Бухоро ҳокимияти айрим ОАВлар тарқатган хабарга раддия берди

Oбуна бўлиш
Бухоро ҳокимлиги матбуот-хизмати хабарига кўра, 2017 йилнинг 15 феврал куни айрим хорижий ОАВлар "Ҳукумат уй бузиш учун ёзни кутмади" дея номланган нотўғри хабарни тарқатган

ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Ушбу хабарда кўтарилган масала юзасидан Бухоро вилояти ҳокимияти ахборот хизмати аниқлик киритиш мақсадида хақиқий вазият билан боғлиқ қуйидаги ахборотни маълум қилишга қарор қилди.

"Шуни маълум қиламизки, 2017 йил январь ойи давомида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, туманлар ва шаҳарларни ободонлаштириш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган бир қатор қарорларни қабул қилди.

Бухоро вилоят амалдорлари янги ҳокимдан ҳайфсан олишди
Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Бухоро вилоятининг аҳолиси саломатлиги ҳамда турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида 20 январь 2017 йил қарор қабул қилган.

Шу қарорни бажариш доирасида Олот тумани ҳокимлиги томонидан туман ҳудудини ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шу аснода ҳокимлик томонидан ҳудуддаги кўп квартирали уй-жойлар атрофларида фуқаролар томонидан ноқонуний қурилишларни бартараф этиш, уй-жойларни шаҳарсозлик ва ёнғин хавфсизлиги нормаларига мослаштириш мақсадида ишчи гуруҳлари тузилиб, иш фаолиятини бошлаш бўйича кўрсатмалар берилган.

Ишчи гуруҳлари тумандаги "Бунёдкор", "Нонимас" маҳалла фуқаролар йиғинларида кўп квартирали уйлар атрофларида қурилган кадастрда расмийлаштирилмаган молхоналар, ҳожатхоналар, омборчалар ҳамда бошқа қўшимча қурилган биноларни бузиш ишларини олиб борган.

Ноқонуний қурилишларни бузишдан олдин фуқароларга уларнинг қўшимча қурилишлари шаҳарсозлик норма ва қоидаларига мос келмаганлиги учун бузилиши юзасидан огоҳлантириш хатлари берилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ишчи гуруҳининг фаолияти даврида фуқаролар яшаш уйларининг бирортаси бузилмаган. Фақатгина, кўп квартирали уйларга туташ қилиб ноқонуний қурилган қўшимча бинолар бартараф қилинган.

Ҳозирги вақтда об-ҳавонинг ноқулай келиши муносабати билан ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш ишлари вақтинча тўхтатилган", дейилган хабарда.

Янгиликлар лентаси
0