Абдулла Орипов ҳақида дўсти: бундай инсонлар 500 йилда бир дунёга келадилар

© Sputnik / Погорельченко / Медиабанкка ўтишШоир Абдулла Орипов
Шоир Абдулла Орипов - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Абдулла Орипов оғир касалликдан сўнг 75 ёшида вафот этди, Ўзбекистон халқ шоири билан видолашув 8 ноябр куни бўлиб ўтади

ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Ўзбекистон халқ шоири, давлат мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов оғир касалликдан сўнг вафот этди.

Марҳум шоир ҳақида Абдулла Ориповнинг дўстларидан бири, шоирнинг деярли сўнгги кунларигача унинг ёнида бўлган "Фаввора фильм" киностудияси асосчиси, продюсер ва режиссёр Келдиёр Хўжаёров Sputnik Ўзбекистон мухбирига қуйидагиларни гапириб берди.

"Абдулла Орипов буюк шоир, сўз устаси бўлиб, замонавий ўзбек адабиётида ўзидан ёрқин из қолдирди. У ватанпарвар эди, ўз юртини жудаям севар ва ватан тақдири учун қаттиқ қайғурарди. Унинг ўз халқи ва ватанига бўлган муҳаббати унинг асарларида ўз ифодасини топган", — дейди шоирнинг дўсти.

Абдулла Орипов - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов вафот этди

Унинг сўзларига кўра, улар узоқ йиллардан буён қадрдон бўлиб, деярли ҳар ҳафта учрашиб туришарди.

"Биз иккимиз ҳам Қашқадарёнинг Косон туманиданмиз, фақат қўшни қишлоқларданмиз. Бироқ бу бизнинг ота-оналаримиз оилавий қадрдон бўлишларига халал бермаган. Биз тез-тез оилавий борди-келди қилиб турардик. Тўғри, мен бўлажак шоир билан қишлоқда кўриша олмаганман. Мен у кишидан 14 ёш кичикман ва у мактабни битирибоқ, олийгоҳда ўқиш учун қишлоқдан пойтахтга кетган", — эслайди режиссёр.

Абдулла Орипов Келдиёр Хўжаёров учун дўстдан ҳам яқинроқ инсон. Уларни кўп нарса бирлаштириб турарди. Шунинг учун ҳам у шоир вафотидан қаттиқ изтиробда.

"У мен учун ака, ҳаммаслак, қадрдон эди. Бундай инсонлар 500 йилда бир марта дунёга келадилар. У ҳам адабиётимизда худди 1441 йилда дунёга келган Алишер Навоий каби из қолдирди. 1941 йилда, роппа-роса беш юз йилдан сўнг Абдулла Орипов дунёга келган ва бу тасодиф эмас", — дейди суҳбатдошимиз.

Хўжаёров ўтган йили шоирга бағишланган видеофильмни суратга олишни бошлаган. Унда Абдулла Орипов ўз шеърларини ўқийди, адабиёт ва шеърият ҳақида фикр билдиради. Бу йил режиссёр Орипов ҳақидаги туркум фильмимнинг яна икки қисмини суратга олди. Унинг айтишича, бунга шоирни кўндириш жуда қийин бўлган.

"Ўзбекистонда ўзбек ижодкорларига бағишланган фильмлар жуда кам суратга олинган. Шунинг учун ҳам мен мана шу ишга қўл ургандим. Шоирнинг камтарлиги боис уни бунга кўндириш жуда қийин бўлди. Тез орада видеофильмнинг яна бир қисмини якунига етказамиз. Менимча, бу билан чекланиб қолмаслик керак. Абдулла Орипов ҳақида кўплаб фильмлар ишлаш мумкин, чунки унинг шахсияти ва ижоди чексиз уммон каби", — таъкидлайди Хўжаёров.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов - Sputnik Ўзбекистон
"Шундоқ ёнимиздан ўтди Мангулик": Абдулла Орипов Ислом Каримов хотирасига атаб шеър битди

У Орипов умрининг сўнгги кунларига қадар бекор ўтирмагани, нафақат шеърлар, балки очерклар ёзганини таъкидлади. Унинг сўнгги ижод намуналаридан бири Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга бағишланган.

"Бугун биз чуқур қайғудамиз, буюк инсон ва шоир Абдулла Орипов оламдан ўтди. Унинг исми ўзбек халқи хотирасида абадий сақланиб қолади, унинг ижодий мероси эса жаҳон адабиёти хазинасидан жой олади. Бу биз учун улкан мусибат бўлди", — дейди Хўжаёров.

Абдулла Орипов халқ, она ватан ва уларга бўлган муҳаббат ҳақида кўплаб асар ва достонлар битган. У шунингдек, Данте Алигьери, Николай Некрасов, Леся Украинка, Тарас Шевченко, Қайсин Қулиев ва бошқа кўплаб жаҳон адабиёти дарғаларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Унинг ижоди – замонавий ўзбек адабиётининг ёрқин саҳифаларидан биридир. Абдулла Ориповга 1998 йилда "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони берилган.

Янгиликлар лентаси
0