Жамият

Иштихонда сув иншооти қурилади

© Sputnik / Константин Чалабов / Фотобанкка ўтишСув тўлдираётган эркак
Сув тўлдираётган эркак - Sputnik Ўзбекистон
Иштихоннинг туман марказидан 40 километр олисдаги Қайирма маҳалласида инвестиция дастурига асосан ўтган йили 200 миллион сўмлик маблағ эвазига сув иншооти қурилди

ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Бу қишлоқ аҳли учун оддий воқеа эмас. Гап шундаки, Облонобод каби қир-адирлар оралиғида жойлашган аҳоли масканларида ҳар бир хонадон ичимлик сувига эга бўлиш учун камида беш миллион сўм маблағ сарфлаб, чуқурлиги 45 метрлик қудуқ қаздириши керак, деб ёзади "Зарафшон" мухбири Анвар Мустафоқулов.

Агар хонадон эгасининг омади чопсагина, ана шунча чуқурликдан биринчи сув қатламига дуч келинади. Афсуcки, ҳеч қандай гидрогеологик хулосаларсиз бошланган бу иш баъзан муваффақиятсиз тугайди.

Кран - Sputnik Ўзбекистон
Жамият
Мўйноқда шу йил ёзигача сув ўтказгич қуриб битказилади
Айтиш лозимки, мазкур сув иншооти тумандаги ана шундай иншоотларнинг қирқ учинчиси бўлиб, энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Ундаги махсус ультрабинафша нурли ускуналар автоматик тарзда сувни бактериялардан тозалаб туради. Бу эса сувни зарарсизлантиришнинг саломатлик учун энг хавфсиз усули. Шундай қилиб, Иштихон тумани вилоят ва республикадаги камдан-кам туманлар қаторида сувни хлорли тозалаш усулидан бутунлай воз кечган. Бошқача айтганда, қишлоқ аҳли қулай ва хавфсиз ичимлик сувига эга бўлди.

– Қишлоғимизга сув иншооти қурилмасидан бир неча йил олдин ўзимиз беш миллион сўм пул сарфлаб, ҳовлимиздан қудуқ қаздирган эдик, – дейди облонободлик Содир Кўбаев. – Минг афсуcки, йилнинг энг иссиқ даврида сув сатҳи пасаядими, хуллас, қудуғимиздан сув чиқмай қолади. Бундан ташқари, қудуқдан сув олиш учун албатта мотор ва насос керак. Улар эса электр энергияси бўлмаган вақтда ишламайди. Биз учун ўрнатиб берилган сув иншооти жуда катта қулайлик келтирди. Ҳозир худди ҳар бир хонадонга сув тармоғи тортилган. Мабодо электр энергиясида узилиш бўлса ҳам иншоотдаги 25 тонналик сув захираси яна электр токи келгунига қадар етиб туради.

Туманда ичимлик суви муаммо бўлиб турган қишлоқлар ҳам бор. Қўрли қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Кулчара-қирғовул ва Тўла қишлоқларида бўлганимизда худди шундай ҳолатга гувоҳ бўлдик.

Дарё - Sputnik Ўзбекистон
Сиёсат
Ўзбекистон ва Қозоғистон сув масаласини муҳокама қилди
"Ичимлик сувини қўшни қишлоқлардан машина ва от-аравада ташиб келамиз, – дейди Тўла қишлоғида яшовчи Норбой Ибрагимов. – Бир неча йилдан буён сув иншооти қурилишини сўраб туман, вилоят, республика идораларига мурожаат қиламиз. 2014 йилдаёқ мурожаатимизга ижобий жавоб олган эдик. Аммо иншоот қурилишини ҳали-ҳамон кутяпмиз. Қишлоқда ёмғир, қор сувини тўплаб, ичимлик суви ўрнида ишлатаётганлар ҳам бор".

Кулчара-қирғовул қишлоғида ҳам аҳвол шундай бўлиб, 40 метр чуқурликдан қудуқ қазганлар ҳам электр энергияси таъминотидаги узилишлар туфайли ичимлик суви чиқаришга қийналмоқда. Жорий йил бошида Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасидан бир гуруҳ депутатлар туманга ташриф буюрганда "Сувоқова" давлат унитар корхонаси Иштихон филиали раҳбарига депутатлик сўрови юборилган. Ушбу сўровларда Зарбанд, Қўрли, Ҳақиқат, Миришкор каби қишлоқ фуқаролар йиғинларидаги аҳоли пунктларида ичимлик суви муаммоси тилга олинган.

Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда биргина Зарбанд қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 25 та қишлоқда 21 минг нафардан зиёд аҳоли бўлиб, фақат тўққиз қишлоқда сув иншоотлари мавжуд. Қолган аҳоли эса қудуқ сувидан истеъмол қилмоқда. Айрим қишлоқларда аҳоли ариқ сувини тиндириб, истеъмол учун ишлатмоқда.

Ўзбекистон темир йўллари ичимлик сувини ташишга мосланган махсус техника харид қилди - Sputnik Ўзбекистон
Жамият
Ўзбекистон сув ташиш учун Хитойдан махсус техника сотиб олди
"Аҳолининг эҳтиёжи ва мурожаатлари асосида ҳар йили манзилли дастурга ичимлик сув иншоотлари қуриш бўйича таклифлар киритамиз, – дейди вилоят "Сувоқова" давлат унитар корхонаси Иштихон туман филиали раҳбари Раҳматилла Шукуруллаев. – Хусусан, 2016 йилда бешта таклифимиз инобатга олиниб, Қўрли қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Қайирма, Барлос ҳамда Зарбанд қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Бўстон, Оқтош, Жонроҳат қишлоқларида ичимлик суви ишоотлари фойдаланишга топширилиб, бугунги кунда тўлиқ фаолият кўрсатмоқда. Бироқ бир йўла барча қишлоққа сув иншооти қуришнинг имкони бўлмагани боис ҳали кўплаб қишлоқлар аҳолиси сув иншооти қурилишини кутиб қолмоқда".

Афсуски, 2017 йил учун берилган таклифларимиз асосида қурилиши кутилаётган сув иншоотлари амалга ошмайдиган бўлди. Мисол учун, Қўрли қишлоқ фуқаролар йиғинида иккита, Зарбанд қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида битта сув иншооти қурилиши манзилли дастурга киритилган. Унинг қурилиши бўйича тендер эълон қилинди, лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳам тайёрланди. Аммо тендерга икки кун қолганида вилоят инжиниринг компанияси томонидан лойиҳа бекор қилингани ҳақида хабар келди. Бу ҳақда барча тегишли ташкилотларга, хусусан, туманимизга келиб, ичимлик сув бўйича аҳолидан кўплаб шикоятлар қабул қилиб олган Қонунчилик палатаси депутатларига ҳам мурожаат қилдик. Ҳозирча бирор янгилик бўлгани йўқ.

Остовы кораблей на месте высушенного Аральского моря. - Sputnik Ўзбекистон
Жамият
Оролбўйи халқаро миқёсдаги туризм масканига айланади
Ҳақиқатан ҳам, биз билан суҳбатда ичимлик суви муаммосидан шикоят қилган Қўрли қишлоқ фуқаролар йиғинидаги қишлоқларда аслида жорий йил бошидан сув иншооти қурилиши бошланиши лозим эди. Аммо биз қурилиш ишларига гувоҳ бўлмадик.
Туман марказида бўлганимизда ичимлик суви билан боғлиқ яна бир муаммога дуч келдикки, нафақат туман ёки вилоят, балки республиканинг кўплаб ҳудудларида ана шу муаммо аҳоли саломатлигига хавф солиши мумкин.

"Уч ойдан бери маҳалламиз ичимлик суви тармоғидан узилгани учун бир оёғим туман "Сувоқова" корхонасида, – дейди туман марказида яшовчи фуқаро Қаҳрамон Намозов. – Ҳудудимиз икки дарё оралиғида, Миёнқол ер ости денгизининг шундоққина устида жойлашгани сабабли ер ости суви жуда яқин. Шу боис барча осонгина тарзда қўлбола босма кранлардан фойдаланмоқда. Марказлашган ичимлик суви тармоғининг узиб ташлангани кишиларни ташвишга солгани йўқ. Гўёки битта пулли хизмат камдек. Аммо бор-йўғи етти-саккиз метр чуқурликдан олинаётган бу сув истеъмол учун хавфсиз ҳисобланмайди".

Ушбу ҳолат бўйича "Сувоқова" давлат унитар корхонаси Иштихон туман филиали раҳбари Р.Шукруллаевнинг маълум қилишича, туман марказидаги бир қатор маҳаллаларда бугунги кунда марказлашган ичимлик сувини тўхтатишга тўғри келмоқда. Сабаби, ўттиз йил олдин қурилган сув тармоқлари эскириб кетган бўлиб, қувурлар ёриғидан катта миқдордаги сув оқиб кетмоқда. Хусусан, туман марказидаги Fафур Fулом маҳалласи ҳудудидаги магистрал сув тармоғи 1968 йилда қурилган.

Сув иншооти - Sputnik Ўзбекистон
Жамият
Қашқадарё қишлоқ хўжалигининг "юраги"ни тиклашга 130 млн доллар сарфланади
Бутунлай яроқсиз ҳолатга келиб қолган ушбу қувурлардан чиқаётган сув кўча ва аҳоли хонадонларига зиён етказмоқда. Бундан ҳам ёмони, ана шу ёриқлардан кўчаларга (аксарият сув тармоқлари йўллар остидан ўтган) оқиб чиққан сув электр токи ўчиши билан босим йўқолиб, қувурларга қайтади. Бу эса истеъмол учун мутлақо яроқсиз бўлган сувнинг яна аҳоли хонадонларига етиб боришига сабаб бўлади. Айниқса, 7,5 километр узунликдаги тармоқ бутунлай яроқсиз ҳолатга келиб қолган бўлиб, ана шу ҳудудда сув тармоқлари янгилангандан кейингина аҳолига ичимлик суви етказиш мумкин.

Хуллас, Иштихонда ичимлик суви билан боғлиқ қатор муаммолар мавжуд. Асосийси, бу муаммолар тегишли ташкилотларнинг эътиборида. Демак, уларнинг бартараф этилишидан умид қилсак бўлади. Шуни ҳам айтиш керакки, ичимлик суви муаммоси мавжуд ҳудудларда 2017-2021 йилларда сув иншоотларини қуриш, тармоқларни янгилаш кўзда тутилган.

Янгиликлар лентаси
0
Аввал янгилариАввал эскилари
loader
LIVE
Заголовок открываемого материала