Ўзбекистонда янги департамент ташкил этилади

Oбуна бўлиш
Департамент Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади

ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти тўғрисидаги низом тасдиқланди. Мазкур ҳужжат lex.uz порталида жойлаштирилган.

Низомга кўра, Департамент Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва ўз фаолиятини Бош вазир раҳбарлигида амалга оширади.

Ҳужжатда қайд этилишича, департамент фаолияти Вазирлар Маҳкамасини, унинг Раёсатини, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратини ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича ахборот-таҳлилий материаллар билан таъминлашга йўналтирилган.

Янги департамент ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари бажарилиши мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, уларни тезкор ҳал этиш, ҳудудларнинг иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини ривожлантиришнинг ҳолати бўйича комплекс таҳлилий материаллар, қабул қилинган ҳудудий дастурларга тузатишлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш билан шуғулланади.

Шунингдек, ҳудудлар иқтисодиётининг барқарорлигини ва мувозанатли фаолият кўрсатишини таъминлаш, ҳар бир ҳудуднинг минерал-хом ашё ресурсларидан, меҳнат ва ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини кенгайтиришни амалга оширади.

Бундан ташқари, демографик жараёнларни ва ҳудудлар аҳолиси жинс ва ёш таркибини, аҳоли бандлиги, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт тармоқларининг даражаси ва тузилмасини, аҳоли ҳаёт даражасини, шунингдек, маданий-маърифий ишлар соҳасида ишларнинг ҳолатини тизимли таҳлил қилиш билан шуғулланади.

Янгиликлар лентаси
0