Давлат санитария бошқармаси куйдирги касаллиги ҳақидаги миш-мишларни инкор этди

Oбуна бўлиш
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Бош давлат санитария врачи Саидмурод Саидалиевнинг Спутник Ўзбекистон мухбирига берган хабарига кўра, бугунги кунда республикада куйдирги касаллигига чалинган беморлар қайд этилмаган.

ТОШКЕНТ, 8 июл — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлиги интернет тармоғида катта шов-шувларга сабаб бўлаётган — Ўзбекистонда куйдирги касаллигининг авж олганлиги ҳақидаги маълумотни инкор этди.

Эслатиб ўтамиз, Ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти маълумотларига асосланган ҳолда жаҳон ОАВлари кейинги пайтларда айрим мамлакатларда хавфли инфекциялар билан боғлиқ вазият мураккаблашаётгани, қатор давлатларда куйдирги, оқсил ва Қрим-Конго геморрагик иситмаси каби касалликларнинг тарқалаётгани ҳақида бонг урилмоқда.

Қозоғистон ва Қирғизистон чегараси - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон куйдирги касаллиги туфайли Қозоғистон билан чегарада назоратни кучайтирди
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Бош давлат санитария врачи Саидмурод Саидалиевнинг Спутник мухбирига берган хабарига кўра, бугунги кунда республикада куйдирги касаллигига чалинган беморлар қайд этилмаган. Куйдирги, оқсил ва бошқа турдаги хавфли касалликлар юртимизга четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида бозорларда, кушхона, сўйиш майдончалари, гўшт дўконлари ва бошқа жойларда чорва моллар миграцияси устидан давлат ветеринария назорати янада кучайтирилган. Қўшни давлатлар билан чегара ҳудудлардаги барча чорвачилик объектлари дезинфекция қилиниб, чорва моллари кўрикдан ўтказилиб, чўмилтириш тадбирлари амалга оширилмоқда. Олиб борилаётган мана шундай чора-тадбирлар туфайли, мамлакатимиз ҳудудида барқарор эпизоотик вазият сақланмоқда.

"Жорий йилда Ўзбекистонда қиш илиқ келди, бунинг натижасида юқумли касалликларни уйғотувчи инфекциялар кўпайиши учун қулай шароит ҳосил бўлди. Шулар орасида куйдирги касаллиги ана шу турдаги энг хавфли инфекциялардан бири ҳисобланади. Касаллик мавсуми май ойида бошланиб, ноябргача давом этади. Шу туфайли мамлакат чегарасида назоратни кучайтирдик, жойларда доимий тарзда дезинфекция ишларини олиб боряпмиз", — деб таъкидлади Саидмурод Саидалиев.

Бундан ташқари, шифокорнинг сўзларига кўра, қўшни давлатлардан олиб келинаётган чорвачилик маҳсулотлари ва ҳайвонларни юртимизга киритиш борасида баъзи чекловлар ўрнатилган. Юқумли касалликлар қайд этилган давлатлардан рухсатномасиз олиб келинган декоратив қушлар, тухум, гўшт-сут ва улардан тайёрланган маҳсулотлар мамлакатимиз ҳудудига киришининг олди олинмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот-хизмати хабарига кўра, жойларда олиб борилаётган эпизоотияга қарши тадбирларнинг ўз вақтида ва самарадорлигини ошириш мақсадида Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан минг дона пуркагич, тўрт юз дона эмламаларни олиб юриш учун махсус термосумкалар, юздан ортиқ мотоцикллар харид қилиниб, қишлоқ жойлардаги ветеринария хизмат кўрсатиш нуқталарига етказиб берилди.

Шу билан бирга, эпизоотияга қарши ишларни мувофиқлаштириш мақсадида мамлакат, вилоят ва туманлар кесимида штаблар тузилиб, ҳайвонларни профилактик эмлаш, ташхислаш, даволаш, чўмилтириш, чорвачилик объектларини профилактик дезинфекциялаш ишларининг таҳлили олиб борилмоқда.

Бундай муаммолар келиб чиқишининг олдини олиш ҳар бир инсондан тиббий маданият ва ўз саломатлигига эътиборли бўлишни талаб этади. Бунинг учун соғлом турмуш тарзига, санитария-гигиена қоидаларига тўла риоя этиш лозим. Уйларда қорамол боқишда молхоналарни тоза тутиш, гўнг ва бошқа чиқиндиларнинг йиғилиб қолиши оқибатида турли инфекцияларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик ҳамда дезинфекция тадбирларини ўтказиш, ҳайвонларни йилига бир маротаба куйдирги касаллигига қарши профилактик эмлатиш, ҳайвонларда бирор-бир касаллик аломатлари кузатилганда дарҳол  ҳудудий  ветеринария хизматига мурожаат этиш даркор.

Янгиликлар лентаси
0