Ўзбекистон терма жамоаси Хитойни мағлуб этди

© The-AFC.comЎзбекистон-Хитой ўйини
Ўзбекистон-Хитой ўйини - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон футболчилари ўз майдонларида Хитой дарвозасига жавобсиз икки тўп киритдилар

ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik. Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионати саралаш учрашувларининг якуний босқичида Хитой терма жамоаси устидан 2:0 ҳисобида ғалабага эришди.

Учрашув олдидан ушбу гуруҳдаги вазият қалтис эди. Асосий рақобатчиларидан бири бўлган Эронга ютқазиб қўйган Ўзбекистоннинг аҳволи оғир эди. Жамоа гуруҳда учинчи ўринга тушиб кетган, Эрон билан бўладиган жавоб ўйинида ҳам ижобий натижадан умид қилиш қийин эди. Шунинг учун ҳам мезбонлар бугун фақат ғалаба қозонишлари шарт эди.

Ўйиннинг дастлабки дақиқаларида ўзбекистонликларнинг ўйини унчалик қовушмади. Хитойликлар ўзбек футболчиларига деярли ўйин беришмади. Ҳаттоки дастлабки 15 дақиқаликда улар гол ҳам уришлари мумкин эди.

Биринчи таймнинг ўрталаридан кейин мезбонлар ўзларига келишди, тўпни ўз назоратларида ушлаб, хитойликлар дарвозаси томон йўл излай бошлашди. Бироқ тайм охирига қадар мезбонлар рақиб дарвозаси томон атиги икки бор зарба йўллашди, улар ҳаттоки дарвоза яқинига ҳам йўламади.

Иккинчи таймда эса майдонга бутунлай бошқа терма жамоа тушиб келгандек бўлди. Дастлабки дақиқаларданоқ мезбонлар хитойликларни жарима майдончасига қамаб қўйишди. Ўйиннинг 51-дақиқасида Элдор Шомуродовнинг аъло даражадаги тўп узатишидан сўнг Марат Бикмаев тўпни меҳмонлар дарвозасига жойлаб қўйди — 1:0. Бир дақиқадан кейиноқ Игор Сергеев ҳисобни ошириши мумкин эди, лекин унинг кучли зарб билан тепган тўпи дарвоза тўсинига тегди. 57-дақиқада "Локомотив" ўйинчи Виталий Денисов ажойиб зарба йўллади. Тўп бу сафар ҳам дарвоза тўсинига бориб тегди.

Шундан сўнг мезбонлар озгина тин олишди. Қолган вақт давомида хитойликлар Лобанов дарвозаси олдида хавфли вазиятлар уюштиришга уринишди, лекин уларнинг ўйини чиқмади.

64-дақиқада Бикмаев ўрнига майдонга тушган Отабек Шукуров 86-дақиқада хитойликлар дарвозасига тўп киритиб, ҳисобни мустаҳкамлади.

Ўйин 2:0 ҳисобида Ўзбекистон терма жамоасининг ғалабаси билан тугади ва терма жамоа 9 очко билан ҳозирча гуруҳда 1-ўринда. Эрон ва Жанубий Корея ўйинидан сўнг гуруҳдаги вазиятга янада аниқлик киритилади.

Янгиликлар лентаси
0