Европадаги ўзбек талабаси: ўқиш, саёҳат ва таомлар ҳақида

© Sputnik / Антон КурилкинМаҳмуд Анваров
Маҳмуд Анваров - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ригадаги ISMA университети талабаси, жиззахлик Маҳмуд Анваров Европа университетидаги таълим ва талабалар ҳаёти ҳақида Sputnik мухбирига гапириб берди

ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik, Антон Курилкин. Жиззахлик Маҳмуд Анваров Латвияда бир йил ўқиганидан сўнг Erasmus дастури бўйича Прагадаги BIVS (Bankovní institut vysoká škola) институтида таҳсил олмоқда. У Sputnik Ўзбекистон мухбири билан Европа таассуротлари ҳақида ўртоқлашди.

Европа бўйлаб саёҳат

- Нима учун Европада ўқишга қарор қилдингиз ва Ригадан кейин Прага ҳақидаги таассуротлар қандай?

— Хорижда ўқишни доим истардим — бу келажак учун фойдали. Бундан ташқари, Европада ўқиган дўстларим ҳам ижобий фикрларни айтишганди. Бегона мамлакатда биринчи йили қийналдим, кейин аста-секин кўникдим.

Губернатор Александр Жилкин ва Баҳодир Аминов - Sputnik Ўзбекистон
Астраханда ўзбекистонлик талабалар сони ошмоқда

Чехияга эса Erasmus (Эразмус) дастури бўйича келдим. Бу умумевропа дастури бўлиб, дастур бўйича Евроиттифоқдаги исталган давлатдаги университетда ўқиш мумкин. Истасангиз икки семестр, истасангиз бир йил. Мен бир йил ўқишга қарор қилдим.

Бу мамлакатда таълим нуфузи юқори бўлгани ва чехларнинг дипломи билан яхши ишга кириш мумкинлиги учун шу ерни танладим. Бунинг устига, йирик тадбиркорлик ва маданият маркази ҳамда жуда чиройли шаҳар.

- Ўқиш қийин эмасми? Қайси тилда ўқийсизлар?

— Ўқув жараёни яхши ўйланган. Талабаларнинг истиқболи ҳақида кўп ўйлашади — махсус алмашув дастурлари ва алоҳида стипендияли дастурлар мавжуд — яхши ўқиганлар, IELTS сертификатига эга бўлганлар қўшимча стипендия олишлари мумкин.

Ўқув машғулотлари инглиз тилида олиб борилади. Лекин биз яна чех ва немис тилларини ўрганамиз — биратўла учта тилда гаплаша оламиз. Айтганча, ўқиш инглиз тилида бўлганлиги ҳам шу ўқув юртини танлашимда муҳим омиллардан бири бўлган.

© FacebookМаҳмуд Анваров
Махмуд Анваров - Sputnik Ўзбекистон
Маҳмуд Анваров

Чех тилини ўрганиш қийин бўлди — у рус тилига ўхшаб кетади ва мен баъзан замонларни алмаштириб юборардим. Инглиз тили билан эса муаммо бўлмади — мактабда яхши ўрганганман, ёзда эса Лондонда ҳам тил ўргандим.

- Лондонга ҳам Erasmus бўйича бордингизми? Англия қандай экан?

— Йўқ, хусусий тил ўргатиш курсига ариза бердим ва икки ой ўқидим. Баҳонада Лондонни ҳам кўриб олдим.

Бу ер жуда ажойиб! Аэропортга тушганимизда британча лаҳжани тушуниш жуда қийин бўлди. Икки кундан кейин ўрганиб кетдим. Фақат об-ҳавоси ёқмади — жудаям зерикарли ва ғамгин.

Байналмилал талабалар

- Ётоқхона, талабалар билан муносабатлар қандай?

— Ётоқхона жуда яхши, университетга ва шаҳар марказигача 20 дақиқалик масофада жойлашган.

Гуруҳимиз эса байналмилал — Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистондан талабалар бор. Испания, Венгриядан ҳам талабалар кўп. Туркияликлар ўқишади.
Қозоғистон, қирғизистонлик талабалар билан кўп суҳбатлашамиз. Улар билан русча, бошқа мамлакатлик талабалар билан инглизчада гаплашаман. Байрамларда ўз миллий таомларимизни тайёрлаймиз.

- Ишлашнинг ҳам имкони бўляптими?

— Ригада ўқиётганимда Американинг International Travel Network туризм компаниясида ишладим. Бош офиси Сан-Францискода, Ригада эса ҳудудий бўлинмаси жойлашган. Америкалик туристлар билан иш олиб бордим. Улар билан ишлаш анча осон эди. Уларга юқори сифатли хизмат, мижозларни қўллаб-қувватлаш ва қулайлик муҳим — билет нархи уларни қизиқтирмайди.

Штатлардан келган мигрантлар — МДҲдан кўчиб борганлар билан ишлаш қийин. Улар инглизчани унчалик яхши билишмайди ва айримлари жуда талабчан. Ҳар бир нарсани ўрганиб чиқишади, таққослаб кўришади, батафсил сўрашади.

Ҳозирда ишламаяпман, магистратурада ўқиётганимда банкда part-time (тўлиқ бўлмаган ҳафта — Sputnik) ишламоқчиман.

- Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?

— Саёҳатга чиқамиз, шаҳарни томоша қиламиз, кинога борамиз. Вена, Берлин, Дрезден каби шаҳарларга борамиз. Яна Польша, Швеция, Литвага саёҳат қилдим. Ҳаттоки Боку ва Санкт-Петербурггача бордим.

© FacebookМаҳмуд Анваров
Махмуд Анваров - Sputnik Ўзбекистон
Маҳмуд Анваров

- Стипендия саёҳат қилишга етадими?

— Йўқ, саёҳатларга ёнимдан пул сарфлайман. Стипендия Европа ўлчови бўйича кўп эмас — ойига 550 евро, лекин Прагада яшашга етади.
Пул алмаштиришда ҳушёр бўлишга тўғри келади — пул алмаштириш пунктларида фирибгарлар кўп. Бизни ҳушёр бўлиш тўғрисида огоҳлантиришганди — айтишларича, баъзида чех кронаси ўрнига унга жуда ўхшаш бўлган белорус рублини беришаркан.

- Маҳаллий ошхона маъқул бўлдими? "Самарқанд" ресторанида бўлдингизми?

— Чех ошхонаси менга унчалик маъқул бўлмади — чўчқа гўшти кўп ишлатилар экан. Менга ўзимизнинг ўзбек таомлари ёқади. Бу ресторан ҳақида эшитдим, лекин бормадим. Сайтидаги менюдан паловни топа олмадим.

Одатда кечки овқатни ўзимиз тайёрлаймиз, нонушта ва тушлик ўқув юртида қилинади.

- Президент сайловида овоз бердингизми?

— Мин афсуски, овоз беришда қатнашолмадим. Прагада Ўзбекистон элчихонаси йўқ, энг яқин элчихона эса Берлинда. Ригадаги дўстларим овоз беришди.
Умуман, мен тез-тез уйга боришга ҳаракат қиламан, охирги марта Янги йилда бордим. Қариндошлар билан эрталабда қўнғироқлашиб турамиз, оқшомда жуда кеч бўлиб кетади. Ригада эса яхши эди — вақт фарқи атиги икки соат эди.

- Чехиядаги ўқиш тугагач ва бакалавриатни битиргач нима қилмоқчисиз?

— Ҳозирча билмайман. Умуман олганда, ўқишимни тўлалигича Чехияда тугатишни ўйлаяпман. Менга Прага кўпроқ ёқади. Бакалавриатдан кейин эса АҚШда магистратурада ўқимоқчиман.

Янгиликлар лентаси
0