Тошкентда 18 ёшли қиз бошчилигидаги жиноий гуруҳ судланди

© fotoliaсуд
суд - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Режага асосан, В.Боровская В.Нам билан учрашиш баҳонасида унинг уйига кириб, ўзи билан яшириб олиб келган пичоқ ёрдамида уни ўлдириши керак бўлади

ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. Ушбу жиноят содир этган шахсларнинг энг каттаси 23 ёшни қаршилаган бўлса, кичиги эндигина 18 ёшга тўлган. Воқеа тафсилотларини ўқиб, кўчада дайдиб юрган бу ёшларнинг ота-оналари уларни ҳеч тергаб турганмикан, деган ўйга боришингиз табиий, деб ёзади "Кун.уз".

Валерия Боровская (исм-фамилиялар ўзгартирилган) эндигина 18 баҳорни қаршилаган. Бироқ у ҳаётда тўғри йўлдан тойиб, боши берк кўчага кириб қолганлардан экан. Валерия Тошкент шаҳридаги кафеларнинг бирида Виктор Нам исмли шахс билан танишади ва унинг тадбиркорлик билан шуғулланишидан хабар топиб, мўмай пул топишни мақсад қилади. Яъни унда босқинчилик йўли билан ўзганинг мол-мулкига эгалик қилиш фикри туғилади. Бироқ бу ишни бир ўзи эплай олмаслигига кўзи етиб, режасини амалга ошириш учун танишлари, муқаддам судланиб, бу ишларда "тажриба"га эга бўлган Акмал Норбоев, Ёрқин Зокиров ҳамда Учқун Садриддиновларни жалб қилади. Уларни В.Намнинг уйида кўп миқдорда пул борлигига қизиқтиради ва бир гуруҳга бирлашишади. Сўнгра жиноий гуруҳ аъзолари ўзаро вазифаларни келишиб оладилар.

Режага асосан, В.Боровская В.Нам билан учрашиш баҳонасида унинг уйига кириб, ўзи билан яшириб олиб келган пичоқ ёрдамида уни ўлдириши керак бўлади.

Агарда иш режалаштирилгандек амалга ошмаса, ташқарида кутиб турган шериклари А.Норбоев ва Ё.Зокировни хонадонга киритиб, биргаликда В.Намни ўлдириб, уйидан пул ва бошқа қимматбаҳо буюмларни олиб чиқиб кетишлари лозим бўлади. У.Садриддинов эса шериклари билан доимий алоқада бўлишни, хонадонга бирор-бир кимса яқинлашганда, бу ҳақда хабар беришни зиммасига олади.

Ҳибсга олинганлар - Sputnik Ўзбекистон
Марғилонда рейдерлик билан шуғулланган жиноий тўда устидан ҳукм ўқилди

Ташқи қиёфаси қўҳликкина бўлган Валерия Викторни аллақачон ўзига ром қилганди. Шунинг учун ҳам Виктор унинг учрашув белгилаш ҳақидаги илтимосини рад эта олмади. Қизнинг таклифига кўра учрашув В.Намнинг уйида белгиланди. Ўша куни В.Боровская шериклари билан бирга В.Намнинг уйи олдида йиғилишди. Келишилганидек, А.Норбоев ва Ё.Зокиров кўп қаватли уйнинг кириш йўлагида яшириниб, кутадиган бўлишди. У.Садриддинов эса ташқарида қолди. Виктор танишини ҳеч нарсадан гумонсирамай, очиқ чеҳра билан кутиб олди. Қиз суҳбат чоғида В.Намнинг эътиборини чалғитди ва сумкасидаги пичоқни олиб, унинг бўйнига санчди. В.Нам жонҳолатда Валериянинг қўлидан пичоқни тортиб олди ва очиқ турган деразадан бошини чиқариб, ёрдам сўраб, бақира бошлади. Пайтдан фойдаланган В.Боровская хонадон эшигини очиб, шериклари А.Норбоев ва Ё.Зокировни уйга киритди. А.Норбоев жабрланувчига ташланиб, уни ура бошлади. В.Боровская билан Ё.Зокиров эса пул ва қимматбаҳо буюмларни қидиришга тушди ва 400 АҚШ доллари ҳамда 80 минг сўм топишди. Жабрланувчининг бақириғидан чўчиган жиноий гуруҳ аъзолари режаларини охирига етказа олмай, воқеа жойидан яшириндилар. Қолаверса, кўчада қолган У.Садриддинов ИИБ ходимлари келаётгани ҳақида шерикларига хабар берди.

Жабрланувчи Виктор Намга ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли унинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида В.Боровская ва унинг жиноий шериклари орадан кўп вақт ўтмай, қўлга олинди.

Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида кўрилиб, ҳукм ўқилди. Унга кўра В.Боровскаяга 10 йил, А.Норбоевга 16 йил, Ё.Зокировга 11 йил ва У.Садриддиновга 10 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Янгиликлар лентаси
0