Хоразмда ногиронлар ва ҳомиладор аёлларга бепул такси хизмати кўрсатилмоқда

Oбуна бўлиш
Мазкур ташаббус жамият раҳбарияти ва ҳайдовчиларнинг ўзларидан чиқди

ТОШКЕНТ, 14 ноя – Sputnik. Урганч шаҳридаги "Хоразм Равон тран" масъулияти чекланган жамияти хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда — корхонанинг енгил такси ҳайдовчилари байрам кунлари шаҳар ичи йўналишлари бўйлаб ҳомиладор аёллар ва ногиронларни бепул ўз манзилига етказади, деб маълум қилди Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги.

Мазкур ташаббус жамият раҳбарияти ва ҳайдовчиларнинг ўзларидан чиқди. Йил бошидан буён ҳар бир байрамда корхонага қарашли йўналишсиз такси автомобиллари шаҳар ҳудудида ногиронлар ва ҳомиладор аёлларга бепул хизмат кўрсатмоқда.  

"Хоразм Равон транс" МЧЖ раҳбарияти эндиликда туғруқхонадан "янги меҳмон" билан чиққан ёш оналарни уйларига бепул етказиб қўйишни ташкил этиш ниятида.

"Ҳар ким қурби етганча савоб иш қилганига нима етсин! Одамларга яхшилик қилсангиз, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзсангиз, ўзингиз ҳам руҳий ҳаловатга эришасиз. Шундай экан, бошлаган хайрли ишларимизни асло тўхтатиб қўймаймиз", – дейди корхона раҳбари Одилбек Ўрозов.

"Хоразм Равон транс" кўп йилларлан буён шаҳарда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. Ҳозирги кунда корхона тасарруфида 26 та енгил автотранспорт воситаси мавжуд.

Янгиликлар лентаси
0