Пластик ва нақд пул орасида: ўзбек банклари қандай йўл тутади

© Sputnik / Владимир Трефилов / Медиабанкка ўтишБанк карталари
Банк карталари - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Банклар "Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни бажариш имкониятига эгами

ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. Ўтган ҳафтада Ўзбекистон президенти "Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорга имзо чекди. Мазкур ҳужжат нақд пул ва пластик карталар воситасида тўлов тизимидаги муаммоларни бартараф қилишга қаратилган.

Ўзбекистонликлар учун ушбу қарор нималар беради ва мамлакат банклари қарорни бажариш имкониятига эгами? Sputnik Ўзбекистон мухбири ушбу саволларга жавоб излади.

Яхши бўлсин дейишганди…

Молия тизими ва истеъмолчилар учун пластик карталарни жорий этишнинг қанчалик самарали эканлиги ҳақида ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ. Чўнтак ва ҳамённи қаппайтириб пул олиб юрмайсиз, ўғрилардан ҳам қўшимча ҳимояга эгасиз, солиқ тушумларидан ташқари иқтисодиётдаги молиявий жараёнлар ҳам шаффоф бўлади. 2004 йилда мазкур дастур ана шундай яхши ниятлар билан ишга туширилганди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев пенсияларни тўлиқ ҳажмда нақд шаклда беришни буюрди

Лекин фақатгина ниятнинг ўзи камлик қилади ва пластик карталар муомалага киритилганидан икки йил ўтгач муаммолар юзага кела бошлади. Бюджет ташкилотлари ходимларига "пластик" олиш учун шартномаларни имзолатишди, натижада ойлик маошларининг 40дан 100%гачаси картага тушадиган бўлди.

Тез орада пенсионерлар ҳам ихтиёрий-мажбурий равишда пластик карта эгаларига айланишди. Маоши ёки пенсиясини электрон пул шаклида олган, лекин дўконларда тўлов терминали йўқлиги учун бу пулларни ишлато олмаган кишиларни кўз олдингизга келтиринг.

Орадан икки йил ўтиб вазиятни барқарорлаштиришга эришилди: деярли барча озиқ-овқат магазинларида терминаллар пайдо бўлди, лекин бошқа муаммо бор эди. Шарқда азалдан аксарият аҳоли бозорда харид қилади, чунки бу ерда савдолашиб нархни тушириш мумкин ва маҳсулотлар магазиндагига нисбатан кўпроқ ва арзонроқ бўлади.

Бозордаги ҳар бир сотувчини терминал билан таъминлашнинг имкони йўқлиги учун ҳалигача бозорларда нақд пулга савдо қилинади. Тўғри, айрим махсус савдо нуқталарида "пластик"ка савдо қилиш мумкин, фақат бу ерда маҳсулотлар тури чегараланган.

Яна бир муаммо — терминал орқали кийим-кечак, маиший техника сотиб олиш имкониятининг мавжуд эмаслиги. Аниқроғи, буларнинг барчасини сотиб олиш мумкин, фақат айрим дўконларда 15-45% устама билан.

Пластик карталар орқали амалга ошириладиган тўловларни қабул қилиш терминали - Sputnik Ўзбекистон
Солиқ қўмитаси: мурожаатларнинг аксарияти терминаллар ишлатилмаётгани билан боғлиқ

Энг афсусланарлиси, банклар ҳам ушбу ҳолатдан фойдаланишга уринди. Нақд пул керак бўлса тадбиркор керакли сумманинг 15-30%ини банкка бериши керак эди. Кейинроқ бу иллатга барҳам берилди, бироқ энди банк ходимлари ҳақ эвазига тадбиркорларнинг пулини ечиб берадиган бўлишди.

Хатолар устида ишлаш

Ўзбекистоннинг янги президенти қаршисида мана шундай муаммолар бор эди. Президент бу муаммоларни шундайлигича қолдириш ниятида эмаслиги унинг Молия вазирлиги ва Марказий банкни кескин танқид қилишида намоён бўлди.

"Нима сабабдан пластик карточкаларни муомалага киритишдан илгари барча механизмлар пухта ишлаб чиқилмаган? Нима учун кўплаб ташкилотлар, энг аввало, бюджет ташкилотлар ходимлари — ўқитувчилар, шифокорлар, хизматчилар ва ҳатто нафақахўрлар айрим амалдорларнинг «янгиликлари»дан қийналишлари керак?", — деди у 2017 йил январида бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида.

Сўз билан чекланиб қолмаган давлат раҳбари февраль ойидан бошлаб пенсияларни ҳамда 58та тоғли ва олис туманларда иш ҳақи ва ижтимоий нафақаларни нақд пулда бериш тўғрисида қарор чиқарди. Талабалар ҳам стипендияларининг 50%ини нақд пулда оладиган бўлишди.

Нақд пул борми?

Банклар давлат раҳбарининг қарорини бажаришга тайёрми? Улар анча вақтдан буён нақд пулсиз ҳаёт кечирган миллий иқтисодиётга киритиладиган нақд пулни қаердан олишади?

Мамлакатдаги етакчи консалтинг компанияларидан бирининг молиявий аналитигининг сўзларига кўра, банклар албатта бу қарорни бажаришади, лекин бу осон бўлмайди.

"Мирзиёев аниқ муддат қўйди — пенсиялар ҳар ойнинг 27-санасидан кечиктирилмай берилиши шарт. Февралдаёқ барча пенсионерлар белгиланган санада нақд пул олишлари қийин деб ўйлайман. Ҳозирда бунча ҳажмдаги нақд пул муомалада йўқ, молия сектори қандай йўл тутиши номаълум", — дейди у.

Банкомат - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда нақд пул берувчи банкоматлар ўрнатилади

Экспертнинг айтишича, барча бюджет ташкилотлари ходимлари маошни нақд пулда олишмайди. Фақат 58та тоғли ва олис туманларда жойлашган бюджет ташкилотлари ходимларигина ойлик иш ҳақларини тўлиқ нақд пулда оладилар.

Қолганлар учун эса бошқача механизм кўзда тутилган. Вилоятларда мавжуд тўлов терминаллари инфратузилмасини ҳисобга олган ҳолда иш ҳақини нақд шаклда ва пластик карталарга ўтказиш йўли билан тўлаш қайта кўриб чиқилади. Тўлов инфратузилмаси анча тартибли эканлиги сабабли пойтахт ва бошқа йирик шаҳарларда нақд пул борасида сезиларли силжишлар кутилмайди, деб тахмин қилади эксперт.

"Нақд пул берувчи терминаллар масаласи ҳам савол остида. Шаҳар ва туманларда банкоматларни ўрнатиш муаммо эмас, лекин улар учун нақд пул-чи. Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақд пул йиғиб олинишини ошириш бўйича янги чора-тадбирлар ишлаб чиқиш орқали молия сектори мазкур вазиятдан чиқиши мумкин. Бироқ бу ушбу йўналишдаги субъектлар учун муаммолар келтириб чиқариши мумкин", — дейди суҳбатдош.

Умуман олганда, ҳаммаси 27 феврал куни маълум бўлади. Банклар давлат раҳбарининг қарорини бажаришга қай даражада тайёр эканликларини вақт кўрсатади.

Янгиликлар лентаси
0