Москвадан Бухорога саёҳат: бозор, вокзал, Россия

Sputnik / Антон Курилкин
Туризм
Ҳавола олиш
Антон Курилкин
Махсус репортаж: Москвадан Бухорога автоуловда саёҳат (6)
94650

Бир ҳафталик саёҳат режалаштирилаётган жойда якунига етмади - бу ҳақда саёҳатноманинг сўнгги қисмида ўқийсиз

Антон Курилкин

Ғаройиб кимёгарлик ва шўрданак

Туристик дастуримнинг алоҳида бўлими бозор учун ажратилганди. Шарқ бзори шунчаки бозор эмас, балки бутун бир ўзига хос хусусиятга эга ва такрорланмас маданий ҳодисадир. Бухорога дўстларимнинг кўплаб буюртмалари билан йўл олгандим: кимдир зиравор, яна кимдир чой ёки қуритилган мевалар олиб келишимни сўраганди.

Бозорда зиравор сотиб олиш ҳам пулга маҳсулот сотиб олиш эмас, тўлақонли маросимга ўхшайди.

Люди на автобусной остановки рядом с рынком в Бухаре
Sputnik / Антон Курилкин
Бухородаги бекат

Ҳар қандай Шарқ бозорининг ўзига хослиги савдолашиш имкониятининг мавжудлигидир. Бунда нафақат пулингизни тежайсиз, балки савдолашиш жараёнининг ўзидан роҳат оласиз. Ўзингизга маъқул келган маҳсулотнинг нархини пасайтириш учун сотувчи билан мулоқотга киришасиз. Бу мулоқот жудаям завқли.

Сотувчи аввалига зираворни нима учун сотиб олаётганингизни сўрайди, нималар олишингизга қизиқади — ва кўз олдингизда идишлардаги зираволардан қошиқчасида олиб керакли аралашмани тайёрлаб беради.

Ташқаридан қараганда бу худди ўрта аср кимёгарларининг амалларига ўхшаб кетади, лекин фалсафий тош ўрнига димоғингизни қитиқловчи, таомингизга ажойиб таъм бағишловчи аралашма пайдо бўлади.

Қуритилган мевалар алоҳида мавзу. Расталарда йўқ нарсанинг ўзи йўқ: турли-туман ва таъмга эга туршаклар, ҳар хил ранг ва катталикдаги майизлар, ёнғоқ, аралашмалар — сотиб олишдан олдин ҳар бирини татиб кўриш мумкин.

Аммо энг ажойиб ва асосий маҳсулот — шўрданак — улар алоҳида жойда сотилади. Тўғри, ичи жигарранг нарса билан тўлдирилган бир хил қоплардан иборат раста алоҳида таассурот қолдирмайди, лекин бизга қоп эмас, қоп ичидаги нарса муҳим.

Тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, айнан шўрданак барча дўстларимда бир хил ҳолат келиб чиқишига сабабчи бўлди: улар аввалига татиб кўришади, кейин бунинг нима учун бундай ажойиб таъмга эга эканлигини тушунишга ҳаракат қилишади, кейин эса қаердан олганингни, буни қандай тайёрлаш мумкинлигини сўрашади ва ниҳоят, Россияда ташлаб юборишадиган оддийгина данак эканлигини билишгач, ҳайратга тушишади.

Пул бозори

Барча керакли нарсаларни сотиб олгач, озгина афсусланиш билан бозорни тарк этаман — ҳали қайтиш учун билет сотиб олишга улгуришим керак.

Йўлда яна бир маҳаллий хусусиятни учратаман — кўча саррофлари. Авиакассалар олдида қўлларида боғлам-боғлам сўмларни ушлаганча ўрта ёшли эркаклар юришади ва валюта сотиб олишни таклиф этишади. Ташқаридан пул алмаштирилаётганини илғаш қийин — операция бир неча секунд давом этади, фақат бир киши бошқасига бир боғлам пул бераётганини кўриш мумкин холос. Қонун посбонлари қўлига тушиб қолмаслик учун пулфурушлар ҳам, уларнинг мижозлари ҳам иш битиши биланоқ ажралишади. Расмий курс билан фарқ анчагина катталиги боис мижозлар кўп.

Саррофларни боғлам пулларидан билиб олиш мумкин — улар кўчада пулни яшириб ўтиришмайди. Бозорда эса валютачиларни аниқлаш қийинроқ — катта пул айлангани боис улар пулларни қўлларида эмас, қора целлофан халталарга солиб кўтариб юришади.

Сувенирные тарелки в Бухаре
Sputnik / Антон Курилкин
Сувенир идишлар

Бухородан билет тополмадим — аранг эртага Самарқанддан бўладиган рейсга билет олишга улгурдим. Режаларим ўзгарди — аэропортга етиб олишга улгуришим керак — бу оз-эмас кўп эмас 300 километр йўл дегани.

Бу сафар ҳам ҳафта охирида Самарқандга бориши керак бўлган Баҳодир жонимга оро кирди, у мени деб сафарини олдга сурди ва ўша оқшомдаёқ йўлга отландик.
Узоқ йўл олдидан Бухородаги қишлоқлардан биридаги чойхонага кирдик. Қишлоқдаги кечки овқат шаҳардаги зиёфатлардан кескин фарқ қилади: бу ерда на палов, на шўрва таклиф қилишади — бунинг ўрнига шашлик ва чой беришади. Бу ерда ҳамма бир-бирини танийди, шу боис чойхона нафақат овқатланиш муассасаси, балки ўзига хос маданий марказ, қишлоқ аҳлини ўзига чорловчи маскандир.

На ичкарида, на ташқарида бўш жой топилди, официант йигитча қаердандир стол топиб келди ва бизни жойлаштирди. Узоқ ўтиришга вақт йўқ, тезда овқатланиб, йўлга тушдик.

Трасса олдидаги шлагбумда бизни милиционер, маҳалла участка нозири тўхтатди. Ҳужжатларимизни текширгач, Баҳодир билан бир оз гаплашиб турди. Сўнгра жилмайганича бизни ўтказиб юборди.

"Қаердан келаётганлигингни сўради, — деди Баҳодир машинага ўтираркан. — Меҳмон эканлигингни билгач, сени яхшилаб кузатиб қўйишимни, Ўзбекистонни шарманда қилмаслигимни буюрди".

Улуғбек юлдузи остида

Самарқандга тунда кириб келдик. Парвозгача бир неча соат вақт бор, шунинг учун дам олишга улгурамиз. Улуғбек расадхонасидан сал нарироқда тўхтадик, бу ерни маҳаллий аҳоли Улуғбек деб атаркан.

Бу ерда тун бўлишига қарамасдан ҳаёт қайнайди: магазинлар ишлаб турибди, эркаклар бетон супа устида нарда ўйнаб ўтиришибди (биз бу ерда тўрт соат турган бўлсак, улар нарда ўйнашдан бўшашмади). Кимлардир Тошкент ва Андижонга машина борлигини айтиб йўловчиларни чақиради, йўловчилар жой эгаллаш учун шошилади.

Машинада бир соатча мизғигач, чигил ёзиш учун пастга тушаман ва олдимга бир йигит келиб сўз қотди. Москвадан келганимни билгач, ўзини Анвар деб таништирган йигит Москва вилоятида ишлаганини айтди: бир неча йил ичида у сантехникликдан тортиб Балашихада таксичилик ҳам қилибди. Октябрда яна бормоқчи экан, лекин иккиланиб турибди.

"Права"ларни тақиқлашди. Ишлашга қўйишмаяпти, "права"ни қайта расмийлаштириш бир неча ўн мингга тушади. Яна патентга тўла, суғуртага тўла, ётоққа тўла — ўзингга пул қолмайди. Қанақа ишда ишлашга ҳам ҳайронман", — дейди Анвар.

Суҳбатимиз кутилмаганда бўлинди- унинг ёнига бир неча киши келди ва ундан Тошкентга боришини сўрашди. У машинага ўтираркан, мени яна келишга ва уникида меҳмон бўлишга таклиф қилди.

"Анвар десанг бу ерда мени ҳамма танийди, шу атрофда яшайман", — деди у.

Тонг ёришди, сотувчилар иссиққина нонларни келтира бошлашди. Янги кун бошланмоқда.

"Мен албатта қайтаман"

Қуёшнинг илк нурлари остида Самарқанд аэропортига йўл оламиз — шаҳар манзараси мўъжизакор, қайтишга тўғри келганидан, Шарқ марвариди бўйлаб сайр қилишга вақтим йўқлигидан кўнглим ғашланади. Мен кўрмаган, билмаган яна қанча нарсалар қолиб кетяпти. Уйлар, кўчалар, бозорлар, одамлар — барча-барчаси эътиборни тортади. Ҳаттоки уйларнинг оддийгина дарвозасини ҳам соатлаб томоша қилиш мумкин — уларнинг бари бир-биридан бошқача, ажойиб нақш ва гуллар билан безатилган.

Аэропортнинг ўзи ҳам тонгда шу қадар гўзалки — яшиллика бурканган ойнаванд бино. Ичкарида ҳаммаси юқори даражада ташкиллаштирилган. Ҳаттоки одатда тартибсизликка айланадиган самолётга ўтириш ҳам тезда ва ортиқча дахмазаларсиз ўтади.

Божхонада кутилмаган ҳол юз берди: агар мамлакатга кираётганимда буюмларимни текширишмаган бўлишса, кетаётганимда ҳамма нарсамни текширишди: рюкзагимни очиб кўришди, китобимни варақлашди, зираворлар солинган халтани очишди, ҳаттоки ҳамёнимнинг ҳар битта бўлмасини кўриб чиқди. Ҳеч қандай қонунга хилоф иш қилмаган ва ҳеч қандай тақиқланган нарса олиб кетмаётган бўлсангиз ҳам бу жараён асабингизни бузади. Лекин тартибга бўйсуниш керак.

Шахсий текширув ҳам синчковлик билан ўтди: буюмларим рентген сканери ва металл қидиргичдан ўтганидан кейин кийимларимни пайпаслаб кўришди ва барча техникани кўрсатишим ҳамда ёқишимни сўрашди — ходим унинг ишлашига ва контрабанда ташиш воситаси сифатида фойдаланмаётганимга ишонч ҳосил қилиши керак экан.

Шундай экан, бу мўъжизакор шаҳарга келган туристлар мана шундай жараёнларга тайёр туришлари керак. Бунинг ҳеч қандай қўрқинчли томони йўқ ва кўп вақтни олмайди, лекин бундай ҳолатга кўникмаганлар ўзларини ноқулай ҳис этишлари мумкин. Бироқ хавфсизлик ҳамма нарсадан устун туради.

Ниҳоят барча текширувлар ортда қолди ва мен кенг ва ёруғ кутиш залида ўтирибман. Бир буфет ишлаб турибди, официант йўловчиларга чой ва кофе тайёрлаяпти. Кофе яхши экан, нархи ҳам аэропортларнинг ёввойи нархларидан анча арзон.

Ҳарбий либос кийган кишилар нигоҳи остида лайнерга йўл оламиз. Самолёт белгиланган вақтда меҳмондўст ўзбек заминидан кўтарилади ва мени Москвага олиб кетади. Қадим шаҳар масжид ва мадрасаларининг мовий гумбазларига кўзим тушар экан, бу шаҳарга яна албатта қайтаман деган фикр хаёлимдан ўтади.

Мавзу:
Махсус репортаж: Москвадан Бухорога автоуловда саёҳат (6)

Асосий мавзулар