Жамият

Ўзбек эксперти: Сарез кўли Марказий Осиёнинг катта қисмини йўқ қилиб юбориши мумкин

© AFP 2018 / KADAM MASKAYEVСарез кўли, Помир тоғлари.
Сарез кўли, Помир тоғлари. - Sputnik Ўзбекистон
Экспертлар Сарез кўли муаммосига бефарқ бўлмасликка чақиришмоқда. Уларнинг фикрича, табиий офатлар ушбу сув ҳавзасига зарар келтириши, бу эса ўз навбатида, бутун Марказий Осиё региони учун фожиали оқибатларга олиб келиши мумкин.

ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Ўзбек эксперти — Тошкент Давлат архитектура-қурилиш институти домласи Равшан Қодиров, Помир тоғларида жойлашган Сарез кўли Марказий Осиёдаги давлатлар, айниқса, Амударё этагида жойлашган мамлакатлар учун шу кечаю-кундузда катта хавф туғдирмоқда, деган фикрда.

Тошкент шаҳрида, АҚШ элчихонасида бўлиб ўтган техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар ва табиий офатларнинг оқибатларини бартараф этиш масалаларига қаратилган учрашувда Равшан Қодиров журналистларга бугунги кунда қарийб 19 миллион тонна сувга эга Сарез кўли эга тўсиқнинг чидамлилигига ҳеч ким кафолат беролмаслигини айтди.

"Ўз вақтида, 1911 йилда, Помир тоғларида  рўй берган кучли зилзиладан сўнг чучук сувли мана шу кўл ҳосил бўлган. Тоғнинг улкан девори қулаши натижасида, дарё ўзани тўсиб қўйилган ва шу жойда сув тўплана бошлаган. Аммо, зилзила тоғ қулаши натижасида рўй берган, деган гипотеза ҳам мавжуд. Шоҳлар ҳукмронлик қилган замонларда топографлар бу ҳудуддан ўтиб, шу ерда гувоҳи бўлган ғаройиб манзаралар: ҳаддан зиёд тик тоғ қоялари, қуёш нури умуман тушмайдиган чуқур ғор ҳақида ёзиб қолдиришган", — дея ёдга олди Равшан Носирович кўл тарихи ҳақида.

Эксперт, шунингдек, ушбу зилзила "садоси" минглаб километр нарида — ҳозирда Санкт-Петербургда жойлашган Пулково сейсмология станциясида ҳам қайд этилгани ҳақида қўшимча қилди.

Мутахассиснинг сўзларига қараганда, ҳали собиқ Иттифоқ тарқалмасидан олдин бу ҳудудга, Сарез кўли муаммосини ўрганиш учун, экспедициялар уюштирилган.

Ҳудуд ўта ёввойи бўлиб, чакалакзор оралаб ҳаракатланишнинг имкони йўқ эди. Шу боис, олимлар 500 метр баландликка эга уюмни бузиш ёки бўлакларга ажратиб олиш мумкин эмаслигини англайдилар. Табиийки, сув йилдан йилга тўпланиб боряпти, унинг оғирлиги инсон қўли билан яратилмаган дамбага босим ўтказишига шубҳа йўқ, шу боис, тўсиқ, вақт ўтиши билан ўзини қандай тутиши номаълум. Аммо, олимнинг фикрича, прогноз ва математик моделлаштиришни амалга ошириш мумкин. Фақат, дея савол ташлади эксперт, мабодо сув тўсиқни ёриб ўтиб, улкан тўлқин қуйига қараб ўзини урадиган бўлса, унда нима бўлади?

"Агар шундай бўлса, табиийки, сел вужудга келади. Сел нималигини ҳаммамиз яхши биламиз. Бу оқим қуйига қараб ҳаракатланадиган тақдирда, унинг тезлиги борган сари ошади, ва, олдинда яланглик бўлгани боис, у янада кенгаяди", — дея изоҳ беради Равшан Қодиров.

Экспертнинг фикрича, табиий офат юз берадиган бўлса, камида 6 миллион киши жабр кўриши мумкин. Бундан ташқари, Тожикистон, Афғонистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳудудлари сув остига ғарқ бўлиб, йўқ бўлиб кетиши мумкин.

"Агар харитага қарасангиз, англаб олишингиз қийинмаски, биринчи галда, Амударё қирғоғида жойлашган Термез шаҳрини сув олиб кетиши эҳтимоли бор. Бу табиий офат яна қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Дейлик, насос ёрдамида сув тортадиган Аму-Бухоро канали сел туфайли барбод бўлиши мумкин. Бу дегани, йирик массивлар сувсиз қолиши эҳтимоли бор. Охир-оқибат, турли катталикдаги тоғ жинси йиғиндилари, ўсимлик ва дарахт бўлакларидан иборат бўйи бир метрга тенг бу лойқа-сув оқими Орол ва Қорақалпоғистонгача етиб бориши мумкин", — дея қўшимча қилди эксперт.

Шунинг учун бугунги кунда ФВВ Ўзбекистоннинг фожиа юзага келиши эҳтимоли бўлган ҳудудларда ўқув машғулотларини ўтказмоқда.

Экспертнинг айтишича, юқоридагилар рўй бериши мумкин бўлган фожианинг бир варианти, холос. Бошқа тахминларга кўра, хавф бошқа жойдан ҳам чиқиши мумкин: яъни, кўлнинг ўнг томонидан вужудга келган кўчкининг ўпирилиши натижасида. Агар кўчки сув ҳавзасига келиб тушгудек бўлса, табиийки, ўз йўлида ҳар нарсани яксон қилишдек кучга қодир тўлқинни вужудга келтиради.

"Шу боис, бу кўчки ҳам назоратга олинган. Тожикистонлик ҳамкасбларимиздан ташқари, ўзимизнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ҳамда "Ўзгидромет" ходимлари доимий тарзда у ерда навбатчилик қилишмоқда. Бундан ташқари, фавқулодда ҳолат ҳақида огоҳлантириш тизими йўлга қўйилган бўлиб, офат юз берадиган тақдирда, Амударё этагида жойлашган барча давлатлар зудлик билан бу ҳақда огоҳлантирилади. Хавфли туманларда истиқомат қилувчи фуқароларни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Аммо офат қачон юз беради ва унинг оқибати қандай кечади, бу ҳозирча қоронғи. Нима бўлган тақдирда ҳам биз ҳар нега тайёр бўлишимиз шарт", — дея таъкидлади Қодиров.

Янгиликлар лентаси
0
Аввал янгилариАввал эскилари
loader
LIVE
Заголовок открываемого материала