Ўзбекистон Ироқ, Иордания ва Сомалига енгил автомобиллар экспорт қилишни бошлади

© Sputnik / Вадим ШекунRavon Gentra автомобили
Ravon Gentra автомобили - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Жорий йил бошидан буён яна 835 корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, 246 турдаги янги маҳсулот экспорти йўлга қўйилди, дейилган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат статистика қўмитасининг мамлакатни жорий йил 9 ойида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари бўйича ҳисоботида

ТОШКЕНТ, 21 окт — Sputnik. Жаҳон иқтисодиётида инқироз ҳолатлари ҳамон сақланиб турган ва жаҳон бозоридаги нархлар экспорт салоҳиятига салбий таъсир кўрсатаётган бир шароитда юртимиз экспортчиларининг ташқи бозордаги ўрнини сақлаш мақсадида хорижга маҳсулот етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш, экспорт қилинадиган маҳсулотлар тури ва географиясини диверсификация қилиш, экспорт фаолиятига янги корхоналарни жалб этиш ишлари давом эттирилди, деб хабар қилинган Ўзбекистон ТИВ расмий сайтида эълон қилинган қўшма ҳисоботда.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистонда жорий йил бошидан буён 835 корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, 246 турдаги янги маҳсулот экспорти йўлга қўйилди. Маҳаллий маҳсулотларни четга етказиш географияси 52 та янги бозорга кўпайди.

Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари, Ливан, Иордания, Ироқ, Гана, Сенегал, Кот-дъИвуар, Сомали, Нигерияга енгил автомобиллар, Япония, ХХР, АҚШ, Исроилга виноматериаллар ва вино-ароқ маҳсулотлари, Польша, ХХР, Туркия, Жанубий Корея, Латвия, Афғонистонга кимё маҳсулотлари, Швеция, Руминия, Болгария, Туркияга минерал ўғитлар, Беларусь, Озарбайжон, Польша ва Жанубий Кореяга спорт пойабзаллари, чарм буюмлар ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилинди.

Йил бошидан ўртача ойлик иш ҳақи 12,6 %га оширилди
Бунинг самарасида шу йилнинг 9 ойи якунларига кўра, товар ва хизматлар экспорт ҳажми 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 % ўсди. Полиэтилен, трикотаж полотно, ип газлама, фармацевтика препаратлари ва тиббиёт буюмлари, молибден, волфрам маҳсулотлари, аммофос, кальцийлаштирилган сода, юк автомобиллари ва юқори қўшимча қийматга эга бошқа маҳсулотларни экспорт қилиш ҳажми ошди.

Мамлакатда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилгани, жумладан, "Ўзагроэкспорт" ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси ташкил этилгани натижасида жорий йил 9 ойида 543 минг тоннадан зиёд ёки 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 40,4 % кўп ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди.

Янгиликлар лентаси
0