Саккиз минг соат тўхтовсиз ёниб турадиган энг қулай лампалар

© Sputnik / Петр Чернов / Медиабанкка ўтишЭнергия тежайдиган лампалар
Энергия тежайдиган лампалар - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Бугунги кунда юртимизнинг 5 корхонасида ишлаб чиқарилаётган кам энергия сарфловчи лампалар сифат жиҳатидан хорижда ишлаб чиқарилаётган шу турдаги маҳсулотлардан асло қолишмайди. Ушбу лампаларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, уларнинг хизмат қилиш муддати узоқ бўлиб, тўхтовсиз 8 минг соат ёниб туриши мумкин.

ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Тежамкор лампалар ҳақида нималарни биласиз? Тўғри, улар оддий лампочкалардан нарх жиҳатдан қиммат туради, аммо унинг бор камчилиги ҳам шу, холос. Янги лампаларнинг узоқ муддат хизмат қилиши ва кам энергия сарфлаши унга қилган харажатингизни тўлиқ оқлайди. "Жаҳон" АА нашри бугунги кунда энг қулай бўлган бу лампаларнинг хусусиятлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтган.

Люминесцент лампаларнинг хусусиятлари

Ўзбекистоннинг бешта корхонасида ишлаб чиқарилаётган кам энергия сарфловчи лампалар сифат жиҳатдан хорижда ишлаб чиқарилаётган шу турдаги маҳсулотлардан асло қолишмайди. Ушбу лампаларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, уларнинг хизмат қилиш муддати узоқ бўлиб, тўхтовсиз 8 минг соат ёниб туриши мумкин. Бу оддий чўғланма лампалардан 8 марта кўпдир. Айни пайтда улар оддий лампаларга нисбатан 4-5 маротаба кам энергия сарфлайди. Бундан ташқари улар кўзни толиқтирмайди, иссиқликни кам миқдорда ажратади. 90 %гача электр энергиясини тежайди. (Лампа ярим соатдан кейин ҳам қизиб кетмайди). Уларнинг яна бир хусусияти экологик жиҳатдан зарарсизлигидир.

Симобли лампалар зарарлими?

"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016-йил 28-июндаги "Симобли лампаларнинг ишлатилиб бўлган ресурсларини тўплаш ва уларни утилизация қилишни ташкил этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2011-йил 21-сентябрдаги 266-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, одамлар ва ҳайвонлар захарланишининг олдини олиш учун симоб ҳамда унинг бирикмаларини йўқотиш зарурлигини англатадиган “демеркуризациялаш”, яъни зарарсизлантириш атамаси киритилди. Шу мақсадда энергия тежайдиган лампаларни утилизация қилиш жараёнига хавфли симобни зарарсизлантириш имконини берадиган мураккаб технологиялар жорий этилмоқда", деб ёзади нашр.

Тежамкор лампалар - Sputnik Ўзбекистон
Ишлатилган тежамкор лампалар учун рағбат пули миқдори оширилди
Маълумот учун: “Neo Sun Light” масъулияти чекланган жамияти импорт ўрнини босадиган люминессенция лампалари ишлаб чиқарадиган юртимиздаги дастлабки корхоналардан биридир. Айни пайтда лойиҳа бўйича йилига 15 миллион дона лампа тайёрлаш қувватига эга ушбу корхонада саккиз турдаги лампа ишлаб чиқарилмоқда.

Шунингдек, корхонада лампаларни утилизация қилиш йўлга қўйилган. Аксарият бутловчи қисмлар утилизация ва йўқ қилинадиган бошқа корхоналардан фарқли равишда бу ерда металл, пластик ва электрон қисмларга ажратилади. Демеркуризациялашдан сўнг лампанинг фақат шиша қисми бартараф этилади, қолган қисмлари такрорий фойдаланиш учун қайта ишланади. Жорий йилнинг биринчи ярмида корхонада 210 мингдан зиёд энергия тежамкор лампа утилизация қилинган.

"Атроф-муҳит симобдан зарарланишининг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда ишлатиб бўлинган симобли лампаларни йиғиш ишлари билан утилизация ташкилотлари, лампа ишлаб чиқарган корхоналарнинг ўзи шуғулланиши, шунингдек, ушбу маҳсулотларни сотиш пунктлари орқали, маиший чиқиндиларни йиғиш пунктларида лампаларнинг синиши ва улар таркибидаги симобнинг ҳаво, сув ҳавзаларига, тупроққа ва озиқ-овқат маҳсулотларига тушишидан ҳимояланган ҳолда алоҳида идишлар ўрнатиш орқали амалга оширилиши белгиланган. Жорий йилда, масалан, Андижон вилоятида шундай лампаларни тўплайдиган 84 пункт ташкил этилди", — деб ёзади нашр.

Шунингдек, энергия тежамкор лампаларни утилизация қилишга топшираётган ташкилотлар сони йил сайин ортиб бораётгани таъкидланган. Маълумотларга кўра, бу йил қарийб 500 корхона ва ташкилот ўз муддатини ўтаб бўлган люминесцент лампаларни топширган.

Истеъмолчи нима дейди?

"Дастлабки энергия тежамкор лампани дугонамнинг маслаҳати билан 8-йил аввал сотиб олгандим, – дейди Тошкентда истиқомат қилувчи Ш.Қобилова. – Ундан 5 йил фойдаландим. Уйдаги барча чўғланма лампаларни энергия тежамкор лампалар билан алмаштирганимдан сўнг электр энергияси учун тўлов бир ярим баробар камайди. Бу йил муддатини ўтаб бўлган иккита лампа топшириб, тўртта сотиб олдим".

Хулоса қилиш мумкин-ки, энергия тежамкор лампаларни самарали утилизация қилиш атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, аҳоли саломатлиги ва Ўзбекистон келажаги ҳақида қайғуриш демакдир.

Янгиликлар лентаси
0