Маданият

Морган Фриман "иштироки" туфайли ўзбек фильми премьераси тўхтатиб қўйилди

© uz24"Дайди" фильми рекламаси
Дайди фильми рекламаси - Sputnik Ўзбекистон
Бадиий фильмни жамоатчилик орасида тарғибот қилишда бир қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган

ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Ўзбекистонда Сирожбек Абдуллаев томонидан суратга олинган "Дайди" фильмини реклама қилишда бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари кузатилгани сабабли кинотеатрларда мазкур фильм тақдимотини ўтказиш ва кенг намойиш қилиш тўхтатиб турилади. Бу ҳақда "Ўзбеккино" Миллий агентлиги томонидан берилган расмий билдиришга таяниб, uz24.uz хабар қилмоқда.

Хабарда айтилишича, ижтимоий тармоқларда миллий кинематография соҳасида тарқатилаётган ахборотлар "Ўзбеккино" Миллий агентлиги томонидан мониторинг қилинганда "Тимур Фильм" МЧЖ томонидан суратга олинган "Дайди" номли бадиий фильмни жамоатчилик орасида тарғибот қилишда бир қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.

Жумладан, мазкур фильмнинг трейлери, баннерлари ва чипталари чиқарилиб, уларда Голливуд юлдузи Морган Фриманнинг 2014 йилда ишлаб чиқарилган "Сўнгги рицарлар" фильмида суратга тушган қиёфаси акс эттирилган. Аммо актёрнинг қиёфаси фильмнинг агентликка тақдим этилган нусхасида бўлмаган.

"Тимур Фильм" МЧЖ томошабинларнинг фильмга нисбатан талабини кучайтиришга эришиш мақсадида машҳур кино юлдузини фильмда суратга тушганлигини билдирувчи ёлғон (чалғитувчи) маълумотлар тарқатиб, истеъмолчиларнинг (томошабинлар) ҳуқуқларини поймол қилган.

Бу ҳолат фильмга нисбатан юқори қизиқишни уйғотиб, уни томоша қилишга бўлган талабнинг сунъий равишда ошишига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, "Тимур Фильм" МЧЖ студияси "Дайди" филмида бир қатор хорижий фильмлардаги кадрлардан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикасининг "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Қонуни 19-моддаси талабини ҳам бузган. Қонуннинг ушбу моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахслар муайян асардан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкинлиги белгиланган.

Шулардан келиб чиқиб, ушбу ҳолатлар бўйича Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига ҳамда Интеллектуал мулк агентлигига расмий тақдимнома киритилди.

Қайд этилган масалалар мазкур давлат идоралари томонидан кўриб чиқилгунига қадар "Дайди" фильмини кинотеатрларда тақдимотини ўтказиш ва кенг намойиш қилишни тўхтатиб туриш кўрсатмаси берилди.

Ушбу хабар ижтимоий тармоқларда ҳам муҳокамага сабаб бўлмоқда. Абдурашид Мамадолимов исмли фойдаланувчи бу ҳолатга ўз фикрини билдирар экан, фильм намойишининг тўхтатилиши жуда тўғри қарор бўлганлигини таъкидлаган.

"Янги бир ўзбек киноси намойишини тўхтатиб қўйишибди. Сабаби фильм реклама баннерида машхур бир Ҳолливуд актёрининг сурати бор экан. Лекин бу актёр фильмда рол ўйнамаган. Жуда тўғри қарор қилинибди. Фильм яратувчилари қандай уялмасдан бунақа кўзбўямачилик қилишган!?", деб ёзади у.

Унинг фикрича, ўзбек тв каналларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар мавжуд.

"МТВ Шоу" деган кўрсатув бор. Кўрсатувни кўнгилочар (енгил) деб қарасак, ёмон эмас. Лекин мен бу кўрсатувнинг камида иккита сонида юқоридаги каби ҳолатга дуч келдим. Масалан биттаси Мирзабек Холмедов меҳмон бўлган сони. Унда гўёки машҳур ғарб актёри Ҳолмедов тўғрисида гапиради. Тушунарлики, бу ерда ўша машҳур актёрнинг бутунлай бошқа гаплари ўзбекчада ўзгартириб дубляж-монтаж қилинган. Бу бориб турган кўзбўямачилик, муаллиф ҳуқуқининг бузилишидир. ТВ канал учун бундай ишни қилиш уят", деб фикрини якунлайди у.

Янгиликлар лентаси
0
Аввал янгилариАввал эскилари
loader
LIVE
Заголовок открываемого материала