Иқтисод

Ўзбекистонда BCI талабларига мос пахта етиштирилади

BCI — бу пахта етиштириш усулларини яхшилаш, шунингдек, пахтачиликнинг экология ва инсонлар саломатлигига таъсирини камайтиришга чақирувчи халқаро нотижорат ташкилоти

ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. Ўзбекистон ва Халқаро молия корпорацияси (IFC) ижтимоий масъул ва экологик барқарор пахта ишлаб чиқариш бўйича лойиҳани амалга оширади, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Куни кеча Тошкентда тақдимоти ўтказилган мазкур лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистонда Better Cotton Initiative (BCI) талабига жавоб берадиган, пахтанинг барқарор бизнес-моделини яратишдир.

BCI — бу пахта етиштириш усулларини яхшилаш, шунингдек, пахтачиликнинг экология ва инсонлар саломатлигига таъсирини камайтиришга чақирувчи халқаро нотижорат ташкилоти. H&M, Levi's, Adidas, Nike ва трикотаж маҳсулотларининг бошқа машҳур брендлари BCI дастури асосида етиштирилган пахта хом ашёсини сотиб олади.

Халқаро молия корпорация вакилларининг фикрича, BCI услубидан фойдаланиш ўзбек фермерларига таннархни пасайтирган ҳолда пахта етиштириш ҳажмини ошириш имконини, текстил ишлаб чиқарувчиларига эса жаҳон бозорида ўз мавқеларини мустаҳкамлаш имконини беради.

Пахта ҳосили - Sputnik Ўзбекистон
Иқтисод
Модификацияланган пахта Ўзбекистонга 250 млн$ даромад келтиради

"Ўзбекистон томони ижтимоий масъул ва экологик барқарор пахта ишлаб чиқариш бўйича лойиҳани амалга ошириш режасини янада такомиллаштириш борасида қатор таклифлар киритди. Хусусан, пахта етиштиришнинг технологик картасини ишлаб чиқиш, зарур мутахассислар тайёрлаш тизимини ташкил этиш, лойиҳани амалга ошириш жараёнини автоматлаштириш, унда IТдан фойдаланиш, қайта алоқа механизмини ташкил этиш, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермерлар кенгашини ҳамкор сифатида жалб этиш таклифлари берилди", — қайд этилди касаба уюшмалари федерациясида.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистонда 54 мингдан зиёд фермер хўжаликлари "оқ олтин" етиштириш билан шуғулланади.

Жаҳонда 86 давлат пахта етиштириш билан шуғулланади. Улардан 33таси йилига 100 минг тоннадан ортиқ ва фақат саккиз давлат йилига бир миллион тоннадан ортиқ пахта хом ашёси тайёрлайди. Ўзбекистон кейинги беш йил давомида пахта етиштириш бўйича жаҳонда олтинчи ва пахта толасини экспорт қилиш бўйича бешинчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Янгиликлар лентаси
0
Аввал янгилариАввал эскилари
loader