Абдулла Ориповнинг ўз ўлими ҳақида ёзган шеъри эълон қилинди

© Foto : Ранохон ХоджаеваАбдулла Орипов
Абдулла Орипов - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Бу шеърни эшитгач, шоирнинг дўстлари ва фарзандлари уни эълон қилмасликка аҳд қилишган

ТОШКЕНТ, 7 ноя – Sputnik. 6 ноябр куни шоир Аҳад Қаюм ўзининг Instagramдаги саҳифаси орқали марҳум шоир Абдулла Орипов ҳаётлик чоғида ёзган шеърини омма эътиборига ҳавола қилди. Унинг маълум қилишича, бу шеърни эшитгач, шоирнинг дўстлари ва фарзандлари уни эълон қилмасликка аҳд қилишган. Ушбу шеърда шоир ўз ўлими ҳақида ёзган.

"Абдулла Орипов бу шеърни ёзиб, ўқиб берганларида ёнидаги дўстлари, болалари ҳўнг-ҳўнг йиғлаган эдилар. Ҳатто бу шеърни эълон қилмаймиз, деб туриб олгандик. Начора, мана, эълон ҳам қилдик. Минг афсус…" деб ёзади Аҳад Қаюм ва марҳум шоирнинг "Чидайсан, болам" шеърини ҳавола қилади.

ЧИДАЙСАН, БОЛАМ
Жисмимни кўтариб турибди тупроқ,
Ернинг устидаман, йўқ зарра нолам.
Ўзи чорлар бир кун бағрига, бироқ
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

Ҳай дунё, ўзингни бир пулга сотдинг,
Калава топдинг-у учин йўқотдинг.
Мен каби охири ғафлатда қотдинг,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

Инсон эзгуликдан топгай фароғат,
Нима зарур унга зулму қабоҳат.
Кимдир уриштириб, қилгайдир роҳат,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

Ерни ҳам, кўкни ҳам айладим тавоф,
Лекин ҳеч биридан чиқмади жавоб.
Бўғзимда “Нега?” деб қотди бир хитоб,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

Дунёга боқмадим мен асло ёвдек,
Гоҳо тўсса ҳамки йўлимни ғовдек.
Ҳар ҳолда, гаплашдик икки соқовдек,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

Абдулла Орипов 5 ноябр куни узоқ касалликдан сўнг АҚШнинг Хюстон шаҳридаги шифохонада вафот этди. Унинг жасади ортилган самолёт бугун АҚШдан Ўзбекистонга келиб қўнади. 8 ноябр куни Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, давлат ва жамоат арбоби, мамлакат мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов “Чиғатой” қабристонига дафн этилиши кутилмоқда.

Янгиликлар лентаси
0