Ўзбек мигрантлари нима сабабдан Россияга орқа ўгирмоқда

© Sputnik / Илья Питалев / Медиабанкка ўтишМигрантлар
Мигрантлар - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов Москвага уюштирган ташрифи давомида ўзбекистонликлар учун миграция қонунчилигида енгилликлар берилиши масаласини ҳал қила олмади. Бунинг натижасида, ўзбекистонликлар энди Россияга альтернатива излашга мажбур бўлмоқда. Хўш, ўзбек мигрантлари эндиликда қаерга йўл олишлари мумкин?

ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Баҳор келиши билан аксарият ўзбекистонликлар иш излаб хориж давлатларига, асосан, Россияга йўл олишади. Аммо Россияда иқтисодий аҳволнинг чатоқлиги, қолаверса, мигрантлар иштирокида ҳар куни содир этилаётган шов-шувли жиноятларни ўқиган борки, Россия боришга ўйланиб қолмоқда.

Мигрантлар. Россия. - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон ва Россия мигрантлар масаласи бўйича учрашув ўтказади

Яқинда Москвага уюштирган ташрифи давомида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўзбекистонликлар учун миграция қонунчилигида енгилликлар берилиши масаласини ҳал қила олмади. Бунинг натижасида, эндиликда Ўзбекистон фуқаролари Россияга альтернатива излашга мажбур бўлишмоқда, деб ёзади The Guardian нашри.

Россия Федерал Миграция хизматининг сўнгги расмий маълумотига кўра, ҳозирда Россияда 1,9 миллион ўзбекистонликлар меҳнат қилмоқда. Бу эса, 2015 йилги кўрсаткич билан солиштирилганда, 15 % кам демакдир.

Марказий Банк эса Россиядан келадиган пул жўнатмалари кескин камайгани ҳақида маълумот берган.

Қоидага мувофиқ, апрел-май ойлари — Россияга йўл олувчилар учун "сезон" даври ҳисобланади. Аммо Тошкентда истиқомат қилувчи Суюн Усмонов ва унинг рафиқаси учун, афсуски, бу — Россиядан қайтадиган давр бўлди. Усмоновнинг сўзларига қараганда, эндиликда Россияда ҳам қорин, ҳам уй учун етарли маош бериладиган ишни топиш амримаҳол бўлиб қолган.

"Меҳнат мигрантининг маоши, одатда, ойига 20-30 минг рублни ташкил қилади. Аммо, еб-ичишдан орттиришни истасангиз, камида 40-45 минг рубллик иш топишингиз керак", — деб ҳикоя қилади Усмонов.

Россия парламенти аъзоларининг фикрича, 2016 йил бошиданоқ мамлакатдаги иқтисодий аҳвол яхшиланмаслиги аён бўлган: нефт баҳосининг тушиши, давлат бюджетидаги катта дефицит дегандек…

Миллатлар ишлари бўйича Дума қўмитаси раҳбари Гаджимет Сафаралиев эса Россия Думасига патент олишни истайдиган мигрантларга руҳий соғломлик тўғрисида маълумотнома олишни мажбурий этиб белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тақдим этди. Патент расмийлаштираётган мигрантлар ҳозирда гиёҳвандлик, ВИЧ, сил ва тери таносил касалликларини аниқловчи тестдан ўтмоқда.

Мигрантларнинг тест топшириш жараёни - Sputnik Ўзбекистон
ОАВ: Россияда мигрантлардан тест олиш жараёни мураккаблаштирилади

Меҳнат мигранти — тиббий суғурта, ИНН, рус тили ва тарихи бўйича етарли билимга эгалигини тасдиқловчи сертификатга эга бўлиши лозим. Бу ҳужжатларни 1 ой вақт ичида ололмаган мигрантга 10 минг рубл жарима солинади.

Россия амалдорлари молиявий қийинчиликлар мигрантларни жиноятга қўл уришга мажбур қилаётгани ҳақида тез-тез тилга оладиган бўлдилар.

Яқиндагина Хован қабристонида рўй берган оммавий муштлашув ва отишмадан кейин, Россия Давлат Думаси депутатлари Россия миграция қонунчилигида туйнуклар мавжудлиги, ташқи ва ички миграция қоидаларини янада кучайтириш лозимлиги таклифи билан чиқдилар.

Мисол учун россиялик корчалонлардан бири Николай Патрушев яқинда берган интервьюсида, 2015 йилда Россияда мигрантлар томонидан 58 мингта жиноят содир этилгани ҳақида гапирди.

Москва прокурори Сергей Куденеев эса "МК"га берган интервьюсида Москвада жиноят содир этаётган мигрантларнинг асосий қисмини Марказий Осиё фуқаролари ташкил қилишини айтди.

"Агар, дейлик, жиноятчиларнинг ўзига хос рейтингини тузадиган бўлсак, биринчи ўринни Ўзбекистон фуқаролари эгаллайди — улар томонидан 2522та жиноят содир этилган, улардан кейин тожикистонликлар туради(1745), учинчи ўринда эса қирғизистонликлар(1269)", — дея изоҳ берган прокурор.

Скинхедлар Тожикистон фуқароларига ҳужум уюштираётган вақт - Sputnik Ўзбекистон
Москвада бир гуруҳ скинхедлар Тожикистон фуқароларига ҳужум қилди
Шу билан бирга мигрантларнинг ўзлари ҳам аксарият ҳолларда жиноятчилар қурбонига айланмоқда. Виждонсиз иш берувчилардан ўз меҳнат ҳақини ололмаган ёхуд миллатчи жиноий гуруҳлар томонидан калтакланганлар қанчадан-қанча.

"Россия бизнеси кўпинча номаъқул схемаларни ишлатади. Ошкоралик йўқ, коррупция эса юқори даражада. Мана шу ҳолатлар мигрантларни жиноятга қўл уришга ундамоқда. Яхши жойга ишга қабул қилиниши учун мигрантларга ҳеч қандай шароит яратилмаган", — деб таъкидлаган бу борада нашрга ўзбек сиёсатшуноси Анвар Назиров.

Ватанга қайтишга қарор қилган ўзбекистонликларнинг аҳволи не кечмоқда? Афсуски, Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларига ёрдам беришга кўпам шошилмайди.

Ўтган йилнинг ўрталарида Ўзбек ОАВларида Ўзбекистон ва Россия ўртасида ўзбекистонликларни Россияда ишга жойлаш ҳақида иккиёқлама битим имзоланиши ҳақида хабар қилинган эди. Орадан бир йил ўтди, аммо меҳнат мигрантларига шароит яратилишини назарда тутувчи битим мева ва сабзавотларни етказиб бериш ҳамда қурол-аслаҳалар бўйича тузилган шартномалар соясида қолиб кетди.

Кўптармоқли супермаркетларнинг бирида мева-сабзавотлар. - Sputnik Ўзбекистон
Россия гипермаркетлари Туркия маҳсулотларини Ўзбекистон маҳсулотларига алмаштирмоқда

Шу туфайли, ўзбек мигрантлари бугунги кунда меҳнат миграцияси борасида Россияга альтернатив маршрутларни қидиришга мажбур бўлмоқда.

Рўйхатнинг биринчи қаторида эса қўшни Қозоғистон турибди.

Куз мавсумида ўзбекистонлик пахта теримчилари қозоқ фермерлари далаларига қараб йўл оладилар. Бу ерда терилган ҳар бир кило пахта учун Ўзбекистондагидан кўра анча юқори нарх тўлашади. Баъзи одамлар, омади чопиб, бундан-да яхршироқ иш ўринларини топишмоқда.

Мана мисол учун, 22 яшар ўзбекистонлик Сарвар Хамиджонов Қозоғистонга 17 ёшида келган. Ҳозирда у ўзининг 9 нафар қишлоқдошлари(андижонликлар) билан Олма-Отадаги мебел цехида силлиқловчи бўлиб ишлаяпти. Сарварнинг сўзларига қараганда, у ойига 500 доллар маош олади, турар жой, озиқ-овқат эса хўжайин зиммасида.

"Менга бу ерда ишлаш ёқади. Маҳаллий аҳоли яхши муносабатда, қозоқ тилини тез ўрганиб олдим. Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз ҳам харидоргир. Икки йил олдин Россияга борган эдим, уч ой ишладим, аммо кўниколмадим, яна Қозоғистонга қайтиб келдим", — деб ҳикоя қилади Ҳамиджонов.

Сарварнинг мақсади, пул тўплаб, ўз она шаҳри Андижонда мебел цехини очиш.

Аммо Қозоғистондаги иқтисодий аҳвол ҳам Россияникидан қолишмаяпти. Шу боис ўзбек мигрантлари орасида Бирлашган Араб Амирликларига йўл олаётганлар ҳам анчагина.

Гулноза турмуш ўртоғи билан беш йилдан буён Дубайдаги супермаркетда ишлайди. Уланинг биргаликдаги ойлик даромади 3 минг доллар. Шундан 500 долларини ёшлар бошпана ижараси учун сарфлашади. Кўриб турибсизки, бу ерда даромад қилиш имкони мавжуд.

"БААда иш ҳаммага етади. Бу ерда меҳнат қилаётган юртдошларимиз жуда кўп. Миграция қонунчилигини бузмасангиз бўлди, сиз билан бировнинг иши йўқ. Эрим билан биргаликда ишлаб топган пулимизга ватанда квартира ва машина олишга улгурлдик", — ҳикоя қилади аёл.

Шунингдек, мигрантларнинг каттагина қисми Туркияга йўл олмоқда. Маълумотларга кўра, ҳозирда Туркияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар сони 50 минг нафарни ташкил қилади. Аммо Суриядаги аҳвол туфайли Туркиядан қайтаётган ўзбек фуқаролари ҳукумат томонидан "антитеррор" тадбири доирасида сўроқ қилинмоқда.

Хабарларга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига Туркияга кетган фуқароларнинг оиласини кузатувга олиш мажбурияти юклатилган.

Тошкент-Москва поезди йўловчилари - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонга қайтаётган мигрантлар учун 35 минг иш ўринлари яратилди

Ўзбекистонликлар орасида шунингдек, Жанубий Кореяга кетиш ҳам оммалашиб бормоқда. Ўзбекистонликлар бу ерда, асосан, корхоналарда меҳнат қилишади ва ойига 1,5 —2 минг доллар топишади. Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари Улуғбек Назаров Тошкент телеканали мухбирига берган интервьюсида Жанубий Кореяда 16,5 минг нафар ўзбекистонлик ишга жойлаштиригани ҳақида хабар қилган. Март ойида эса икки давлат вакиллари ўзбекистонларни Жанубий Кореяда ишга жойлаштириш борасида меморандум имзолашди.

Меморандум тафсилотлари номаълум, аммо ўзбек матбуотининг ёзишича, янги ҳужжатда Ўзбекистондан Жанубий Кореяга кўпроқ ишчилар юбориш ва уларнинг малакасини оширишга доир бандлар бор.

Янгиликлар лентаси
0