Тошкентда "модалар" янги йил ярмаркаси ўтказилди

© Sputnik / СтрингерТошкентда янги йил ярмаркаси ўтказилди
Тошкентда янги йил ярмаркаси ўтказилди - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Myday pop-up store янги йил ярмаркаси 10 дизайнер, 8 бренд ва 18 савдо нуқтасини бир жойга жамлади

ТОШКЕНТ, 26 дек — Sputnik. Ўтган дам олиш кунлари Ўзбекистон бадиий Академияси марказий кўргазмалар залига ташриф буюрганлар ғаройиб янги йил безаклари, мамлакатдаги таниқли ва бошловчи дизайнерлар томонидан қўлда тайёрланган совғаларга эга бўлишлари мумкин бўлди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Myday pop-up store янги йил ярмаркаси 10 дизайнер, 8 бренд ва 18 савдо нуқтасини бир жойга жамлади. Тадбирга ташриф буюрганларни маҳсулотлар нархлари ҳайрон қолдирди ва хурсанд қилди.

Ярмарка куратори, стилист ва шопер Элеонора Цойнинг айтишича, мазкур "сузувчи магазин" (pop-up store инглизчадан шундай таржима қилинади) таниқли ва бошловчи дизайнерлар ҳамда дунёга таниқли брендлар маҳсулотларини арзон нархларда сотиш мақсадида ташкил этилди. Лойиҳанинг асосий мақсади – одамлар янги йил совғаларини, безакларини бир жойдан сотиб олишларига имкон яратиш эди.

"Тошкентда бўлиб ўтган мода ҳафталиги давомида биз танлаб олган ёш дизайнерлар бугунги тадбир орқали ўз брендлари қай даражада оммалашганини кўриб олдилар. Бу ерда эндигина ташкил этилган янги бренд —Toy Chok тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. У ёғочдан ўйинчоқлар тайёрлайди, табиий бўёқлардан фойдаланади. Ярмарка кунлари бренд маҳсулотлари савдоси юқори бўлди", — деди лойиҳа куратори.

Шубҳасиз, кўргазмага ташриф буюрганларнинг аксарияти таниқли дизайнерлар маҳсулотлари билан танишиш учун келишганди. Уларга ўтган йилги ва янги коллекциялар намойиш этилди.

Бундан ташқари, дизайнерлар арча ўйинчоқларини ҳам тайёрлашди. Масалан, Moel Bosh бренди адрасдан дўппили шарчаларни таклиф қилган бўлса, Forever Young —бўздан тайёрланган ўйинчоқларни намойиш этди. Бундай ўйинчоқларни ювиш ва болаларга бериш мумкин.

Шунингдек, ярмаркада арча учун ўйинчоқлар тўпламлари ҳам сотувга қўйилди. 60 минг сўмга беш дона шар ёки 12 мингдан 50 минг сўмгача бўлган ўйинчоқларни сотиб олиш мумкин эди. Ярмарка меҳмонлари безак, заргарлик буюмлари, косметика воситалари ва ширинлар ҳам сотиб олиш имкониятига эга бўлишди.

Масалан, Holmuradov Design кумушдан тайёрланган заргарлик буюмларини намойиш этди. Дизайнерлар Elena Milberger ва NNAM заргарлик безаклари, кўйлаклар, ипак шарфлар, пойабзал коллекцияси ва арча ўйинчоқларини тақдим этишди.

Creaté бренди вакиллари барчани блокнотлар коллекциялари, адрас ва ёғочдан тайёрланган аксессуарлар, ёғоч ва мато ўйинчоқлар, совға қутилари билан ҳайратда қолдиришди. Миллий услубда безатилган блокнотни 45 минг сўмга сотиб олиш мумкин эди.

"Тошкентликларда таниқли дизайнер ва машҳур брендларнинг маҳсулотларини янги йил арафасида бир жойнинг ўзида сотиб олиш имконияти пайдо бўлгани ажойиб бўлди. Бу жудаям қулай, дўконма-дўкон чопиб юрмайсиз, ҳаммаси бир жойда йиғилган", — дейди Creaté лойиҳаси асосчиларидан бири Саодат Каримова.

Унинг айтишича, унинг лойиҳаси илгари ҳам қўл меҳнати билан турли ярмаркаларда қатнашган, лекин бугунги ярмарка мода ярмаркаси эканлиги билан ажралиб туради.

Дилдора Қосимова асос солган Candy Cotton бренди болалар учун янги йил коллекциялари, тўқима шарф ва қалпоқлар, безак ва арча ўйинчоқларини тақдим этди. Қизлар учун кўйлаклар нархи 200 минг сўмдан бошланади.

© Sputnik / СтрингерТошкентда янги йил ярмаркаси ўтказилди
Модная новогодняя ярмарка в Ташкенте - Sputnik Ўзбекистон
Тошкентда янги йил ярмаркаси ўтказилди

Lapin бренди кўпчиликнинг эътиборини тортди. Бу ерда қулай костюмлар, аксессуарлар, ипак ёстиқлар ва бошқа буюмлар намойиш қилинди. Lapin томонидан тайёрланган кўйлакни 250 минг сўмга сотиб олиш мумкин эди. 

TAIS&I маҳаллий бренди эса қиш фаслига мўлжалланган шарфлар, қалпоқлар, қўлқоплар ҳамда интерьер буюмларини намойиш этди. TAIS&I пальтоларининг нархи 2 миллион сўмдан сал ошиқроқ, тўқилган қалпоқлар эса 190 мингдан 250 минг сўмгача эди.

Myday pop-up store янги йил ярмаркаси пойтахтликлар ва гўзалликни қадрловчилар учун ҳақиқий байрам бўлди.

Янгиликлар лентаси
0