16:44 24 Январ 2018
Эфир
Афғон жангчилари ва Ислом давлати жангарилари тўқнашуви. Архив сурат

Афғонистон-2016: “ИД”, "Толибон", Хитой орзулари ва Тожикистон хадиги

AFP/ Noorullah Shirzada
Дунёда
Ҳавола олиш
138411

Экспертлар 2016 йил Афғонистон учун “ҳаёт-мамот” йили бўлишидан хавфсирашмоқда. Ҳукумат шаҳарларни тўлиқ толиблар ҳукмига “топшириши” мумкинлиги ва мамлакатда “Ислом давлати” таъсири ортиши тахмин қилинмоқда

ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Баҳор келиб, баланд чўққили довонларда қорлар эриши билан, қоидага мувофиқ, қўшни Афғонистондаги радикал исломий гуруҳлар ҳам "ғимирлаб" қолишади.
Террорчилар бу йил Тожикистон чегарачилари кучини синашга ботинадими ва Афғонистондаги аҳвол қандай мавжуд сценарийлар асосида ривожланиши тўғрисида Sputnik материалида ўқинг.


Хавфсизлик доираси тобора торайиб бормоқда

Экспертлар фикрича, ўтган йил давомида, яъни бўлиб ўтган президент сайловларидан сўнг Афғонистон раҳбари – Ашраф Ғани ҳукуматни шакллантира олмади. Деярли 12 провинцияларда губернаторлар ҳамда шаҳар раҳбарлари тайинловсиз қолди. 34 провинциядан 25тасида ҳарбий ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Мамлакат Бош штаби маълумотларига кўра, бугунги кунда Афғонистон ҳудудида 50 мингга яқин толибончилар жанг олиб бормоқда. Аммо, илгарилари улар асосан жанубий провинцияларга кўпроқ ҳужум қилган бўлса, ўтган йилнинг ёз ойларидан бошлаб, Тожикистон билан чегарадош – Қундуз шаҳрида ўрнашиб олган.

Айрим маълумотларга кўра, Тожикистон билан Афғонистон чегарасининг 40-50 кмга яқин ҳудудида бирорта афғон чегарачиси йўқ, сабаби, белгиланган чегара қисми толиблар назоратига ўтган.

Парча-парча қилинган Афғонистоннинг янги мусибати эса – “Ислом давлати”дир. Афғонистон давлати Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, айни вақтда мамлакатда мавжуд “ИД” жангарилари сони тахминан 5 минг нафарни ташкил қилади. Америкаликларнинг сўзларига қараганда эса, Афғонистондаги “Ислом давлати” террорчилари сони ҳақиқатда 3 мингдан зиёд бўлиши мумкин эмас.

Регионни ўрганувчи айрим тадқиқотчилар эса, Афғонистондаги жангарилар сони 7-8,5 минг нафарлигини таъкидлашмоқда. Гап бу ерда, Сурия ёки Ироқдан келган радикал исломий гуруҳлар ҳақида эмас, балки лагерни алмаштиришга қарор қилган толиблар, яъни афғонлар ҳақида бормоқда.

“ИД” ва толибларни Россия Ҳарбий Космик Кучлари ёрдамида бомбардимон қилиш керак”

Афғонистондаги воқеалар ривожини бутун дунё диққат ила, бутун Марказий Осиё региони эса – ҳадик ила кузатмоқда. Марказий Осиё давлатлари Афғонистон билан чегарани мустаҳкамламоқда, ўз армияларининг жанговор ҳолатини такомиллаштирмоқда.

Яқинда Тожикистонда кенг кўламда Россия-Тожикистон ҳарбий ўқув-машғулотлари, аниқроғи ҳозирда Афғонистонда фаолият юритаётган кўпсонли террорчилик ва экстремистик ҳаракатлари учун намунавий чиқишлар ўтказилди. Тожикистонда апрел ойида ўтказиладиган ўқув машғулотлари ҳам худди шундай мақсадларда ўтказилади. Аммо бу сафар бу машғулотларда ОДКБга аъзо барча мамлакатлар иштирок этади.
Афғонистон ҳукуматининг 2016-йилдаги асосий масалалари ва мамлакатда воқеалар ривожи қайси сценарий асосида ривожланиши, Тожикистондаги вазият қандай тус олиши мумкинлиги ҳақида экспертлар фикр билдиришди.

БМТнинг Афғонистонга кўмак бериш миссияси раҳбари Николас Хейсомнинг сўзларига қараганда, 2016 йилда Афғонистон олдида асосий масала – “омон қолиш” масаласидир. У бу ҳақда жорий йил 16 март куни БМТ Хавфсизлик кенгашида баёнот қилган.

Унинг сўзларига қараганда, Афғонистон ҳукумати мамлакатдан халқаро ҳамжамият чиқиб кетиши қандай оқибатга олиб келишини кўра билмаган, иқтисодий ўсишга бўлган умид ва минерал ресурслар эксплуатацияси эса исталган натижани бермади.

"Устига-устак, прогнозчилар бу йил ёзда қурғоқчилик рўй бериши хавфи мавжудлигидан огоҳлантиришган. Бу эса, табиийки, ҳосилдорликка таъсир кўрсатмай, қолмайди. Мамлакатдаги ишсизлик эса тартибсизликларни келтириб чиқариши мумкин”, — деди Хейсом.

Эксперт фикрига кўра, толибон бу йил тажовузкорликни сусайтиришига умид қилмаса ҳам бўлади, аксинча, Қундуздаги ғалабадан руҳланган жангарилар ҳужум қилишда давом этиши таъкидланмоқда.

Жангарилар ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудларни кенгайтиришга уриниши мумкинлиги тўғрисидаги фикрга россиялик сиёсатшунос, замонавий Афғонистонни ўрганиш маркази эксперти Дмитрий Верхотуров ҳам қўшилмоқда.

"Менинг фикримча, энг тўғри сценарий қуйидагича: толибон ҳарбий ҳаракатлар олиб бориладиган ҳудудларни кенгайтиришга ҳаракат қилади, улар бу ишни Тожикистон-Афғонистон чегарасини бузиб ўтиш орқали бўлса ҳам, амалга оширишга уринади, аммо катта йўқотишларга дуч келиб, тамомила йўқ қилиб ташланиш ҳақидаги пўписадан кейингина ортга чекинишга мажбур бўладилар”, — дея тахмин қилди сиёсатшунос.

Сиёсатшуноснинг сўзларига қараганда, яқинда бўлиб ўтган Россия-Тожикистон ҳарбий машғулотларида Россия Ҳарбий Космик Кучларининг қуруқликдаги кучларни қўллаб-қувватлаш тактикаси машқ қилинган. Бунда Ту-22М3 бомбардимончилари ва Су-25СМ ҳужумчи самолётлари қатнашган. “Стратеглар” томонидан Помир ғорларига 500 килограмм калибрли авиабомбалар улоқтирилган.
"Хуллас, агар жангарилар Тожикистонга бош суқадиган бўлишса, уларнинг бошига Суриядаги инилари куни тушиши мумкин: яъни, улар ҳаводан бериладиган зарбалар остида қолиб кетишади” – дейди Верхотуров.

“Шу маънода, — дейди сиёсатшунос. – энг аввало “Ислом давлати” террорчилари бўйлаб зарба бериш ҳақида Афғонистон ҳукумати билан келишиб олиш фойдадан ҳоли бўлмасди. Чунки, бу Афғонистон ҳукуматига тинчлик ўрнатиш борасида катта ёрдам берган бўлар эди”, — дейди у ишонч билан.

Толиблар ҳужумга ўтмаслиги мумкин, аммо “Ислом давлати”ни Қобул жиловда тутолмайди.

Сиёсий фанлар доктори, Россия-Тожикистон университети кафедра бошлиғи Ҳамид Саидов эса Афғонистон шимолида жорий йилда воқеалар ўта кескин тусда ривожланишини таъкидламоқда.
“Сўнгги уч ой давомида рўй бераётган воқеалар, бунинг яққол исботидир, дейди ўз вақтида Афғонистонда собиқ Иттифоқ Бош Ҳарбий маслаҳатчиси аппаратида хизмат қилган эксперт.
"Мен Боғлон, Қундуз, Фориаб ва Балх провинцияларида рўй берган ҳодисаларни назарда тутяпман. Мавжуд маълумотларга кўра, ушбу провинциялардаги 20мага яқин шаҳарларда ҳукумат доимий тарзда ўзгариб туради, раҳбарлик гоҳ толиблар, гоҳ ҳукумат кучлари қўлига ўтади. Шу муносабат билан толиблар маҳаллий ҳукуматга қарши қаратилган ташвиқот ишларини кучайтирган. Натижа ўта қайғули – Афғонистон қуролли кучлари сафларида, шунингдек полицияда оммавий дезертирлик кетмоқда”, — дея алоҳида таъкидлади у.

Саидовнинг фикрича, афғон ҳарбийлари ҳозирча мамлакат шимолига таъсир ўтказа олади, Тожикистон учун эса бу муҳим.

"Шундай бўлсада, Тожикистон муҳофазани кучайтириши ва ушбу ҳудудни қаттиқроқ назоратга олиши керак. Хамадоний, Пархар, Панж туманларида яшовчи аҳоли нариги томонда мунтазам равишда отишма овозлари эшитилиб туришини таъкидлашмоқда”, — дея таъкидлади эксперт.

Аммо Тожикистон сиёсатшунослар Ассоциацияси раиси Абдуғани Мамадазимонинг фикрига кўра, Афғонистон томондан “баҳорий қўзғалиш” бўлиши мумкин эмас. Тожикистоннинг ҳавотирланишига асос йўқ, деб айтди у.

 

“2004 йилдан буён, яъни Тожикистондан Россия ҳарбий аскарлари олиб чиқиб кетилгандан буён бизни “Толибон”нинг кескин ҳужуми ҳақида огоҳлантириб келишади, шу боис, хавфсирашга ҳожат йўқ, — дейди ишонч билан Мамадазимов. 

Экспертнинг фикрича, толибон эмас, “Ислом давлати” террорчилик уюшмасидан кўпроқ ҳавотирланган маъқул. “Халифат”(қора байроқ” мафкураси билан қуролланиб олган “ИД” мусулмонлар яшайдиган давлатлар ўртасидаги чегарани тан олмайди, шу боис, бир чегарадан иккинчисига осонликча ўтаверади”, дейди сиёсатшунос.

Мамадазимовнинг сўзларига қараганда, мана шу ерда Афғонистон ҳақиқатда бор имкон билан бериладиган ёрдам ва қўллаб-қувватлашга муҳтож.

“Яна битта ёв устидан Қобул аниқ ғалаба қозона олмайди”, дейди эксперт.

Майдонда ўйинни ким бошқаради?
Бугунги кунда “афғон майдонида” ўйинчилар кўп. Ҳарбий можарода иштирок этиш ниятида бўлган, ёинки, урушни тўхтатиш учун бел боғлаган гуруҳларга бошлиқ бўлмоқчи бўлганлар ҳам анча.

АҚШ, Хитой, Афғонистон ва Покистон+ “Толибон”, яъни “4+1” музокара гуруҳи кенг кўламда ҳаракатлар олиб бормоқда. Аммо экспертлар фикрича, бу гуруҳ фаолияти самара бермади. Шунингдек, Хитой-Покистон-Афғонистон-Тожикистон альянси ҳамда Ҳиндистон, Хитой, Россия, АҚШ, Эрон, Покистон ва Афғонистон(“6+1”) таркибида янги ишчи гуруҳини ташкил қилиш режалаштирилмоқда.

"Кутилган натижани бермаган “4+1” форматининг ўрнини Хитой-Ироқ-Афғонистон-Тожикистон томонидан тузилаётган альянс босиши мумкин, — деб ҳисоблайли Ўрта Шарқ ва Марказий Осиё бўйича эксперт Александр Князев. — Ушбу альянсни бошқаришга Хитой даъвогарлик қилмоқда. Пекин ҳукумати Афғон йўналиши ҳамда унга қўшни бўлган мамлакатларда ўз сиёсатини тобора изчиллик билан олиб бормоқда".

Экспертнинг сўзларига қараганда, 2014 йилдаёқ вазиятга маълум маънода таъсир кўрсатишга уриниш амалга оширилган. "Ўшанда Хитой, Тожикистон ва Афғонистон Бадахшон провинциясида чегарани ҳамкорликда назорат қилиш борасида уч томонлама келишув имзолашган эди. Яъни, Афғонистон шимолида Хитойдан Эронга элтувчи йўл қурилишини таъминлаш учун".
Аммо шу пайтнинг ўзида Афғонистон шимоли-ғарбида ва Бадахшон Қундузида бошланган террорчилик гуруҳларининг фаоллашуви бу қурилишни бошлашга йўл қўймади.

Князевнинг фикрича, сиёсий ўйин иштирокчилари Хитой регионда жадаллик билан ўз хавфсизлик тизимини яратишга уринаётганини ҳисобга олишлари лозим. Хитойнинг ўзи ҳам таркибида мавжуд "6+1"(Хитой, Ҳиндистон Россия, АҚШ, Эрон, Покистон ва Афғонистон) ишчи гуруҳининг тузилишига қаршилик кўрсатаётгани ҳам ўйинчилар эътиборида бўлиши керак, деб ҳисоблайди эксперт.

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, ушбу ҳолатда Россия ўз позициясини кучайтирмоғи лозим. Аммо қай тарзда?

Россия ҲККга қарашли Ту-160 ракетаташувчи-бомбардимончиси. Архив сурат
Министерство обороны РФ

Экспертларнинг айтишича, афғонлар Россиянинг Сурияда эришган ютуқларидан қойил қолган. “3,5 ой ичида Россия можаро ўчоғига айланган регионда урушни деярли тўхтатди. "Башар Асадни тахтдан ағдаришни ўз олдига мақсад қилиб олганлар битта стол атрофида ўтириб, музокара олиб боришларига ярим йил олдин ҳеч ким ишонмаган эди”, деб айтмоқда афғон парламентидагилар.
Аммо Абдуғани Мамадазимовнинг фикрича, Россия Афғонистонда Сурияда ўтказаган ҳарбий-ҳаво операциясини такрорлай олмайди.

Чунки бу ердаги реаллик шуни тақазо қилади.

Асосий мавзулар