Тиббиёт соҳаси - танқиддан бир ой ўтиб

© AP Photo / Anvar IlyasovПрезидент Узбекистана Шавкат Мирзиёев
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 7-феврал куни 5-январдаги мажлисда белгиланган вазифалар ижроси, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва соҳанинг ривожланиш истиқболларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. Шавкат Мирзиёев 2017-йил 5-январ куни соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари билан учрашиб, ушбу тизимни такомиллаштириш, муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Халқ саломатлиги Президентнинг доимий эътиборида бўлишини алоҳида таъкидлаганди.

Ўтган давр мобайнида президент Ўзбекистоннинг ҳудудларига бўлган сафарлари чоғида қишлоқ врачлик пунктлари ва клиникаларда бўлиб, шифокор ва беморлар билан мулоқот қилди ва соҳада олиб борилаётган ишлар билан батафсил танишди.

Кеча, 7 феврал куни бўлиб ўтган мажлисда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, олий тиббиёт ўқув юртлари ректорлари, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари директорлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Сунъий жигар қон тозаловчи аппаратига уланган беъмор - Sputnik Ўзбекистон
Президент тиббиёт соҳасини яна бир бор танқид қилди

Давлат раҳбари соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги, раҳбарлар масъулияти ва шахсий жавобгарлиги хусусида атрофлича тўхталди.

Президент таъкидлаганидек, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, жойларда тиббиёт соҳасидаги вазиятни ўзгартириш ишлари талаб даражасида олиб борилмаяпти. Буни аҳолидан Халқ қабулхоналари ва Президентнинг Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган кўплаб ариза ва шикоятлар тасдиқлаб турибди.

Қишлоқ врачлик пунктлари

Бирламчи тиббиёт муассасалари, айниқса, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам тизимининг фаолияти ҳамон қониқарсиз аҳволда қолмоқда. Шифохоналар ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, жумладан, ижтимоий дорихоналар ташкил этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси талаб даражасида эмаслиги қайд этилди.

Тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича сезиларли ишлар кўзга ташланмаяпти. Соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини ривожлантириш ишларига етарлича эътибор берилмаяпти.

Тиббий хизмат инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омилларидан биридир. Тиббиёт ходимлари уйма-уй юриб, касалликларни профилактика қилиши, соҳадаги ўзгаришларни одамлар сезиши керак. Бунинг учун шифокорларнинг маданиятини, маънавиятини, масъулиятини ошириш, ишга ва беморларга муносабатини ўзгартириш зарур, деди Ўзбекистон президенти.

Тиббиёт факультети талабаси - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев: тиббиёт ОТМларида ўқув муддати қисқартирилиши керак

Қишлоқ врачлик пунктлари жойлашувини қайта кўриб чиқиш, самарасиз ишлаётган пунктларни оптималлаштириш, уларга сарфланаётган маблағларни талаб юқори бўлган ҚВПларни моддий-техник жиҳатдан мустаҳкамлаш, мақсадга мувофиқларини поликлиникаларга айлантириш, малакали шифокорларни рағбатлантиришга йўналтириш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ врачлик пунктлари туну кун ишлаши, врач у ерда яшаши учун зарур шароитлар яратиш масалаларига эътибор қаратилди.

Ўтган йилларда аҳолини тиббий хизмат билан қамраб олиш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Жойларда қишлоқ врачлик пунктлари бунёд этилди, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Лекин одамлар қуруқ бинога бормайди, мутахассисга боради. Шу боис қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникаларда энг яхши мутахассислар ишлаши керак. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, республика ва вилоят шифохоналаридаги малакали врачлар жадвал асосида қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда қабуллар ўтказиши лозим, деди Президентимиз. Шунда халқимиз тиббий хизматдан рози бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий тузилмалари фаолиятини янада такомиллаштириш, ихтисослаштирилган марказларнинг туман тиббиёт бирлашмалари, бу бирлашмаларнинг қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникалар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳақида сўз юритилди. Тиббий хизматнинг қайси турлари бепул амалга оширилиши ва қайсиларига пул тўланишини аниқ белгилаш, ҳар бир муассасада кўринарли жойга ёзиб қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Дори-дармон билан таъминлаш
Давлатимиз раҳбарининг 2016-йил 31-октябрда қабул қилинган «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ бу маҳсулотларнинг нархи анча арзонлашди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги департамент, тегишли вазирлик ва ҳокимликлар вакиллари иштирокида дори-дармон воситаларининг белгиланган нархларда сотилиши назорат қилиб борилмоқда.

Президентимиз дори-дармон воситалари ноқонуний равишда баланд нархда сотилишига йўл қўймаслик, халқ манфаатларини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги департаментда "Ишонч телефонлари" ташкил этиш бўйича кўрсатма берди. Бу телефон рақамлари ҳар бир дорихонага осиб қўйилади, телевидение орқали кўрсатилади.

Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев хориждаги ўзбек шифокорларини қайтаришни талаб қилди

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, соғлиқни сақлаш вазири А.Икромов, вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ҳожибоев, вазир ўринбосари Э.Боситхонова, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги департамент бошлиғи З.Дўсанов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Эрниязов, Тошкент шаҳри, Андижон, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм, Тошкент, Фарғона, Бухоро, Жиззах вилоятлари ҳамда Бекобод, Олтиариқ, Вобкент туманлари ҳокимларининг ахборотлари тингланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тиббий хизмат самарадорлигини янада ошириш, бу борада белгиланган устувор йўналиш ва вазифаларни бекаму-кўст бажариш бўйича мутасаддиларга алоҳида топшириқ ва кўрсатмалар берди. Танқидий таҳлил руҳида ўтган йиғилиш тиббиёт соҳасини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини замон талаблари даражасига кўтариш ишлари тизимли равишда олиб борилиши ва қатъий назоратда эканлигини кўрсатди.

Янгиликлар лентаси
0