"Бу йил диллар видоларда куйиб ўтди" - Усмон Азим Абдулла Орипов хотирасига марсия ёзди

Oбуна бўлиш
Сўнгги хабарларга мувофиқ, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов жасадини Тошкентга олиб келиш ҳаракатлари бошлаб юборилган. Спутник нашригача етиб келган хабарларга кўра, Абдулла Орипов тобути АҚШдан Ўзбекистонга Москва орқали олиб келинади

ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов тобути Ўзбекистонга қачон олиб келиниши номаълумлигича қолмоқда. Сўнгги хабарларга мувофиқ, шоир жасади солинган тобут ватанга Москва орқали олиб келиниши мумкин.

Ўзбекистон Халқ Қаҳрамони Абдулла Орипов - Sputnik Ўзбекистон
Абдулла Орипов тобутини Ўзбекистонга олиб келиш билан консул шуғулланяпти
Буюк шоирнинг вафоти ўзбек халқини чуқур қайғуга солди. Кўплаб шоирлар, ёзувчилар Орипов билан боғлиқ энг ёрқин хотираларини ёдга олишмоқда.

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ҳам Абдулла Ориповга атаб марсия ёзди.

Болаликдан мен ҳам шеър деб ёнган эдим,
Не қиларим билмай баъзан толган эдим.
Ориповдан қарзга олов олган эдим –
Бу қарзимни бугун айтсам, ҳалол бўлгай.
 
Ҳар бир сўзни кўнгил билан терган эди,
Аъмоли ҳам, тақдири ҳам шеърдан эди.
Истеъдодни унга худо берган эди,
Банда десак, ҳақиқатга малол бўлгай.
 
Тобеликнинг қўрқинчлари ҳали бисёр.
Дилларида, тилларида минг ифтихор:
"Ўзбекистон Ватаним" деб айтган илк бор –
Бу мард зотнинг мардлигидан тил лол бўлгай.
 
Гарчи ажал илтижога кўнмас эди,
Биламиз-ку асил шоир ўлмас эди.
Ўлимга ҳам Ватан сизни бермас эди.
Ажални ёт юртда енгмоқ маҳол бўлгай.
 
Кўз ёшларим оқаётир нолам узра,
Шоир – парвоз сўзда кечган ҳар дам узра,
Воҳким, учди тобути ҳам олам узра –
Бу парвозлар мангуликдан бир фол бўлгай.
 
Оғажоним, сўзда ғамни шоширгайман,
Ҳасратимни қаътларига яширгайман.
Сизни ёлғиз худовандга топширгайман,
Энди ўзга сўз демаклик завол бўлгай.
 
Бу йил диллар видоларда куйиб ўтди,
Вақт йиғидан ўпка-бағри тўйиб ўтди.
Не зотларни қаро ерга қўйиб ўтди,
Кимга жавоб, кимга бу ҳол савол бўлгай.
 
Видо айтдим, видо айтдим, видо айтдим –
Бу шеъримни ақлу ҳушдан жудо айтдим,
Зарра қўрқмай, маргу ҳаёт аро айтдим –
Воҳ, видонинг қадлари ҳам минг дол бўлгай.

Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Абдулла Орипов жасади солинган темир тобут душанба куни Ўзбекистонга етиб келиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар лентаси
0