Ислом Каримов туғилган шаҳар ҳақида нималарни биласиз?

Oбуна бўлиш
Самарқанд шаҳри ўзига хос макон. Ушбу шаҳар тўғрисида, бир нима дейишга ҳам чўчийсан. Шунчалар салобатли, шунчалар машҳур. Ўз пайтида бутун жаҳонни титратган Амир Темур давлатининг пойтахти. Минтақада қанча машҳур зот ўтган бўлса, ҳаммасининг қадами етган жой...

ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik, Дилшода Раҳматова. 1 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги нишонланади. Ушбу қутлуғ сана арафасида Sputnik мамлакат вилоятлари ҳақида мақолалар туркумини эътиборингизга ҳавола этади. Ўзбекистоннинг ҳар бир гўшаси ўзига яраша такрорланмас ва гўзал, ҳар бир вилоят ўз анъанаси, табиати ва диққатга сазовор жойлари билан киши қалбини забт этади. Сизни Ўзбекистон бўйлаб саёҳатга таклиф этамиз!

Самарқанд шаҳри Ўзбекистонда иккинчи йирик шаҳар ҳисобланади. Самарқандда Алишер Навоий таълим олган, Бобур эгалик қилиш учун кўп уринган. Мирзо Улуғбек шу ердан туриб, осмондаги юлдузларни санаган. Ажойиб саркарда Абдулатиф шу ерда ўзининг энг катта хатосига йўл қўйган. Дарвоқе, ҳали-ҳалигача Самарқандда Падаркуш қабристони бор.

Самарқанд шаҳрининг кунчиқар тарафида, қадимий ва афсонавий шаҳар харобалари – Афросиёбнинг бошланишида шаҳарнинг яна бир тарихий ва машҳур обидаси жойлашган, у  – Дониёр пайғамбар қабри. Ушбу тарихий шахс Самарқандда яшамаган. Унинг қабрини Самарқанднинг яна бир буюк ўғлони – Амир Темур Ироқдан кўчириб келган. Айтишларича ушбу зотнинг хоки ётган тупроқда уруш бўлмас, тинчлик, фаровонлик ҳукм сурар эмиш. Буюк саркарда айнан шунинг учун ҳам Дониёр пайғамбарнинг хокини Самарқандга кўчириб келган. Бир умр от устида юрган, тинимсиз урушлар олиб борган инсонинг мақсади шундай бўлган – бу юртда тинчлик, ободончилик бўлишини истаган.

Ушбу қабрнинг фалсафаси шу билан якунланмайди. Шу ерда яшовчиларнинг ривоят қилишларича қабрдаги устухон ҳар юз йилда бир метрга ўсармиш. Соддароқ киши борса қабрга қаровчилар шундай ҳикоя қилишади. Жиддийроқ кишилар қадам ранжида қилса, улар ҳар юз йилда қабр мақбарасини бир метрга узайтиришларини айтишади. 
Бу кўзбўямачиликдан маъни не?!

Йўқ, бу кўзбўямачилик эмас. Халқнинг ўз ўтмиши, аждодлар руҳига ва ўзининг афсоналарига ҳурмати!

Самарқандга бутун дунёдан мактублар келмоқда
Вақт шафқатсиз, у узоқлашган сари, воқеа-ҳодисалар, тарихни комига тортиб бораверади. Уларнинг таъсири сусаяди, ниҳоят бора-бора кўринмай кетади, тарих ва вақтнинг бағрига ғарқ бўлиб кетади. Шундай экан, вақтнинг шафқатсиз таъсирига дош бериши, у билан тенгма-тенг кураша олиши, қадриятларини ўтмиш комида қолдириб кетмаслик учун халқ мана шундай йўл тутишга мажбур. Воқеа-ҳодиса, қадриятнинг бўйи ва қадрини вақтга мутаносиб равишда ошириб боришга тўғри келади. Яъни нарса қанчалик узоқлашса, кўздан йўқолмаслик учун катталашиб бориши лозими акс ҳолда, ғуборга айланиб кетади. Буни бугунги кун тилига ўгирсак, улкан ахборотлар оқимида ғарқ бўлиб кетмаслик учун қилинган иш, дейиш ҳам мумкин.

Шу сабабли ҳам эртакларда баҳайбат махлуқлар кўп учрайди, киши онги ҳазм қила олмайдиган воқеа-ҳодисалар юз беради. Ривоятларда эса ўта сирли, ўта баҳайбат қаҳрамонлар учрайди.

Самарқанд заминида бу фалсафанинг кўплаб исботини учратиш мумкин.

© Commons.wikimedia / AlaexisМуҳаммад Ал-Бухорий мавзолейи, Самарқанд
Муҳаммад Ал-Бухорий мавзолейи, Самарқанд - Sputnik Ўзбекистон
Муҳаммад Ал-Бухорий мавзолейи, Самарқанд

Самарқанд ва Қашқадарё вилояти ўртасидаги Тахтақорача довонининг эски йўли ёқасидаги тошларда  Муҳаммад Алининг ниҳоятда улкан оёқ ва қамчиси изларини кўрсатишади. Ургут туманидаги Ширвоқ ота зиёратгоҳида эса тошларда ушбу зотнинг оти сув ичган улкан охур, отининг туёқ изларини учратиш мумкин.
Халқ бир гапни билмаса гапирмайди.

Андижон, Бобур майдони - Sputnik Ўзбекистон
Андижон "А"дан бошланади

Одамлар, албатта, барча буюк ишлар тафаккур орқали бажарилади. Лекин, кўпчиликка ушбу тафаккурнинг қанчалар улуғлигини, улканлигини билиш ва англаб етиш учун қандайдир тушунарлироқ нарсалар ҳам  бўлишим лозим экан-да. Сунъий равишда улканлаштирилган нарса-буюмлар тафаккурнинг буюклигига ишора, холос. Буни халқ тўлиқ англаб етиши учун яратилган ҳолат.

Худди шу тарзда, ҳақиқат ривоятга, ривоят афсонага, афсона эса эртакка айланиб боради. Самарқанд заминида ҳар учала унсур уйғунлашиб кетган.

Самарқанддаги шу каби муқаддас зиёратгоҳлардан бири ҳазрати Довуд пайғамбар ғори. Довуд пайғамбар темирчиларнинг пири эмасми, янги машина олган кимки бор, ҳаммаси имкон қадар ушбу ғорга бориб, жонлиқ сўйиб, зиёрат қилади. Бунинг устига, 1200 дан ортиқ зинапоядан пиёда кўтарилиб, тоғ устидаги ғорни зиёрат қилиш лозим бўлади. Айтишларича, ҳазрати Довуд душманлардан қочиб, ушбу ғорга бекинган эмиш.

Тўғриси, бу Довуд ўша, эрамиздан бурунги 10 асрларда яшаган, баҳайбат филистим – Голиафни (яна ўша баҳайбатлик)  ўлдириб, исроил-яҳудий давлатига подшолик қилган Довудга нисбатми, бошқасигами, билмайман. 

Исмоил Бухорий зиёратгоҳи ҳақида ҳам икки оғиз сўз айтиш лозим. Бу зиёратгоҳни яқин-атрофдагилар Хўжа Исмоил, дейишади. Айтишадики, бир пайтлар, совет тузуми даврида бу табаррук жой хароб бўлган. Тўғри, қаровсиз эди, сиқилиб қолганди. Лекин халқ ҳеч қачон бу зиёратгоҳни унутмаган. Ўша замонларда ҳам ҳайит кунлари бу даргоҳга одам сиғмай кетарди. Халқнинг кўнглида бу макон ҳар доим муқаддаслигича қолган. Ҳовли ўртасида катта чинор, ҳовуз бўларди, одамлар аллақандай мўъжиза сифатида унинг балиқларини томоша қилишга боришарди.

Самарқандликларнинг яна бир жиҳати – балиқни муқаддас санашади.

Вилоятдаги барча муқаддас зиёратгоҳларда албатта булоқ ёки ҳовуз ва балиқ албатта бўлиши лозим.
Самарқанд бугун замонавийлашиб, чирой очиб бормоқда. Лекин ҳеч ким уни замонавий шаҳар сифатида қабул қилмайди. Масалан, Тошкент, дейилганда албатта замонавийлик тушунилади. Ҳолбуки ушбу шаҳар ўзининг шонли тарихи, обидалари билан дунёдаги ҳар қандай тарихий шаҳар билан бемалол баҳслаша олади, лекин барибир Тошкентни эски шаҳар сифатида ҳеч ким қабул қилмайди. Самарқанд эса, аксинча, у қанчалар замонавий бўлмасин, қадимий руҳ, ўтмиш сақланиб қолаверади. Бунда миллий колорит ҳам ўта кучли.

Самарқанд фалсафалар шаҳри

Самарқандга боқиб, сайр қилиб, беихтиёр миллатимизнинг ўзига хос жиҳатига эътибор берасиз: биз ҳеч қачон дабдабага берилмаганмиз. Бизда ҳар доим ҳаётдан ўтган инсонлар ва илм-фан улуғланган. Бўлмаса, Самарқандни ўзининг куч-қудрати ва ақл заковати билан дунёни титратган зотлар пойтахт қилган. Не-не буюк зотлар шу ерда умргузаронлик қилган. Лекин шаҳарда бирорта ҳам қадимий қалъа йўқ, хон ва подшолар саройлари йўқ. Европада ҳар бир княз ўз қалъасига, қўрғонига эга бўлган бир даврда, дунёнинг ярмини эгаллаган шоҳларимизнинг эса саройи мавжуд эмас…

Боғлари бор, лекин саройлари йўқ.

Буям бир ибратмикин?! Тобора ҳашамат ва дабдабага берилиб бораётган бизнинг авлодга бир сабоқмикин?!

Бунинг сабаби, назаримда, миллатнинг ўзига хослигидан.

Миллат дабдабага интилмаган. Ҳаттоки, шунчалик қудрат, бойлик билан хонлар, подшоларки, саройлар қуришга берилмаган экан, демак, ҳашаматли уйлар, саройлар русумда бўлмаган. Фақат ҳаётдан ўтганларнинг сўнгги макони – мақбаралар ва илм масканлари – мадрасалар ҳашаматли қурилган ва бизнинг кунгача сақланиб қолган. Барча саройлар, қўрғонлар эса пахсадан тикланган ва вақтинчалик бўлган.

Биби Хоним мадрасаси ёнида
Биби Хоним мадрасаси ёнида - Sputnik Ўзбекистон
Биби Хоним мадрасаси ёнида

Балки буларнинг сабабини, юртга раҳбарлик қилган хонларнинг авлодлари кўчманчиларга – Чингизхонга тақалиши, улар қурилиш ишларига қизиқмаганлигидан излаш керакдир? Балки… Лекин, шундай десак, Самарқанд кўпроқ темурийлар учун пойтахт бўлган… Шундай десак, улкан мадраса тиклаган Бибихоним ҳам чингизий бўлган…

Самарқанд бетакрор шаҳар!

Бир ёнда маҳобатли, сокин ва ўзи бағрида яширган тарих каби ҳадсиз Афросиёб харобалари, унинг ёнида маҳобатли ўтмиш, ғам-алам, ҳасрат ва ўкинч макони, мақбаралар мажмуи – Шоҳи Зинда, бир ёнда миллат ақл-заковати, имон-эътиқоди тимсоли,  мадрасалар мажмуи – Регистон; бир ёнда шон-шавкат ва унинг ўткинчилигидан сўйлаган Гўри Амир мақбараси, бошқа томонда оқилалик, доноликдан ҳикоя қилувчи Бибихоним мадрасаси; қолаверса, Ишратхона ва яна сон-саноқсиз бошқа осори-атиқалар шаҳарнинг ўзига хослигини, бетакрорлигини таъминлайди.

© SputnikСамарқанд нонлари. Сиёб бозор
Самарқанд нонлари. Сиёб бозор - Sputnik Ўзбекистон
Самарқанд нонлари. Сиёб бозор

Бундан ташқари, Самарқандни унинг хуштаъм ва санъат даражасига кўтарилган нонлари, ўзига хос новвоти, тиллақош таққан, ялтироқ кийимлардаги, шилдираган жамалакли келинлари, ҳақиқий шарқона руҳ уфурган бозорлари, ҳар бир масаллиғи алоҳида-алоҳида ажралиб турадиган палови, нўхатлари бошмалдоқдай-бошмалдоқдай келадиган нўхатшўраги ҳам ажратиб туради. Бир вақтлар Самарқанд дейилганда Тошкентда танқис бўлган, у томонларда эса қадрланмаган қора чой ҳам тушуниларди. Бироқ бу бозор иқтисодининг қонун қоидаларига кўра ўз-ўзидан барҳам топиб кетди.
Ва, келувчиларнинг руҳиятида тарих берган руҳидан фойдаланиб, ўша руҳиятдан ўз улушларини олиб қолишга ҳаракат қилаётган тиланчилар – мўлтонилар.
Бир ўкинч бор – самарқандликлар, албатта ўз юрти билан фахрланадилар, лекин улардаги бу фахр бухороликларникичалик эмас. Бунга ҳавас қилса арзийди. Улар "Бухоро" сўзининг ўзиниёқ чуқур эҳтиром, юксак ғурур билан ифода этади.

Вилоят ҳақида қизиқарли факт

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи 100дан ошган кекса отахон-онахонлар сони 99 нафарни ташкил қилади.

Самарқанд туманлари — турфа олам

Самарқандда ҳар бир туман ўзига хос. Бу жиҳатлар, албатта, барча учун бир хилдай тегишли эмас. Чунки туманлардаги қишлоқларнинг ҳам бир-бирига ўхшамайдиган хусусияти бор. Дейлик, Ургут туманининг Ғўс қишлоғи лаҳжаси, ўз атрофидагиларникидан кўра, Наманганнинг айрим лаҳжаларига ўхшаб кетади. Шунга қарамай, туманларнинг ўзига хосликлари кўп.

Масалан, Қўшработ тумани аҳолиси четга чиқиб кетишга ишқибоз. Уларнинг шу жиҳати кўпроқ қашқадарёлик, сурхондарёликларга ўхшаб кетади. Айтишларича, қўшработликлар шаҳарда ўқиб, қишлоғига қайтиб келганларни ҳурмат қилмас эмиш. "Қўлидан иш келмай, қайтибди", дермиш. Шу сабабли бошқарув, илм-фан, адабиёт соҳаларида кўплаб қўшработликларни учратиш мумкин.

Каттақўрғонликлар эса ишбилармон халқ, чаққон ва пул топишнинг эпини биладиган одамлар.

Ургутликлар кўпроқ савдогар халқ. Шунинг учун ҳам шу яқин атрофда Ургутнинг бозорига тенг келадигани йўқ.

Ургутликликлар ҳақида бир латифа:

Америкалик астронавтлар ойга қўнибди. Ташқарига чиқишга тайёргарлик кўриб уришса, илюминатор тақиллабди. Қарашса, икки киши:
— Майиз олмайсизларми? – деб  сўрармиш.
— Кимсиз? – ҳайрон бўлиб сўрабди астронавтлар.
— Ургутликлармиз… Майиз сотиб юрибмиз.
— Бу ерга қандай келдиларинг?
— КамАЗда келдик, — дебди ургутликлар.

Бу латифанинг ишончсиз жойи нимада, биласизми? Ишониб бўлмайдиган жиҳати – ургутликлар КамАЗдан фойдаланмай қўйганига анча бўлган. Ҳозир улар "ISUZU"да юради.

Самарқандда эса айнан "ISUZU" йиғиладиган завод фаолият кўрсатади. Бундан ташқари, вилоятда "Самарқанд автомобил заводи", “8-Март”, "JV MAN avto", "UrgGazKarpet", "Дака Текс", "СамАнтепГилам", "Siyob saxоvati", “Агромир Самарқанд”каби қўшма корхоналари, "Сино", "Самарқандкимё" акционерлик жамиятлари каби кўплаб мамлакат аҳамиятига молик саноат корхоналари фаолият юритмоқда.

Бир пайтлар ўзининг узуми ва коньяги, боғдорчилиги билан машҳур Булунғур бугун картошкага зўр берган. Тойлоқ тумани ҳам картошка етиштиришнинг ҳадисини олган. Бу туманда консерва тайёрлаш, вино етиштиришни ҳам боплашади.

© Sputnik / СтрингерВъезд в Булунгурский район Самаркандской области
Въезд в Булунгурский район Самаркандской области - Sputnik Ўзбекистон
Въезд в Булунгурский район Самаркандской области

Жомбой деганда эса асосан пахта ва ун ёдимизга тушади. Бир пайтлар Жомбой ун заводининг шуҳрати етти иқлимга кетган эди-да. Ҳозирда боғдорчиликка ҳам эътибор қаратилмоқда.

Боғдорчилик тўғрисида сўз кетганда, Самарқанд туманини алоҳида ажратиб кўрсатиш лозим. Катта шаҳарлар атрофида туманлар, албатта шу шаҳарнинг эҳтиёжларига мослашади. Самарқанд тумани ҳам шундай. Бу туман шаҳарни мева-чева билан таъминлайди. Шу сабабли ҳам Тошкентнинг бозорларида Ургутнинг зираси, майизи, Булунғур ва Тойлоқнинг картошкаси кўплаб учрагани ҳолда, Самарқанд туманидан ҳеч нимани учратмайсиз.

Самарқандлик энг машҳур адабиёт вакиллари

Самарқанднинг бугунги адабиёти тўғрисида гап кетганда, албатта, шеърият ва журналистика дарғаларидан, Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давронни, ўзбек насрига янги услуб олиб кирган, романчиликни юқори поғонага кўтарган Мурод Муҳаммад Дўстни, мустақил ўзбек драматургиясининг отаси, дейишимиз мумкин бўлган Шароф Бошбековни, бир пайтлар энг хушмуомала журналист, деб тан олинган, энди эса шеъриятга уммонига шўнғиб кетган Абдусаид Кўчимовни, ёшлар бўйича давлат мукофотининг биринчи ва сўнгги соҳиби Собир Ўнарни, шеъриятга янги руҳ олиб кирган Абдували Қутбиддинни, инсон руҳиятининг шафқатсиз тасвирчиси Абдуқаюм Йўлдошевни, ўзбек адабиётининг "Шолохови" номига сазовор Исмоил Шомуродовни, сон ўзгариши барибир сифат ўзгаришига олиб келишига ишониб, фалсафий умид билан яшашимизга сабаб бўлаётган Азамат Қоржововни ва яна кўплаб иқтидорли ижодкорларни айтиш мумкин-ки уларнинг барчасини бирма-бир санаб ўтишнинг имкони йўқ.

Янгиликлар лентаси
0