12:37 17 Октябр 2017
Эфир
Дональд Трамп

CNN Трамп қасамёд вақтида ўлдирилса ким президент бўлишини тахмин қилди

AFP / DON EMMERT
Дунёда
Ҳавола олиш
61911

Бугун бўлиб ўтадиган инаугурация билан боғлиқ вазият мураккаб. Туш пайтига келиб Барак Обаманинг вазирлари, жумладан давлат котиби Жон Керри ҳам ваколатларини топшириб бўлишади

ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. CNN телеканали Дональд Трамп инаугурация вақтида ўлдирилса президентлик ваколати кимга ўтиши ҳақида лавҳа тайёрлади, деб хабар бермоқда РИА Новости.

Репортёр Брайан Тодд нафақат сайланган президент, балки вице-президент ва конгресснинг юқори мартабали амалдорларига бўладиган суиқасдлар сценарийсини ҳам кўриб чиқди.

Телеканалнинг маълум қилишича, АҚШ конституциясига кўра, президент ва вице-президент ўлдирилган бўлса ёки бирор сабабга кўра ўз вазифаларини бажара олмаса, уларнинг ўрнини вакиллар палатаси спикери эгаллайди, агар у билан ҳам нимадир содир бўлса, унда бу вазифани сенатнинг вақтинчалик раиси бошқаради. Агар уларга ҳам нимадир бўлса, у ҳолда президентлик вазифаси давлат котибидан бошлаб вазирларга ўтади.

Бугун бўлиб ўтадиган инаугурация билан боғлиқ вазият эса янада мураккаб. Туш пайтига келиб Барак Обаманинг вазирлари, жумладан давлат котиби Жон Керри ҳам ваколатларини топшириб бўлишади.

Лекин Трамп томонидан бу лавозимга илгари сурилган Рекс Тиллерсон ҳали сенат томонидан тасдиқланмаган.

Шунинг учун 20 январь туш пайтида давлат департаменти бошлиғи вазифасини давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Том Шеннон вақтинчалик бажариб туради. Бундан ташқари, АҚШда фавқулодда вазиятлар учун навбатчи ворис ҳам танлаб қўйилади, одатда у вазирлардан бири бўлади. У инаугурация маросимида иштирок этмайди ва яширин жойда қўриқланади, исми ҳам ошкор этилмайди.

Навбатчи ворис ҳам Трамп жамоасидан бўлмайди — сенат ҳали ҳеч кимни тасдиқлагани йўқ. У Обама маъмуриятидан бўлади, дейди CNN.

"Инаугурацияда иккита ворислик йўли бор: бири — ҳозирча ҳукумат тепасида турган Барак Обама маъмурияти, иккинчиси эса Дональд Трамп лавозимни эгаллаб, сенат уни тасдиқлаганидан кейин пайдо бўлади", — деди сиёсатшунос Жон Фортье.

CNN лавҳаси ижтимоий тармоқларда кескин танқидларга учради.

Эслатиб ўтамиз, бугун АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг инаугурация маросими бўлиб ўтади.

Асосий мавзулар