Жамият

Таълим, технологиялар ва хавфсизлик: Ўзбекистоннинг ИҲТдаги устувор йўналишлари

© Sputnik / СтрингерЎзбекистоннинг РФдаги элчихонасида бўлиб ўтган брифинг
Ўзбекистоннинг РФдаги элчихонасида бўлиб ўтган брифинг - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев Ўзбекистон ИҲТ ТИВКнинг раиси сифатида қайси йўналишларга эътибор қаратишини айтиб ўтди

ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. ИҲТ ТИВКнинг Тошкентда бўлиб ўтган 43-сессияси гуманитар масалаларга, биринчи навбатда таълим ва ислом қадриятларини қўллаб-қувватлашга бағишланди. Ушбу саммит ҳамда мамлакатнинг ИҲТдаги раислиги доирасидаги режалар ҳақида Ўзбекистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов батафсил сўзлаб берди.

Саммит якунларига бағишлаб Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида бўлиб ўтган брифингда элчи ИҲТда кузатувчи давлат мақомида 43-сессияда иштирок этган  Россия Федерацияси делегациясига, хусусан, алоҳида топшириқлар бўйича элчи Константин Шуваловга миннатдорлик билдирди. Сессияда 50дан ортиқ аъзо давлатлар ва ИҲТ кузатувчиларининг вакиллари иштирок этишди. Сессия мавзуси "Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл" дея номланди.

Элчи йиғилганларни Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Тошкентда бўлиб ўтган ИҲТ ТИВК сессиясида сўзлаган нутқида баён этилган асосий йўналишлар билан таништирди.

© Sputnik / СтрингерЎзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида ИҲТ ТИВК 43-сессиясига бағишланган брифинг
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида ИҲТ ТИВК 43-сессиясига бағишланган брифинг - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида ИҲТ ТИВК 43-сессиясига бағишланган брифинг

Мирзиёев Ўзбекистон бой маданий тарихга эга эканлигини, ушбу заминда турли даврларда яшаб ўтган буюк мутафаккирлар нафақат ислом, балки жаҳон маданияти ва фанига улкан ҳисса қўшганларини таъкидлади. Улар орасида Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Исо ва Ҳаким Термизийлар, Маҳмуд Замахшарий, Муҳаммад Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа кўплаб даҳолар бор.

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев глобаллашув даврида дунё жиддий таҳдидлар билан юзма-юз келаётгани, бу таҳдидларга қарши фақатгина биргаликда курашиш мумкинлигини таъкидлади.

"Бошпанасиз қолиб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юрган одамлар оғир мусибатларни бошдан кечирмоқда, қуролли қарама-қаршиликлар ва терроризм оқибатида гуноҳсиз болалар, кексалар, хотин-қизлар ҳалок бўлаётир. Охири кўринмайдиган урушлар туфайли кўплаб мамлакатлар вайронага айланмоқда.
Бундай шароитда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларни мусулмон оламида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш йўлида бирлаштириш, ўзаро ҳамкорликнинг ишончли механизмларини, аъзо мамлакатларнинг долзарб масалалар юзасидан мулоқот қилиши учун ўзига хос майдон яратишга хизмат қиладиган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг роли ва масъулияти янада ортмоқда", — деди Мирзиёев ўз нутқида.

Аналитика
ИҲТ ТИВК: "соатларни тўғрилаш" ва янги кредитлар

Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи ўз чиқишида республикада ислом маданиятининг мустаҳкамланиши ва ривожланиши борасидаги муваффақиятлар ҳақида ҳам сўз юритди. Бугунги кунда ҳар йили ўзбекистонлик беш мингдан зиёд киши ўзининг эзгу орзуси ва мусулмонлик бурчи – ҳаж амалини адо этмоқда. Мамлакатда минглаб масжидлар фаолият юритмоқда, тарихий ислом ёдгорликлари, муқаддас қадамжолар қайта тикланди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг раиси сифатида қуйидаги йўналишларга эътибор қаратишини билдирди:

Таълим тизимини ривожлантириш, аждодлар маданий меросини оммалаштириш, халқаро миқёсда конфессиялар, миллатлар ва маданиятлараро мулоқотни йўлга қўйиш;

Инновацион технологиялар ва ИҲТга аъзо давлатлар ўртасида техник соҳадаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш;

Хавфсизлик муаммоси ва ҳар қандай зиддият ва тўқнашувларни музокаралар, сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этишга эришиш;

Ҳудуддаги энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва молиявий-инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш;

Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида нафақат ислом маданияти, балки умумбашарий цивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этиш;

Ядро қуролидан холи ҳудудлар кўламини изчил кенгайтириш ва Яқин Шарқда ҳам ядро қуролидан холи ҳудудни ташкил этиш.

Тошкентда ИҲТ ТИВК кенгаши - Sputnik Ўзбекистон
Сиёсат
ИҲТ Сурияда сиёсий йўл билан тинчлик ўрнатиш тарафдори

ИҲТ ТИВКнинг Тошкентда бўлиб ўтган йиғилиши давомида ўнлаб икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди, ҳамкорликнинг турли соҳаларида, жумладан иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик бўйича умумий қиймати 1,4 миллиард долларлик 21 лойиҳа имзоланди. ИҲТ доирасидаги лойиҳаларнинг асосий инвестор ва кредитори Ислом тараққиёт банкидир.

ИҲТ – БМТдан кейин иккинчи ўринда турувчи, 57 мамлакат аъзо ва беш мамлакат кузатувчи бўлган ташкилот. Ташкилот таркибига кирувчи давлатлар ҳудудида 1,5 миллиарддан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, ИҲТ давлатлари жаҳон нефт захираларининг 60, табиий газ захираларининг 14%и ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларининг учдан бир қисмини назорат қилади.

Янгиликлар лентаси
0
Аввал янгилариАввал эскилари
loader
LIVE
Заголовок открываемого материала