05:52 22 Сентябр 2017
Эфир
Шайх-ул-ислом Гажи Аллоҳшукур Пошозода. Архив сурат

Шайх-ул-ислом “немисча ислом” ғояси яратилишини танқид остига олди

© Управление мусульман Кавказа
Дунёда
Ҳавола олиш
10701

Шундай кучлар борки, улар ислом динидан ўз сиёсий амбициялари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилмоқда, натижада, кейинги пайтларда Ғарбда исломофобия кайфияти қайта жонланди, деб таъкидлади Кавказ Мусулмонлари Бошқармаси раҳбари.

Германия насроний-ижтимоий уюшмаси Бош котиби Андреас Шойер мамлакатда ислом ҳақида қонун қабул қилиш зарур, деган баёнот билан чиқди. Шойернинг фикрича, ушбу қонун мамлакатда фаолият юритиб турган масжидларнинг чет давлатлардан молиявий кўмак олишини таъқиқлаши лозим. Бундан ташқари, масжидларда сўзлашув тили немис тили бўлиши даркор, қолаверса, Европада исломнинг алоҳида бир оқимини яратиш керак. Ушбу масалага изоҳ олиш мақсадида, Sputnik Озарбайжон Кавказ Мусулмонлар Бошқармаси раиси шайх-ул-ислом Гажи Аллоҳшукур Пошозодага мурожаат қилди.

— Каказ мусулмонлар Бошқармаси Европада янги мусулмонлар оқими яратилиши ғоясини қандай баҳолайди?
— Бисмиллоҳи раҳмони раҳим! Маълумки, Аллоҳ таоло инсонларга Ўзи юборган ҳақ диннинг асоси қилиб  Қуръонни нозил қилди, сўнгра бу Қуръонни инсонларга кенг тушунтириб, баён қилиб бериш учун Муҳаммад с.а.в. ни  вакил қилди. У зот эса бу вазифани адо этишда ўз нафсидан эмас, балки илоҳий илҳом билан гапирардилар.  Демакки, ислом номидан  сиёсий кураш учун фойдаланилаётган диний оқимлар мусулмон йўналишидаги оқимлар, деб аталиши мумкин эмас.
— Бундай ғоя пайдо бўлишининг сабаби сизнингча, нимада?
— Менинг фикримча, буларнинг барчаси диндан, жумладан, ислом динидан ўз сиёсий амбицияларини ҳаётга татбиқ этишга уринаётган кучлар томонидан амалга оширилмоқда. Натижада эса, Ғарбда кейинги вақтларда исломофобия кайфияти кучайиб бормоқда.

— Европада, шу жумладан, Германияда яшаб келаётган мусулмонлар Ғарб қадриятини тарғиб қилиши керакми?
—  Европа қадрияти Европа мамлакатлари қонунчилигида ўз аксини топган. Европада истиқомат қилиб келаётган мусулмонлар ўзлари яшаётган мамлакат қонунларини ҳурмат қилишлари лозим. Аммо, шу билан бирга, исломий қадриятлар ҳам зарар кўриши керак эмас.
— Мусулмонлар намозни немис тилида ўқишлари ёки имомлар ўз фаолиятини бирор бир европа тилида олиб боришлари ҳолатини қандай баҳолайсиз? Бу нормал ҳолатми?
— Намоз ўқиш Аллоҳ томонидан амр қилинган ва уни Аллоҳ буюргандек тўкис ва мукаммал тарзда – яъни, араб тилида адо этиш лозим. Оятларнинг бошқа тилларга таржимаси эса Аллоҳнинг сўзлари эмас, балки — тафсирдир. Ҳар бир халқ ҳутбани ўз тилида тинглаши мумкин.
— Германияда фаолият юритаётган масжидлар ва мусулмон болалар боғчаларининг чет элдан молиявий кўмак олишига қарши қаратилган ҳаракатларга қандай қарайсиз?
— Ҳар бир давлат ўз имконияти доирасида ўз фуқароларининг аҳлоқий-диний ҳаётида иштирок этиши, шу жумладан, маданий-аҳлоқий эҳтиёжларини қондиришда, молиявий кўмак бериши лозим. Агар бу йўналишда моддий эҳтиёжлар қондирилса, чет элдан молиявий кўмак олишга бўлган эҳтиёж ўз-ўзидан йўқолади.

Германия насроний-ижтимоий уюшма Бош котиби Андреас Шойер мамлакатда ислом дини тўғрисида қонун қабул қилиш лозимлиги таъкиди билан  чиқди. Унинг фикрига кўра, ушбу қонун мамлакатда фаолият юритаётган масжидларнинг чет элдан кўмак олишини таъқиқлаши лозим.
"Масжидларга ҳамда мусулмон болалар боғчаларига чет элдан, шу жумладан Туркия ҳамда Саудия Арабистонидан молиявий кўмак олишни таъқиқлаш лозим. Барча имомлар Германияда таҳсил олишлари ва немис қадриятларини тарғиб қилишлари лозим”, — дея баёнот қилди сиёсатчи.
Бундан ташқари Германиядаги масжидларда мулоқот тили немис тили бўлиши, ҳамда Европада алоҳида исломий оқим яратилиши лозимлиги айтилмоқда. Германия канцлери Ангела Меркель ушбу таклифни маъқуллади ва у Бундестагга муҳокамага қўйилиши айтди.

Асосий мавзулар