Индонезия бош имоми Ўзбекистоннинг туризм бўйича вакили бўлишга тайёрлигини билдирди

© Управление мусульман УзбекистанаГлавный имам Индонезии Насариддин Умар и муфтий Узбекистана Усмонхон Алимов
Главный имам Индонезии Насариддин Умар и муфтий Узбекистана Усмонхон Алимов - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
У Индонезия давлатидан бир ойда 300 минг зиёратчи Туркия орқали умра сафарига бориши, агар улар республикадаги табаррук жойлар тўғрисида хабар топишса, албатта, ҳеч иккиланмай Ўзбекистонни танлашларини таъкидлади

ТОШКЕНТ, 8 дек – Sputnik. 7 декабрь куни Индонезиянинг Жакарта шаҳридаги "Истиқлол" жоме масжиди имом-хатиби Насаруддин Умар бошчилигидаги делегация диний идорага ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Туристы во время экскурсии - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда зиёрат туризми бўйича ассоциация ташкил этилади

Меҳмонларни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов қабул қилди.

О.Юсупов Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилаётган ишлар, президент ташаббуси билан Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ташкил этилаётгани, ихтисослашган илмий мактаблар ўз фаолиятини бошлагани ҳақида сўзлаб берди. У индонезияликларни руҳий озуқа оладиган ва инсон қалби ором топиб, маънавий юксалишига хизмат қиладиган табаррук қадамжоларни зиёрат қилишга таклиф этди.

Муфтий Усмонхон Алимов Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги ҳамкорлик кўп йиллардан буён давом этиб келаётганини билдирди. Муфтий Индонезия давлатининг собиқ президенти Сухарто 1989-1996 йиллар оралиғида бир неча бор Ўзбекистонга ташриф буюргани, хусусан, Самарқанд вилоятига сафарини Имом Бухорий ҳоки қўним топган масканга юксак эҳтиром кўрсатиш билан бошлаганини алоҳида эсга олди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов сайёҳлик соҳасига катта эътибор қаратилаётгани, Индонезия билан туризм йўналишида жуда катта ишлар режалаштирилгани ҳақида сўзлади. Бу борада барча чора-тадбирларни уюштириш, чартер рейсларни ташкил этиш ва виза тартибларини соддалаштириш борасида Ўзбекистон томони тайёр эканини маълум қилди.

Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон ҳам саёҳат ҳам зиёрат учун қулай мамлакат - Шавкат Мирзиёев

Учрашувда Насаруддин Умар ўз фикр-мулоҳазаларини қуйидагича баён қилди:

– Мен Жакарта шаҳридаги "Истиқлол" жоме масжиди имом-хатиби ҳисобланаман. Ушбу масжид имом-хатиби мамлакат президенти томонидан тайинланади ва у Индонезиядаги барча масжидлар фаолиятини мувофиқлаштиради. Биз Ўзбекистондаги зиёратгоҳларни кўриб ҳайратландик ва юқоридаги гаплардан илҳомланиб, албатта, мен Индонезиядаги Ўзбекистоннинг туризм соҳаси бўйича вакили бўлишга тайёрман.

У Индонезия давлатидан бир ойда 300 минг зиёратчи Туркия орқали умра сафарига бориши, агар улар республикадаги табаррук жойлар тўғрисида хабар топишса, албатта, ҳеч иккиланмай Ўзбекистонни танлашларини таъкидлади.

"Бизда умра сафарлари айни пайтда Туркия орқали амалга оширилади. Зиёратчилар ушбу мамлакатда уч кун бўлишади. Агар юртингизни Туркия билан қиёслаш мумкин бўлса, мамлакатингизда зиёрат туризми учун жуда ҳам катта имконият бор. Айниқса, тарихий обидалар, осори атиқалар ва тарихий воқеаларнинг адоғи йўқ", – деди Насаруддин Умар.

Мулоқот давомида зиёрат туризмини ривожлантириш учун Жакарта–Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри рейс очиш, сайёҳлик визаси беришни жорий этиш, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини билдирадиган ихчам ва лўнда шиор танлаш, тажрибали мутахассислар иш услубидан фойдаланиш жуда катта натижа бериши алоҳида қайд этилди.

Янгиликлар лентаси
0