Жамият

Самарқанд деҳқон бозорлари қандай аҳволда

Қадимдан шарқона шаҳарнинг энг гавжум жойи бозор бўлган. Бозорда кундалик озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари сотиб олинган. Деҳқончилик, ҳунармандчилик маҳсулотлари сотувга чиқарилган. Қолаверса, барча янгиликлар ва миш-мишлар ҳам, аввало, бозорда орқали тарқалган.

ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Бозор — маъмурчилик, халқнинг маданияти, мамлакат бойлиги ва тўкин-сочинлигини кўрсатиб берадиган маскан деб ёзади, Самарқанддаги Zarafshon нашри муаллифи Ўктам Худойбердиев.  

Нашр мухбирлари деҳқон бозорлари қонун томонидан белгиланган санитария-гигиена, харидорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, савдо-сотиқ қоидаларига жавоб берармикан, деган саволга жавоб излаб Самарқанд шаҳридаги бозорларда бўлишган.

Мармар бозори

222 та савдо нуқтасига эга бўлган «Мармар деҳқон бозори»да атиги 30-35 нафар сотувчи савдо билан банд. Уларнинг ҳам аксарияти санитария қоидаларига риоя этмай савдо қилишмоқда. Харидорлар йўлагини тоза сақлаш учун қўйиладиган чиқинди қутилари эса расталар тагига "беркитиб" қўйилган, назорат тарозиси қўйилмаган. Сотувчиларнинг кўпчилиги уйда қўлбола усулда тайёрланган тузламаларни лаборатория текширувисиз сотишмоқда. 

"Азиз" бозор

Шаҳардаги "Азиз" масъулияти чекланган жамияти асосан кийим-кечак билан мижозларга хизмат кўрсатади. Бу ерда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотишга ихтисослаштирилган битта дўкон ва битта гўштхона бор. Гўштнинг нархи 21 минг сўм этиб белгиланган бўлса-да аҳолига 25 минг сўмдан сотилмоқда. Сотишга мўлжалланган гўшт бўлаклари дуч келган жойга қўйилган. Сотувчининг савдо маданияти ҳақида гапириш ортиқча. 

Вокзал бозорими ё кўча бозори?  

Шаҳар аҳолисининг асосий қисми рўзғорга керакли маҳсулотларни "Темирйўл деҳқон бозори"дан харид қилишади. Бу ердаги маҳсулотнинг мўллиги харидорга танлаш учун катта қулайлик яратади. Бироқ халқимизнинг "Тоза жойга барака инади", деган нақли бозор маъмуриятининг қулоғига етиб бормаган кўринади. Акс ҳолда гўшт, сут, нон маҳсулотларини очиқ ҳолда сотилишининг олди олинган бўларди.

Ҳужжатларга кўра "Темирйўл деҳқон бозорда" қонуний 682та савдо нуқтаси бор. Улардан 313таси — қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун, 160таси —  ҳўл ва қуруқ мева учун, 180 мол ва парранда гўши учун белгиланган. Бозорда қурилган расталар бўш қолиб, бозор атрофида кўча савдоси авж олган, сотувчилар махсус кийимсиз маҳсулотни очиқ ҳолда, белгиланмаган жойда сотмоқда. Ушбу бозорда бир килограмм гўшт 25-26 мингдан сотилмоқда. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари растасидаги аксарият сотувчилар маҳсулоти истеъмолга яроқлилигини тасдиқловчи маълумотномага ҳам эга эмас. 

Бозорнинг гўшт ва товуқ маҳсулотлари сотишга мўлжалланган қисмида сотилаётган маҳсулотлар антисанитария ҳолатида. Бу ерда на савдо ходимининг ўзи, на унинг маҳсулоти мавжуд санитария талабларига жавоб беради. Бундан кўринадики, бозор маъмуриятининг сотувчи қандай маҳсулот сотиши, унинг сифати билан иши йўқ, фақат белгиланган патта пулини тўласа бас… 

Хуллас, Самарқанд шаҳрининг юқорида номлари қайд этилган бозорларида аҳвол ана шундай…

Янгиликлар лентаси
0
Аввал янгилариАввал эскилари
loader
LIVE
Заголовок открываемого материала