Янги йил байрами тадбирлари қачон бошланиши маълум қилинди

Oбуна бўлиш
Баландлиги 26 метр, айланаси 7,7 метр бўлган сунъий арчанинг барча эҳтиёт қисмлари, ҳаттоки унга безатиладиган ўйинчоқлар ҳам Россиядан келтирилди

ТОШКЕНТ, 23 дек – Sputnik. Айни кунларда Ўзбекистоннинг барча  шаҳар ва туманларида Янги йил байрамини кўтаринки руҳда нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Туман ва шаҳарлардаги марказий хиёбонлар, майдонларда байрам арчалари ўрнатилиб, безатилмоқда.

Тошкент шаҳрида Янги йил байрами маданий тадбирлари 2016 йил 28 декабрдан 2017 йил 8 январгача ўтказилиши белгиланган. Бу ҳақда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги маълум қилди.

Вазирлар Маҳкамасининг "Тошкент шаҳрининг "Мустақиллик ва эзгулик" майдони ҳамда шаҳарнинг бошқа майдонларида Янги йил байрами маданий тадбирларини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 222-сонли мажлис баённомасига мувофиқ "Мустақиллик ва эзгулик" майдони, Шайхонтоҳур тумани Хадра майдони ва "Локомотив-Анҳор" боғи ёнидаги майдонлари, Юнусобод тумани Сайилгоҳ майдони, Чилонзор тумани Алгоритм даҳасидаги "Roison Electronics" корхонаси олди майдони, Яшнобод тумани "Авиасозлар" шаҳарчаси майдони, Мирзо Улуғбек тумани "Локомотив" маданият ва истироҳат боғи, Сирғали тумани "SUNDAY" супермаркети олди майдони ҳамда Бектемир тумани "Қуёшча нури" маданият ва истироҳат боғларида Янги йил байрами маданий тадбирлари ўтказилиши белгиланган.

Мазкур майдонларда улкан арчалар, аттракционлар ва ўйин қурилмалари, савдо расталари, экран ҳамда турли ўлчамдаги саҳналар ўрнатилиб, айни пайтда безаш ишлари амалга оширилмоқда.

Тошкентдаги Янги йил арчаси - Sputnik Ўзбекистон
Тошкентнинг 9 майдонида Янги йил арчаси ўрнатилади

Салкам 4 гектар ҳудудда бунёд бўлган байрам майдонининг марказида улкан арча қад кўтарган. "Ўзмахсусмонтаж" акциядорлик жамиятининг "Чирчиқсталмонтаж" МЧЖ ишчилари томонидан барпо этилаётган баландлиги 26 метр, айланаси 7,7 метр бўлган сунъий арчанинг барча эҳтиёт қисмлари, ҳаттоки унга безатиладиган ўйинчоқлар ҳам Россиядан келтирилди. Ушбу арча 10 мингдан зиёд қўғирчоқ ва ранг-баранг товланувчи чироқлар билан безатилмоқда.

Шунингдек, Мирзо Улуғбек номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудидаги 20 та янги аттракционлар ва ўйин қурилмалари, 8 та 5 метрли, 3 та 10 метрли арча, 2 та биоҳожатхоналар ҳамда улкан экранлар ўрнатилди. Мазкур экранларда болажонлар учун миллий мультфилмларнинг намойиш этилиши ҳамда асосий саҳнадаги экранда ижтимоий видео лавҳалар, яъни республикада амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари акс этган видеолавҳаларни намойиш этилиши режалаштирилган.

"Мустақиллик ва эзгулик" майдонида ҳам баландлиги 27,8 метрли Янги йил арчаси ўрнатилди. Янги арча безаклари ва ўйинчоқлар билан безаш ва баннерлар чоп эттириш ишлари олиб борилмоқда.

Тадбирларда Ўзбекистон бадиий жамоалар ижодий бирлашмаси, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси санъаткорлари ҳамда пойтахтдаги театр ва цирк жамоалари, туманларда фаолият кўрсатаётган фольклор жамоалари ва хонандалар фаол қатнашиши кўзда тутилган.

Янгиликлар лентаси
0