Тошкент автомобиль-йўллар институти қайта ташкил этилди

Oбуна бўлиш
Қайта ташкил этилган олийгоҳнинг ўқув жараёнига етакчи таълим ва илмий марказлар, ташкилотлар ва корхоналарнинг, шу жумладан хорижий мамлакатларнинг энг тажрибали, юқори малакали мутахассисларини шартнома асосида жалб этиш кўзда тутилган.

ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 26 августдаги қарорига асосан  Тошкент автомобиль-йўллар институти Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институти этиб қайта ташкил қилинди.

Бу автомобиль йўллари қурилиши соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва шунинг асосида Ўзбекистон миллий автомагистралини, умумреспублика ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларини истиқболда ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш талаблари ҳамда вазифаларини ҳисобга олган ҳолда республиканинг лойиҳа, қурилиш ва йўлдан фойдаланиш ташкилотларининг юқори малакали муҳандис кадрларга нисбатан ортиб бораётган талаб-эҳтиёжларини таъминлаш имконини беради.

Қарорга кўра, бир ой муддатда тугатилаётган Тошкент автомобиль-йўллар институтининг раҳбарлари ва профессор-ўқитувчиларини аттестациядан ўтказиб, сўнгра институтнинг тасдиқланган тузилмасига мувофиқ, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институтининг факультет ва кафедраларини юқори малакали кадрлар билан бутлаши лозим.

Тошкент автомобиль-йўллар институтининг тугатилаётган ва қайта ташкил этилаётган таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликлар бўйича бакалавриат ва магистратура талабаларининг республика турдош (ихтисослашган) олий ўқув юртларининг тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликларига ўтказилади.

Қарорда ўқув жараёнига етакчи таълим ва илмий марказлар, ташкилотлар ва корхоналарнинг, шу жумладан хорижий мамлакатларнинг энг тажрибали, юқори малакали мутахассисларини шартнома асосида жалб этиш кўзда тутилган.

Янгиликлар лентаси
0