Олимлар: Ўзбекистонлик эркакларнинг ўртача бўй узунлиги 170 см ни ташкил қилади

Oбуна бўлиш
Олимларнинг фикрича, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи эркакларнинг ўртача бўйи узунлиги 169,4 сантиметрни, аёлларнинг бўй узунлиги ўртача кўрсаткичи эса - 157,8 смни ташкил қилди.

ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Энг новча эркаклар Нидерландияда истиқомат қилади, энг узун бўйли аёллар эса — Латвияда, eLife журнали олимлар томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари ҳақида ана шундай маълумотларни келтириб ўтмоқда.

Нидерландиялик эркакларнинг ўртача бўй узунлиги 182,5 см ни ташкил қилар экан. Улар бу кўрсаткичда Бельгия, Эстония, Латвия ва Даниялик эркакларни ортда қолдирган. Латвиялик аёлларга келадиган бўлсак, уларнинг ўртача бўй узунлиги 168 смни ташкил қилганлиги айтилмоқда. Шунингдек, "энг бўйдор" аёллар рўйхатидан Эстония, Нидерланд ва Чехиялик хонимлар ҳам ўрин олган.

Олимларнинг таъкидига кўра, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи эркакларнинг ўртача бўй узунлиги 169,4 см ни ташкил этади. Юз йил олдин ҳозирда энг дароз деб эътироф этилаётган голландиялик эркакларнинг ўртача бўй узунлиги худди шунчани ташкил қилган, дейилади мақолада.

Хабарда шунингдек, бир аср давомида ўзбекистонлик эркакларнинг ўртача бўй узунлиги 8,3 см га ўсгани айтилган. Ўзбекистонда истиқомат қиладиган аёлларнинг ўртача бўй узунлигига келсак, у 157,8 см ни ташкил қилган. Баёнотга кўра ҳозирги ўзбек аёллари юз йил олдин яшаган қавмдошларидан 6,9 см баланд.

Энг пастбўйли одамларга келсак, бу кўрсаткич бўйича Шарқий Тимор етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. У ерда яшовчи эркакларнинг ўртача бўйи 160 см га ҳам етмайди. "Энг ихчам" аёллар эса Гватемалада яшар экан, уларнинг бўй узунлиги 150 см ни ташкил қилиши айтилмоқда.

Тадқиқотчилар берган маълумотларга кўра, Ер юзида истиқомат қилувчи эркаклар аёллардан 12 см узун.

Янгиликлар лентаси
0