15:16 22 Январ 2018
Эфир
Элёр Тураев

Хитойда ишлаётган ўзбек йигити туризм ва келажакдаги орзулари ҳақида

© Foto: Фото из личного архива Элёра Тураева
Туризм
Ҳавола олиш
1003120

Қаҳрамонимиз – 27 ёшли Элёр Тўраев Тошкент вилоятининг Қибрай туманида туғилган. Тошкент Туризм коллежини битиргач, 2014 йилда Хитойдаги Wаndа меҳмонхонасига ишга жойлашган

ТОШКЕНТ, 26 дек — Sputnik, Дилшодбек Асқаров. Суҳбатдошимиз Хитойдаги ҳаёт ва келгуси режалари ҳақида сўзлаб берди.

— Элёр, сиз 8 йилдан буён меҳмонхона ва туризм соҳасида ишлайман дедингиз. Бу соҳага қандай кириб келгансиз?

— Мен болалигимда InterContinental Toshkent Меҳмонхонаси ёнидан ҳар ўтганимда у ерда ажойиб муҳитни кўрардим. Меҳмонхона ва туризм бизнеси дунёга эшик очиш, янги давлатлар, янги маданият ва янги одамлар билан танишиш калити эканлигини ҳис қилдим ва у ерда биринчи иш тажрибамни бошлаганман.

Элёр Тураев
FotoФото из личного архива Элёра Тураева
Элёр Тўраев

—Хитойда 2014 йилдан буён яшаб, меҳнат қилиб келасиз. Хитой ва ўзбек маданияти, турмуш тарзида қандай ўхшашликлар бор?

— Хитойликлар ҳам биз ўзбеклар каби меҳмондўст. Шинжон Уйғур мухтор вилоятида эса ўзбек миллий таомлари, миллий либослари ва маданиятида кўплаб ўхшашликларни кўриш мумкин.

— Хитой сизни нимаси билан лол қолдирди?

— Хитойда меҳмонхона бизнеси ва туризмнинг ривожланганлиги мени ҳайратга солди. Бу ернинг исталган ҳаттоки кичик шаҳридан 5 юлдузлик халқаро меҳмонхона, дам олиш ва ҳордиқ чиқариш учун масканлар топишингиз мумкин.

— Хитойликлар Ўзбекистон ҳақида қанчалик билишади?

— Хитойлик тадбиркорлар Ўзбекистон ҳақида жуда яхши билишади. "Бир белбоғ — бир йўл" лойиҳаси йўлга қўйилганидан кейин эса уларнинг сони янада ошди. Оддий аҳоли эса Ўзбекистон хақида кам маълумотга эга.

Элёр Тураев
Foto,Фото из личного архива Элёра Тураева
Элёр Тўраев

— Сиз яшаётган шаҳарда ўзбекистонликлар борми?

— Мен яшаётган Чунгцинг шаҳрида 30га яқин ўзбекистонликлар бор, улар шу шаҳардаги университетларда ўқишади.

— Ўз ишингиз ҳақида гапириб беринг. Асосий вазифангиз нималардан иборат?

— Барча озиқ-овқат ва ичимликлар бўлимининг кундалик вазифалари, яъни меҳмонхонадаги барча ресторанларни, бар ва зиёфатларни энг юқори стандардларга мувофиқ бошқариш менинг вазифамга киради.

Бундан ташқари, мижозларни жалб қилувчи янгиликлар, креатив янгиликлар ўйлаб топишим лозим. шунингдек, истеъдодли кадрлар жалб қилиш ва тайёрлаш, уларни рағбатлантириш, жамоавий муҳит яратиш ҳам менинг зиммамда.

— Сиз ишлаётган меҳмонхонада ходимларга бўлган муносабат қандай?

— Ходимлар ҳамиша малака ошириб боришади ва қўллаб-қувватланади. Мабодо ишда хато қилиб қўйса, унга алоҳида оғзаки тушунтирилади, пўписа қилинмайди.

Вазифасини яхши бажарганлар бошқа ходимлар ёнида албатта рағбатлантирилади.

— Иш фаолиятингиз давомида Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин билан суҳбатлашган экансиз.

— Ҳа. Корея Республикаси президенти ва биринчи хоними Чунгцинг шаҳрига ташриф буюришганида уларнинг хизматларида бўлдим. Улар жуда ҳам камтарин инсон эканлар. Уларга ўзбекистонлик эканимни айтганимда уларнинг юзидаги қувонч, реакцияни кўрганингизда эди.

Ҳаттоки президент бош ошпази ва хавфсизлик хизматчилари менга охирги ойда президентимиз ташрифлари вақтида ўзбекистонлик меҳмонлар билан бирга суратларга тушишганини қувонч билан кўрсатишди. Уларнинг барчаси ўзбек миллий таомларини ёқтиришларини айтишди ва ўзбекистонликларга бўлган ҳурматларини чексизлигини таъкидлашди.

Элёр Тураев с президентом Республики Корея
© Foto: Фото из личного архива Элёра Тураева
Корея президенти Мун Чжэ Ин билан

— Ўзбекистонга тез-тез бориб турасизми? Мамлакатда бўлаётган ўзгаришлар қай даражада?

— Уйга бир йилда 1-2 марта бориб тураман. Охирги марта шу йилнинг март-апрель ойларида бўлдим. Ўзгаришлар жудаям кўп: янги кўприклар, янги меҳмонхона, кўп қаватли турар-жой масканлари қурилган ва қурилмоқда. Бизнесмен ва инвесторларга жуда яхши муҳит яратилаётганини сездим.

— Ўзбекистонда меҳмонхона ва туризм бизнесини ривожлантириш учун нималарга эътибор бериш керак деб ўйлайсиз?

— Ўзбекистонда ушбу соҳани ривожлантириш учун Бутунжаҳон Савдо Ташкилоти (WТО) га аъзо бўлиш, чемпионатлар, Олимпия ўйинларини ўтказиш, бино ва иншоотлар, меҳмонхоналарни потенциал инвесторларга тақдим этиш ва инвесторларни жалб қилиш лозим деб ўйлайман. Айниқса, кейинги вақтда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ва қабул қилинаётган ҳужжатлар ушбу соҳанинг жадал ўсишини таъминлайди деган фикрдаман.

— Келгусидаги режаларингиз қандай?

— Ҳозирда Хитойда тажриба орттиряпман. Келажакда ўз ватанимда ушбу соҳада ўз бизнесимни йўлга қўйиш ва бу ерда орттирган тажрибамни қўллаш ниятим бор.

Асосий мавзулар