Андижонликларни асосан уй-жой ва тиббий хизмат масалалари қийнаши маълум бўлди

Oбуна бўлиш
Жойларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, вояга етмаган болаларга алимент тўлаш, аҳолини тўлдирилган баллонли газ билан таъминлаш борасида муаммо ва камчиликлар мавжуд

ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Ўзбекистон президентининг Андижон вилоятидаги сайёр қабулида аҳоли мурожаатлари кўриб чиқилиб, қатор муаммолар ўз ечимини топди. Бу ҳақда Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, сайёр қабулда иштирок этган Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси Турсинхон Худойберганов, Бош прокурор ўринбосари Улуғбек Суннатов, ички ишлар вазирининг ўринбосари Алишер Мирзаев ва бошқа мутасаддилар президентнинг виртуал қабулхонасига йўлланган мурожаатларнинг ижобий ҳал этилиши масаласига атрофлича ёндашдилар.

Ўзбекистон президентининг виртуал қабулхонаси - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси пулли бўлгани инкор этилди

Қўрғонтепа тумани ҳокимлиги биносида бўлиб ўтган қабулда Хонобод шаҳри, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Хўжаобод туманлари фуқароларининг аризалари кўриб чиқилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, мурожаатларнинг аксарият қисмини уй-жой масаласи, болаларни нафақа пули билан таъминлаш, ички йўлларни таъмирлаш, мактабгача таълим муассасаларини барпо этишдаги муаммолар қамраб олган.

Мурожаатлар туман ва шаҳар ҳокимлари, мутасадди идоралар раҳбарлари иштирокида ўрганиб чиқилди ва аксарияти ўз ўрнида ечимини топди.

Андижон шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган қабулда эса Андижон шаҳри, Олтинкўл, Избоскан ва Пахтаобод туманлари фуқаролари иштирок этдилар. Уларнинг мурожаатларидан хулоса қилган ҳолда айтиш мумкинки, жойларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, вояга етмаган болаларга алимент тўлаш, аҳолини тўлдирилган баллонли газ билан таъминлаш борасида муаммо ва камчиликлар мавжуд.

Сайёр қабулнинг иккинчи куни Бўз ва Асака туманларида ўз фаолиятини давом эттирди. Унда Асака, Андижон, Балиқчи, Бўз, Олтинкўл, Марҳамат, Шаҳрихон, Улуғнор туманлари фуқароларининг президент виртуал қабулхонасига йўлланган мурожаатлари ўрганилди.

Ҳужжатлар - Sputnik Ўзбекистон
Мурожаатлар билан ишлаш бўйича Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари тайинланди

Соғлиқни сақлаш, уй-жой, болалар нафақаси таъминоти, фуқаролик, бандлик масалалари ўрганиб чиқилди ва қатор масалалар шу жойнинг ўзида ечимини топди.

Балиқчилик Шаҳло Асқарованинг айтишича, у банкдан 18 миллион сўм кредит маблағи олиб, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган. Бироқ Сарвар Йўлдошев деган шахс бу маблағларни ўзлаштирмоқчи бўлиб, уни сарсон қилган. Аёлнинг мурожаатидан сўнг туман ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг аралашуви билан адолат қарор топди.

Булоқбошилик фуқаро Музаффар Сотволдиев машинасини устахонага таъмирлатиш учун олиб борганини, усталар бу автоуловни ҳеч қандай гувоҳномасиз ҳайдаб жиноят содир этишгани ва транспорт воситаси жиноят қуроли сифатида мусодара этилгани тўғрисида сўзлади. Туман ҳуқуқ-тартибот органлари масалани жиддий ўрганишга киришдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш бўйича қилинган мурожаатлар юзасидан ҳам амалий ҳаракатлар бормоқда.

Янгиликлар лентаси
0