Маданият

Москвада Наврўз байрами тантанали нишонланди

© Sputnik / Игорь ЛекаркинМосквада Наврўз байрамини нишонлаш
Москвада Наврўз байрамини нишонлаш - Sputnik Ўзбекистон
Россия пойтахтида ўнинчи марта МДҲ ва Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон мамлакатлари вакилари иштирокида Наврўз байрами нишонланди. Байрам тантанасига Москвада яшаётган кўплаб миллат вакиллари йиғилди.

ТОШКЕНТ, 21 мар — Sputnik. Москвада якшанба куни ВДНХ боғида Наврўз байрами катта тантана билан нишонланди.

Ҳаво совуқ бўлишига қарамасдан, Наврўз танатаналари ўтказилаётган катта павильон ичида илиқ, қуёшли муҳит ва ҳақиқий байрам кайфияти ҳис қилинарди.

ВДНХ боғининг 75 чи павильонига киришда меҳмонларни рус миллий ашула ва рақсилари ансамбли кутиб олди. Кенг павильон ичида ўнлаб мамалкатлар стендлари жойлашган эди. Улар орасида МДҲ мамалкатларидан Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Озарбайжон стендлари, Россиянинг Татаристон, Бошқирдистон, чет эл мамлакатларидан Эрон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон бор эди.

Ҳар  бир мамлакат стенди ўз-урф одатларига хос, миллий безаклар ва амалий санъат намуналари билан безаган бўлиб, яна у ерда миллий таомларни татиб кўриш мумкин эди.

Ўзбекистон миллий ва маданий автономияси томонидан ташкил қилинган Ўзбекистон стенди ҳам, бошқалар каби, рангба-ранг бўёқлар, амалий санъат намуналари ва миллий таомларга бой эди. Стенд ичкарисида турли ипак матолар, кулолчилик намуналари, тақинчоқлар, ўзбек дўппиларини томоша қилиш мумкин эди.

Павильонда рангба-ранг безатилган стендлардан ташқари бир-бирига маданий ва руҳий жиҳатдан яқин бўлган ўнлаб миллат вакиллари тўпланган бўлиб, барчанинг юзида табассум ва баҳорий қувноқ кайфият кўриш мумкин эди. Гоҳ у, гоҳ бу томондан миллий мусиқа ва қўшиқлар жаранглаб одамларни ўзига жалб қиларди. Миллий либослар кийган қиз ва йигитларни барча қизиқиб томоша қилар эди. Ушбу кун Наврўз ўзининг баҳорий нафаси билан барчани бирлаштирди десак адашмаймиз.

Соат 1 да павильонда ўрнатилган катта саҳнада байрам концерти бошланди. Концерт олдидан турли мамлакат элчилари ва байрам ташкилотчилари сўзга чиқиб барчани байрам билан табриклади.

“Ушбу байрамнинг мақсади – барчамиз бир ажойиб катта шаҳар, ажойиб катта мамлакат  ва гуллаб яшнаётган ягонда ер шари вакиллари эканлигимизни ҳис қилишдир. Биз ушбу дунёни янада тозароқ, янада меҳрибонроқ бўлиши учун жавобгармиз ва биргаликда кечирган бахтли дамларимизни янада кўпроқ қадрлашимиз керак”, — деди Москва Миллатлар сиёсати, регионлараро алоқа ва туризм департаменти раҳбари Владимир Черников.   

Черников йиғилганларга Москва мэри Сергей Собяниннинг табрик сўзларини ҳам еткизиб, унинг номидан барчага баҳорий кайфият, бахт ва саодат тилади.

Саҳнада, меҳмонларга Наврўз тарихига бағишланган қисқа ҳикоя намойиш этилди ва ундан сўнг турли мамлакатлардан келган мусиқа ва қўшиқлар янгради. Концертни рус ашула ва рақс ансамбли очиб берди. Ундан кейин татар, эрон, тожик, ўзбек ва бошқа миллатлар куй ва қўшиқлар жаранглади.

Таниқли эстрада артисти, Озарбайжоннинг Россиядаги элчиси Полад Бюльбюль-Оглы сўзга чиқаркан “Ушбу байрамнинг диний асоси йўқ, у баҳор ва табиат қайта туғилишига бағишланган ва шунинг учун ҳам у кўплаб миллатларга яқин.”, — деди. 

Саҳнада янграган мусиқа ва қўшиқлар томошабинлар орсида хучшчақчақ кайфият ва олқишларга сазовор бўлди. Қувноқ миллий мусиқалар янграши билан эса — томошабинлар орасида қизғин рақслар бошланиб кетарди.   

Байрам тантаналари кеч соат 20:00 га қадар давом этди. Ушбу кун барча, миллати, келиб чиқиши ва динига қарамасдан, ўзини ягона катта ва аҳил оила аъзоси эканлигини ҳис қилди. Наврўз бу баҳор ва табиат байрами, она табиат олдида эса — ҳар бир инсон баробар.

Янгиликлар лентаси
0
Аввал янгилариАввал эскилари
loader
LIVE
Заголовок открываемого материала