ТОШКЕНТ, 13 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22-23 март кунлари Қозоғистон пойтахтига ташриф буюради. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазири Кайрат Абдрахмановга таяниб Sputnik Қозоғистон хабар берди.
"Айрим Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг Қозоғистонга ташрифларидан сўнг Ўзбекистон президентининг 22-23 март кунлари Остонага ташриф буюриши мазкур минтақа мамлакатларининг трансмиллий кўринишдаги муаммоларга нисбатан бирдамлигини намойиш этади", — деди Абдрахманов.
У Марказий Осиё мамлакатлари олдидаги барча муаммолар умумий қарашлар, оқилона ёндашув ва анъанавий биродарлик муносабатлари орқали ҳал қилинишини эътироф этди.
Илгарироқ Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ўзбек-қозоқ ҳукуматлараро маслаҳатлашувидан сўнг Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга расмий сафар уюштириши маълум қилинганди.