Тошкентда Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси иш бошлади

© SputnikВыставка ярмарка продукции промышленных товаров Республики Узбекистан 2017
Выставка ярмарка продукции промышленных товаров Республики Узбекистан 2017 - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ярмарка доирасида III Тошкент халқаро инновацион форумини ўтказиш мўлжалланган. Унда қатор давлатлар, Жаҳон банки, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутахассислари ва экспертларининг иштироки кутилмоқда

TOШКЕНТ, 12 май — Sputnik. Тошкентда иш бошлаган Х Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида анъанавий беш йўналиш – саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, ахборот технологиялари ва фан-таълим соҳалари учун 500 дан ортиқ инновацион ғоя, технология ва лойиҳа намойиш этилмоқда, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Фарғона политехника институти илмий жамоаси таклиф этаётган лойиҳаларда муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланишга кенг ўрин ажратилган. Олий ўқув юрти мутахассислари Наманган вилояти ҳудудидаги тоғ жинсларига ишлов бериб, техник кремний маҳсулоти олди. Ярим тайёр бу маҳсулотга ишлов беришни давом эттириб, қуёш батареялари яратишда фойдаланиш мумкин.

Светофорларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлайдиган қурилма кашф қилинди

Светофорларни энергия билан таъминлаш ва бошқариш қурилмаси икки ойдан буён Фарғона шаҳрида синовдан ўтказилмоқда. Натижада электр энергияси анча тежалгани кузатилди. Истиқболда шаҳарда бу ихтиродан кенгроқ фойдаланиш таклиф этилмоқда.

Фарғона политехника институти ўқитувчиси Умиджон Рустамовнинг айтишича,  Фарғона шаҳридаги Марғилонсойда кичик ГЭСнинг уч киловаттли лойиҳаси синовдан ўтказилди.  Уни янада такомиллаштириш мақсадида "Фарғонаазот" акциядорлик жамияти, Марғилон трактор таъмирлаш заводи билан ҳамкорликда иккита эллик киловаттли ГЭС қурилди. Ҳозир азот ишлаб чиқариш билан бирга бу энергиядан шаҳардаги боғлар ҳудудини ёритишда фойдаланилмоқда.

X Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида ёш олимлар, тадқиқотчилар, талабаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Улар ўз илмий ва амалий ишланмаларини намойиш этиши учун кенг имкониятлар яратилган. Ярмаркада ёш олим ва талабалар яратган 100 дан ортиқ ишланма намойиш этилмоқда.

– Муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш борасидаги изланишларимиз туфайли иссиқлик сақловчи пенобетон яратилди, – дейди Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг тўртинчи курс талабаси Баҳодир Солиев. – У оддий қурилиш бетонига нисбатан етти баробар енгил бўлиб, уйларнинг ташқи, ажратувчи деворларига, полга қўлласа бўлади. Ичи ғовак бўлгани ҳисобига шовқин, иссиқ ва совуқ ҳавони ўтказмайди. Ҳозир Самарқанд вилоятидаги "Алина Инвест" қўшма корхонасида пенобетонлар кенг миқёсда ишлаб чиқарилмоқда.

Ўзбекистон байроғи - Sputnik Ўзбекистон
Made in Uzbekistan - чет эл маҳсулоти билан беллаша оладиган технологиялар тақдим қилинди

Ярмарка доирасида III Тошкент халқаро инновацион форумини ўтказиш мўлжалланган. Унда Германия, Болгария, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Россия каби давлатлар, Жаҳон банки, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутахассислари ва экспертларининг иштироки кутилмоқда.

Форумнинг асосий мақсади дунёда инновация тизимларининг ривожланиш тенденциялари, инновация фаолиятининг ривожланиш ҳолати, муаммолари ва истиқболларини таҳлил қилиш, миллий инновация тизимини шакллантиришда турли омилларнинг ўрнини аниқлаш ҳамда Ўзбекистонни инновацион фаоллиги юқори бўлган ҳудудга айлантиришга кўмаклашишдан иборат.

Ҳозирга қадар ўтказилган ярмаркалар доирасида 4 минг 200 га яқин инновацион ғоя ва технология намойиш этилиб, умумий ҳажми 144 миллиард 100 миллион сўм бўлган 4 мингдан ортиқ шартнома имзоланган. Натижада қарийб 2 триллион 200 миллиард сўмга яқин 62 номдаги янги серияли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда, 59 шартнома доирасида маҳсулотларнинг тажриба-синов ва саноат намуналари юзага келди. Шу билан бирга, юзлаб корхона, фермер хўжалиги ва тадбиркорлик субъектларига илмий ва амалий хизматлар кўрсатилмокда.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Янгиликлар лентаси
0